Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Нақшбандий ҳазратларини зиёрат қилиш жиноятми?


Ўзбекистонда рухсат этилган, бошқача айтганда, суфийликнинг тақиқланмаган нақшбандия тариқатининг фарғоналик вакилларидан 5 нафари Бухоро милицияси томонидан уч кунга ҳибс қилинди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаолларининг бу ҳақда хабар қилишича, етти диндор Баҳовуддин Нақшбандий мақбарасига зиёратга борган ва милиция уларни диний либоси учун тўхтатган. Беш нафарини 3 кунга ҳибс қилган ва ҳибс вақтида соқолларини қириб ташлаган.

Бухорога зиёратга борган фарғоналик зиёратчиларнинг бири “Озодлик” билан суҳбатда маҳаллий милиция ходимлари, асосан, диндорларнинг кийимига эътироз билдирганини маълум қилди.

“Бизни эгнимизда чопон, бошда салла, оёқда махси ва соқол учун ҳибс қилишди. Жамоат жойида бундай юриш тақиқланган эмиш. Фақат имомлар ва дин арбоблари учун мумкин эмиш. Бухорога бунақа кийимда келманглар, бизни сайёҳлар олдида уялтириб, дейишди. Жуда таажжубландик ва эътирозларимизни айтдик. Аммо 5 киши уч кунга ҳибс қилинди ва соқоллари қириб ташланди”, - дейди диндор.

Унинг айтишича, вилоят телевидениесида чиқиш қилган расмий дин пешвоси Фарғона вилоятидаги нақшбандия тариқати етакчисини танқид қилган. Шундан сўнг вилоятида тариқат вакилларига нисбатан зимдан назорат бошланган. Бухоро милициясида уч кун ўтириб қайтган зиёратчи уйига келгач яна ҳибсга олинган. Бунинг сабаби эса аввалгисидан ҳам асоссиз.

“У зиёратдан келгандан сўнг таниш-билишларини чақириб ош берган эди. Уйингда одам тўпладинг, деб у ва унинг бир домласини 10 суткага қамашди. Нима эмишки, сафимиз кенгайиб кетаётганмиш. Булар пешвоси “Аллоҳу акбар”, деса ортидан ҳаммаси эргашиб кетади, деб қўрқади доим. Шуни деб зиёратга чопон-салла кийиш ҳам йўқми энди?!” - дейди диндор.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ҳозирги кунда айни воқеани ўрганаётганини айтар экан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кейинги вақтларда мамлакатда расман рухсат этилган тариқатларга нисбатан ҳам зимдан таъқиб бошлагани кузатилаётганини айтади.

“Кейинги вақтда водийдаги ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатда тақиқланмаган, бир вақтлар телевидение орқали тарғиб қилинган, мақтаб гапирилган тариқатлар вакилларига нисбатан ҳам таъқиб бошлади. Уларни сабабсиз тутиб кетиб, энг камида уч суткага қамаш кучайди”, - деди А.Эргашев.

Ўз вақтида Ўзбекистон ҳукумати Бухоро вилоятидаги Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳини таъмирлаш ва қайта тиклаш учун жуда катта маблағ ажратган эди. Мамлакат президентининг ўзи таъмир жараёнини кузатган, зиёратгоҳ ва нақшбандийлик тариқати ҳақида бир неча бор чиқиш ҳам қилганди.

Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингандан кейинги йиллар давомида ҳукумат аввалига мамлакатда ислом динига алоҳида эътибор қилган ва ислом давлатлари билан борди-келдини кучайтиришга уринган эди. Кейинчалик бу муносабат буткул тескари тус олди.

Ҳозир Ғарб мамлакатларидан бирида яшаётган диний уламо Обид қори Назаров бунинг сабаблари ҳақида гапирар экан: “Ўзбекистон ҳукуматининг табиати ўзи шунақа. Тарихга қаранг, аввалига дунёвий мухолифатни мамлакатдан сиқиб чиқарди. Кейин диндорларга ўтди ва уларни ҳам гуруҳлар, мисол учун, ваҳҳобийлик ва ҳоказо гуруҳларга бўлиб олди. Кейин галма-галдан уларни, кейин эса ҳанафий мазҳаби вакилларини қамади, қийноққа солди. Мана энди навбат ҳукуматнинг ўзи алқаган нақшбандийлик тариқати вакилларига келган кўринади. Бу ҳукумат аслан исломга қарши ва исломни хуш кўрмаган ҳукумат. Уни қанчалик мақтамасин, динга алоқаси бор исталган гуруҳ бир марта ҳукуматга ёқмаган ҳаракат қилса, бу ҳукумат дарҳол уни тугатишга тушади”, - деди.
XS
SM
MD
LG