Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Россия "Иваново ўзбеклари"ни қанотига олди


"Иваново ўзбеклари"нинг бир неча йиллик достони¸ оқибатда яхшилик билан якун топди.
"Иваново ўзбеклари"нинг бир неча йиллик достони¸ оқибатда яхшилик билан якун топди.

Тошкент расмийлари тарафидан терроризмда айбланиб¸ Россияда ҳибс қилинган¸ кейинроқ Европа маҳкамасида оқланган ўзбекистонликларга Россия ҳукуматининг ўзи сиëсий қочқин мақомини берди.

1951 йилги БМТ конвенциясига асосланган бу ҳужжат собиқ маҳбусларга яшаш¸ ишлаш ва Ўзбекистондан бошқа барча давлатларга сафар қилиш ҳуқуқини беради.

Россия ҳукуматининг Ўзбекистон фуқаросига қочқинлик мақомини бергани шу пайтгача эшитилмаган ҳодиса.

Қочқинлик ҳужжати олганлардан бири Шукрулло Собиров “Ивановo ўзбеклари” деб номланиб¸ тўрт йилга чўзилган жараëнга нуқта қўйилганидан хурсанд.

Шукрулло Собиров: Бизга ўзи қочқинлик мақомини беришган эди¸ аммо қўлимизда қочқин эканлигимиз тўғрисидаги гувоҳнома йўқ эди. Ана шу гувоҳномани биз бугун қўлимизга олдик.

Биз Россия ҳукуматининг бизга ва ҳақиқатга нисбатан адолатли муносабатининг гувоҳи бўлдик. Биз бугун Россия ҳукуматининг қочоқлик тўғрисидаги гувоҳномасини қўлимизга олдик.

Шу пайтгача биз бу гувоҳномани олмаган эдик. Қўлга расмий ҳужжат тегмагунча¸ расмий ҳисобланмас экансизда.

Озодлик: Бу ҳужжат сизларга қандай ҳуқуқлар беради?

Шукрулло Собиров: Бу гувоҳнома сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан ташқари Россия фуқаролари эга бўлган барча ҳуқуқларни беради. Энг асосийси¸ устимизга ағдарилган жирканч айбларнинг нотўғри эканлигини бошқа Европа давлатларига ўхшаб¸ Россиядай катта давлат ҳам тан олди.

Худо хоҳласа¸ эсингизда бўлса¸ олдинги суҳбатимда айтганимдай¸ “Ҳақиқат эгилса-да¸ букилса-да синмаслигининг” мана яна бир бор очиқ гувоҳи бўлиб турибмиз.

Озодлик: Ҳозир орқага қараб¸ кимлар сизга ëрдам берганини эслай оласизми? Кимлар¸ қайси ташкилотлар ëрдам берди?

Шукрулло Собиров: Қамоқхонадан илк чиққан пайтимизда¸ Россиянинг нуфузли давлат арбоблари биз билан суҳбат ўтказишди. Бундан ташқари “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг аъзолари¸ масалан Светлана Мартинова¸ ўзимизнинг адвокатимиз Ирина Евгеневналар кутиб олишиб¸ шулар асосан яқиндан ëрдам беришди.

Шу билан бирга БМТ қошидаги қочқинлар ишлари бўйича комиссарлик билан ишловчи дўстларимиз ҳам бизга яқиндан ëрдам беришди.

Озодлик: Бу ëғига нима қиласизлар?

Шукрулло Собиров: Бугун-эрта регистрация масалаларини ҳал қилсак¸ то бир қарорга келгунимизча кўрамиз.

Озодлик: Сизларга билдирилган асосий айбнома нимадан иборат эди?

Шукрулло Собиров: Ўзбекистон томон қўйган айбловларми?

Озодлик: Ҳа.

- Ўзбекистон томонининг бизга қўйган айбловлари ккита-учта эмас¸ еттита. Ҳатто 12 тагача айблов қўйишди. Россия ҳукуматининг ҳуқуқ органлари бизни бошда қўлга олганда¸ бир ҳафта¸ 10 куннинг ичида бериб юбормоқчи бўлишган эди.

Кейин “Бир одамга шунча айблов кўп эмасми? Бу жиноятларни қилишга қанақа қилиб улгургансизлар?” деб кулишиб¸ бизга шундай саволлар беришди. Биз у пайтда қамоқхонада ўтирган эдик.

Россия ҳукуматини бизга шунча айбловларнинг қўйилганлиги қизиқтириб қолдида. Ваҳоланки¸ биз 13 май Андижон воқеалари содир бўлганда¸ Ивановада бўлганмиз. Шундан кейин "бир ҳафта-10 кун ичида бериб юборамиз" деб турганлар¸ ўйланиб қолишди.

Ўша пайтда айбловларнинг кўплиги бизга фойда бериб қолди. Биз қамоқдан чиққанимизда¸ Россия ҳукумати¸ турли хил ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг мутасаддилари қочқинлик мақоми берилиши ҳақида ваъда қилишган эди. Мана шу ваъда бугун Россия ҳукумати томонидан амалга оширилди.

Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз. Бизни ҳимоя қилган ташкилотларнинг ҳаммасига катта миннатдорчилик билдирамиз. Эртага мана¸ Ғалаба байрами. Бунинг устига бизга бугун яна бунақа хурсандчилик¸ деди ўз хурсандчиликларини ўртоқлашган Шукрулло Собиров.

Эслатиб ўтамиз¸ оммавий ахборот воситаларида “Иваново ўзбеклари” дея от чиқарган Шукрулло Собиров ва унинг 12 ҳамроҳи 2005 йил июн ойида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг октябр ойида Европа Иттифоқи маҳкамаси талабига кўра¸ тутқунликдан озод қилинган эди.
XS
SM
MD
LG