Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

"Иваново ўзбеклари" Россияни тарк этиши мумкин


Россия Олий Судининг чоршанба куни эълон қилинган қарорига кўра, 13 нафар “Иваново ўзбеклари”ни Андижон воқеаларида иштирок этганлик айблови билан боғлиқ депортация қилиш ишига якун ясалди.

Россия Олий Суд президиуми суд раиси Вячеслав Лебедевнинг Страсбург суди қарори асосида Президиумга берган тақдимномаси қаноатлантирилди.

Лекин бу ҳол “улар тўлиқ хавфсизликда” дегани эмас, дейди Озодлик билан суҳбатда “Иваново ўзбекларининг” адвокати Ирина Соколова:

- Тўғри, суд маҳкамасига нуқта қўйилди, лекин улар учинчи мамлакатга чиқиб кетгандагина катта нуқта қўйилди, десак бўлади. Гап шундаки, Россия ҳукумати “Иваново ўзбеклари”га сиёсий қочқинлик мақомини берган, лекин уларни чиқариб юбориш масаласи яна қоғозбозлик тизимига тақалиб қолмоқда, дейди “Иваново ўзбеклари”нинг адвокати Ирина Соколова.

Иваново шаҳрида истиқомат қилаётган ва учинчи мамлакатга чиқиб кетишга тайёрланаётган “ивановолик ўзбеклар”дан бири Искандар Усмонов вужудга келган вазият борасида шундай деди:

- Мана уч йилдан ошиқроқ вақт ўтган. 2009 йил апрел ойида Европа судининг қарори умумий кучга киргандан кейин бизни экстрадиция қилиш тўхтатилди. Лекин шундан бери Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги келишув баҳонасида ҳалигача Россия территориясидан чиқиб кета олмаëтган эдик. Бизга муқим бир бошпана берилмаëтган эди. 2010 йил май ойида шахсан Россия президенти Медведев жаноблари бу ишимизга аралашгандан кейин Иваново ўзбекларини чиқариб юбориш ҳақида фармойиш берган. Мана шундан кейин бизнинг ишимиз тезлашиб кетди. Ҳозир келишув бўлишига қарамай бизга чиқиб кетишимизга рухсат беришди. Ҳамма ҳужжатлар ҳозирги кунда тайëр. Россия томонидан чиқиб кетиш визаси берилиши керак. Ҳозир шуни кутаяпмиз.

Озодлик: Қаерга чиқиб кетасизлар?

- Ҳаммамиз Швецияга чиқиб кетамиз. Швеция розилигини берди. Кимлар қайси шаҳарга тушишлари ҳам маълум бўлган. Улар 15 августдан бошлаб бизни қабул қилишга тайëрлигини билдиришган.

Озодлик: Сизлар нечта кишисизлар?

- Ҳозир 12 киши қолдик. 12 та Ўзбекистон фуқароси¸ битта Россия фуқароси Ҳотам Ҳожиматов. Ҳотам Ҳожиматов Россия фуқароси бўлгани учун 2005 йил сентябр ойида озод қилинган. Ҳозир бошпана излаб юрган қочоқлар Ўрта Осиëдан роса кўп. Қийин аҳволга тушиб қолган инсонлар жуда кўп. Биз ана шу инсонларга ëрдам бериш вазифасини олганмиз.

Озодлик: Қандай ëрдам бериш?

- Моддий¸ ҳуқуқий томондан қўлимиздан келганча шунақа ëрдам бериш. Бизнинг ишимиз орқали бошқа ўзбекистонликларга енгилроқ бўлса¸ биз анча хурсанд бўлардик, дейди Искандар Усмонов.

Amnesty International дунёдаги инсон ҳуқуқлари масаласига доир чоп этадиган ҳар йиллик рўйхатида Россияни Туркманистон, Белоруссия ва Ўзбекистон каби авторитар тузумга эга мамлакатлар қаторига қўшган. Шунга қарамасдан, “Ивановолик ўзбеклар” ишини бошидан буён кузатиб келаётган Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина бу каби қарор биринчи маротаба қабул қилинаётганини таъкидлайди:

- Бу албатта расмиятчилик, лекин бу қарорнинг келажакда содир бўлиши мумкин бўлган бу каби ишларга таъсири беқиёс. Страсбургнинг “Иваново ўзбеклари”га доир қарори кучга кирганига 1,5 йил тўлди. Агарда адвокат Соколова ва Мартиновалар Лебедев жанобларига огоҳлантирувчи хат юбормаганида иш яна номаълум муддатга чўзилиши турган гап эди, дея Россия суд тизимининг қониқарсиз ишига нисбатан ўз норозилигини билдиради Елена Рябинина.

Инсон ҳуқуқлари институти ходимаси Елена Рябининанинг айтишича, бугунги кунда Страсбургнинг ўзбекистонлик қочқинлар Россиядан ўз юртига экстрадиция қилиниши тўхтатишга уринаётганига қарамай, Россия судлари айрим ҳолларда бу саъй-ҳаракатларни эътиборсиз қолдирмоқда. 7 июл куни Санкт-Петербургдан Ўзбекистонга имом Ўринбой Эргашевнинг ва Нижний Новгороддан Азамат Эрмаков бадарға қилиш қарорлари шулар жумласидандир. Баъзи маълумотларга кўра, Эргашев ҳозирда озодликда, Эрмаков эса ўтган йилнинг ноябр ойидан буён ҳибсхонада сақланаяпти.

8 июл куни Страсбург суди Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган ва экстрадиция қилинишини Россияда кутаётган Мурод Йўлдошев ва Абдуллажон Исоқовларнинг шикоят аризаси бўйича ижобий қарор чиқарди.

Елена Рябинина Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг бир қарашда мантиқсиз туюладиган ҳаракатлари сабабларини шундай тушунтирди:

- Мен бундай тушунарсиз ҳатти-ҳаракатларнинг сабабларини жуда яхши ўрганиб чиқдим.
Бу касалликнинг излари Шанҳай ҳамкорлиги деб номланувчи тузилмага бориб тақалмоқда. Бу дунёдаги ягона авторитар давлатлар “клуби” бўлиб, унинг қаторига бирорта демократик давлат қўшилмаган. Бу тузилманинг онкологик касаллиги шундан иборатки, ШҲТ қабул қилган бир қатор ҳужжатлар, менимча, халқаро ҳуқуқ меъёрларини қўпол равишда бузади. Оддий мисол: Шанхай ташкилоти доирасида экстремизм, терроризмда айбланаётган шахсларга қочқинлик мақомини бермаслик шартномаси мавжуд. Яъни Ўзбекистонда сизни ҳукумат намоз ўқиганингиз учун “экстремист” деб эълон қилса, шунинг ўзи сизни қамоққа олиниб, бадарға қилиш учун кифоядир. Афсуски, сўнгги пайтларда Россияда ШҲТ шартномалари бир қатор федерал қонунлардан ҳам устунроқ қўйилмоқда, деди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Эслатиб ўтамиз, Иваново шаҳридаги “Ростекс” фирмасида ишлаётган 12 ўзбекистонлик ва бир қирғизистонлик 2005 йилнинг 18 июнида Россия милицияси томонидан қамоққа олинган эди.

Ўзбекистон ҳукумати бу шахсларни Андижон воқеаларига алоқадорликда айблаб, Россиядан экстрадиция қилишни сўраган.

2008 йилнинг апрел ойида эса Европа инсон ҳуқуқлари суди “Иваново ўзбеклари”га нисбатан оқлов ҳукм чиқарган эди.
XS
SM
MD
LG