Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Абдулазиз Карим Ўзбекистондан чиқиб кетди


Айни пайтда Қозоғистонда юрган хонанда ўзига нисбатан босимлар Салим Абдувалиевга бағишлаб қўшиқ айтганидан сўнг бошланганини айтади.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим кўпчилик жиноят оламига алоқадор деб биладиган Салим Абдувалиев ҳақида қўшиқ айтгани учун қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилгани, ўзи Қозоғистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, “Ўзбекнаво”, Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтиб, уларни порахўрликда айблади.

Аммо хонанда Ўзбекистон ҳукуматидаги айнан қайси расмийларни айблаётганини айтмади.

- Салим Абдувалиевга бағишлаб қўшиқ айтган эдим-да мен. Қўшиқ 2005 йилда ëзилган бўлса, ўғлининг тўйида ижро этганман шу қўшиқни. Русчасини ҳам илтимос қилишган. Кейин русчасини ëзганман. Ўзбекчасининг сўзини Бобур Бобомурод ëзган. Профессионал шоир ëзган-да. Қўшиқ яхши чиққан ҳақиқатан. Биринчидан, ëмон томони йўқ қўшиқнинг. Иккинчидан, Салим Абдувалиев наинки республикага, балки жуда кўп етим-есирларга ëрдам берадиган одам. Буни кўпчилик билади. Ўшандан кейин давлат тадбирларидан олиб ташлашди мени. Мустақиллик, Наврўзларга чиқа олмадим. Клипларимни қўйишмади.

Озодлик: “Ўзбекнаво”дагилар сизга Салим Абдувалиев ҳақида қўшиқ айтганингиз учун шундай тақиқ бўлганини очиқ айтишдими?

- Ҳа. “Ўзбекнаво”дагилар ҳам, лицензия берадиганлар ҳам, Маданият вазирлигидан ҳам. Пантерра студиясининг рекламний директори бор - Муҳаммаджон Розимуҳаммедов. Ўшалар ҳам “Нима қиласан Салимга ашула айтиб? Жиннимисан сен? Мафиозникмисан”, дейди. “Ҳўв, барака топгур, ўзимдан ўзим айтганим йўқ у ашулани. Улар заказ қилишган буни. Тўйларига чиройли қилиб айтиб бер. Сенинг овозингни ëқтиради у одам дейишган”, дедим. Мен уни реклама қилмадим, клип қилиб айлантирмадим. Ўша инсон учун просто совға бу. Любой жойда шунақа қилади. Мана Россияда Черкизовский бозор бошлиғи Телман Исмоиловга Иван Ургантлару Маликовларгача қўшиқ айтишган. Нимага уларни запрет қилмайди? Нимага уларнинг лицензиясини олиб қўймайди?

Олти йилдан бери мени хор қилишди. Юбилейга қўшиқ тайëрладим Муҳаммад Юсуф сўзи билан. Қўшиқни олиб боришдан олдин “Ягонасан, муқаддас ватан” деган кўрик-танловда қатнашдим. Районда, шаҳарда биринчи ўринни олиб республика миқëсига чиқдим. Финал куни саҳнадан олиб ташлашди мени. Чунки у концертни президент ҳам кўради, жуда кўпчилик кўради, жонли олиб кўрсатилади.

“Нимага мени олиб ташладинглар?” десам, “Билмайман, йўқсиз концертда”, дейишди. “Мен районда қатнашганман, шаҳарда қатнашганман. Республикада чиқишим керак. Нимага мени олиб ташлайсизлар?” десам, “Билмаймиз”, деди. Кейин биттаси келди-да, “Озодбек Назарбеков биринчи ўринни олиши керак. Гулсанам Мамазоитова иккинчи ўринни олиши керак. Шунинг учун, укам, дамингни ол” деб, мана шунақа гапириб қўйди. "Майли, хўп, гап йўқ", дедим.

Озодлик: Салим Абдувалиев ўртага тушмадими сизни ҳимоя қилиб?

- Мен ҳеч қачон у одамнинг олдига бориб, “Менга ëрдам беринг, илтимос, ака”, дея олмайман. Унинг ҳам ўзининг муаммолари роса кўп ҳозир. Банкларини ëпишган, бизнесининг у ëқ-бу ëқ муаммолари бор. У етмагандай, ҳозир мен бориб ўзимнинг ўлигимни ташлай олмаймамн. Бир неча марта кирмоқчи бўлдим, ҳаракат қилдим. Олдидаги одамлар “кайфияти йўқ” дегандан кейин, мен кирмадим.

Озодлик: Абдулазиз ака, нимага бу ҳақда ҳозир гапираяпсиз? Ўша пайтда нимага гапирмагансиз?

- Ўша пайтда, биринчидан, мен Тошкентда яшаганман. Иккинчидан, ўша пайтда инсоннинг қалбида қанақадир умид бўлади "Эртага яхши бўлиб қолар, индинга ўхшаб қолар" деб. “Қилавер, ëрдам берамиз” деб, бир хил одамлар умидвор қилиб қўйгани учун “яхши бўлиб қолар” деб юрганман ўша пайтда, - дейди Абдулазиз Карим.

Қуйида Абдулазиз Каримнинг Салим Абдувалиевга бағишлаб айтган қўшиғини тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG