14 сентябр куни Москвада бошпана изловчи мақомида юрган бухоролик Абдусами Раҳмонов Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш изоляторидан озод этилди.
Ўзбекистон талабига биноан “ҳужрачиликда” айбланиб экстрадиция хавфи остида Москва турмаларидан бирида 7 ою 10 кун ушлаб турилган Абдусами Раҳмонов ўтган йил сентябр ойида Озодликнинг Москвадаги мухбирлик бюросига мурожаат қилиб¸ Бухорода истиқомат қилувчи ногирон укаси Ҳумоюн ва жияни Иқболжоннинг расмийлар “Ҳужра”деб атаётган диний ташкилот тузганлик айби билан ҳибсга олингани хабарини еткизган эди.
Яқинлари таъқиб қилинаётгани боис Ўзбекистонга боришдан қўрқаётганини гапирган Абдусами ўшанда ўз яқинларига қандай ёрдам бериш тўғрисида маслаҳат ҳам сўраган эди.
Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдамида Россияда бошпана изловчи шахс мақомини олган Абдусамининг ўзи 2011 йилнинг 3 февралида маҳаллий Миграция хизмати бўлимларидан бирида қўлга олинди.
Ҳибсхонада бухоролик бу йигитга ўз ватанида Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 159-моддаси 3-банди - Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва 244.1- моддасининг 3-банди - Жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш айби қўйилгани ва Тошкент томонидан 2010 йилнинг октябрида халқаро қидирувга берилгани билдирилган.
Ҳуқуқ фаоллари саъй-ҳаракати билан Россия ҳибсхонасидан 14 сентябр куни озодликка чиққан Абдусами Раҳмонов¸ тутқунликдаги ярим йилдан кўпроқ ҳаëти ҳақида Озодлик мухбири билан суҳбатлашди.
Озодлик: Охирги учрашувимиз ҳибсга олинишингиздан бир кун олдин бўлган эди. Ўша учрашувимиздан кейин нималар бўлганини гапириб берсангиз...
- Шу кундан 3 августгача изоляторда эдим, 3 августдан 14 сентябргача Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида бўлдим. Медведководаги изолятор энг яхши изоляторлардан бири, дейишди. Ростан ҳам қулайликлари, ремонтлари жиҳатидан тузук изолятор экан. Мен турган жой махсус экстрадиция этажи. Унда хориждан талаб қилинаётган шахслар ушлаб турилади. Биз жиноий ишлар билан тушган одамлардан алоҳида сақланар эдик. Ўғирлик, сиёсий ва иқтисодий сўровлар билан ушлаб турилган одамларнинг кўпчилиги Ўзбекистондан, Тожикистондан, Беларус ва Молдовадан, яъни асосан диктаторлик ва авторитар тузумлардан бўлган одамлар анча-мунча. Уларнинг илтимоси ҳам бир - ўз юртига юбормаслик.
Ман турган камера 4 кишилик эди. Кўпчилик ўзбеклар ҳам бўлиб қолдик. Улар кўпроқ жиноий, иқтисодий ишлар бўйича талаб қилинаётган шахслар эди. Сиёсий ва диний талаблар билан ушлаб турилганлар 5-6 тача эди. Ташқарига чиқишнинг имконияти йўқ. Ҳатто сайр қилишга тепаси решетка камерага олиб киришади. Деразадан кўриб турган катакларингиз, кичкина хона, тўртта жой, дейди Абдусами Раҳмонов.
Ярим йилдан ортиқроқ вақт давомида ҳам изолятор, ҳам спецприёмник нималигини ўз кўзи билан кўриб чиққан Абдусами Раҳмонов улар ўртасида фарқни тушунтиради.
- Хорижий фуқаролар учун махсус приёмникнинг фарқи у ердаги одамларда. Соддароқ, жиноят қилмаган деса ҳам бўлади, ишчан, софдил мардикорлар... Улар билан ўтириб гаплашишнинг ўзи изолятордан кейин енгиллик эди мен учун. Шароитлари ҳам изоляторга кўра анча мунча енгилроқ. Кўчага чиқаради, сайр қилдиради, муомала масаласида, ўзини сал эркинроқ ҳис қилади одам. Деразалари кўп. Тўғри, мушкулотлари ҳам етарли... Ётоқ жойлари, ремонтлари ниҳоятда аянчли аҳволда. Катта стол атрофида кроватлар, қулайликларнинг барчаси хонанинг бир бурчагида. Инсонга озор берадиган томони – ҳожатхонанинг хона ичида бўлиши. Инсон шаънига, айниқса мусулмонлар учун қаттиқроқ таъсир қилади бу, дейди Абдусами Раҳмонов.
Суҳбатдош қамоқхонадаги ҳамма ўзбекнинг тушига ош кириб чиқишини айтар экан, Москва ҳибсхонадан депортация қилинаётган шахсларнинг аксари алданиб тушган меҳнат муҳожирлари эканини қайд этади.
- Ошни соғинганим рост. Энди ўзбек ошсиз қийналиши шубҳасиз. Ош тушларимга кириб чиқарди. Ишчидан бошлаб ҳар хил касб эгалари тушар экан. Кўпроқ қурилишда ишлайдиганлар. Кўпчилиги регистрациянинг қонуний бўлмагани билан тушиб алданиб қолиши сабаб. “Қонуний, қонуний”, деб ҳатто милициячиларга уқтиришга ҳаракат қиларди. Айбсиз айбдорлар кўпчилиги. Мен келган вақтимда 400 киши эди приёмникда дейишувди, ҳозир 200 тача – камайиб қолган. Улар тезроқ жўнатишга ҳаракат қиляпти. Аксар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил қилади. Хорижийлардан Вьетнам, хитойликлар, дейди Абдусами Раҳмонов.
Абдусами Раҳмонов¸ қамоқ инсонни руҳан ўзгартириши мумкинлигига ишонишини гапирАди. “Айниқса панжара ортига биринчи маротаба тушаётган одам учун бу жуда катта синов”, дея давом этади у.
- Бу уларни катта ларзага солиб қўяди уларни. Улар учун бу оғир синов. Ижобий муҳитни сақлаб туришга ҳаракат қилиш керак экан. Ниҳоятда депрессия ҳолатига тушиб касал бўлиб қолганлар ҳам анча-мунча. Кўп муддат ўтириб қолган, хужжатсиз тушган одамларда шундай бўларди. Шовқин қиларди, уларга нисбатан қандайдир маъмурий чоралар кўрилиш ҳолатлари бўлган. Шу инсонларнинг қўшиқ айтиши¸ масалан¸ ёрдам берарди. 28 ёшга кирган бир хитойлик деразадан чиқиб қўшиқ айтарди – хитойча, русча. Аёл мелисаларни кўриб қолса “Сизни кўрсам қалбим ёниб кетяпти!”, деган гапларни айтиб кулдирарди. Бизнинг болларимиз, нима десам, аёрроқ, шаҳар кўрган, чунки Москва шароитида яшашнинг ўзи шундай тарбиялаб қўяркан, дейди у.
Суҳбатимиз сўнгида ҳозирча Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан олиб кетилишиц хавфи борлиги туфайли вақтинча яширинишга мажбурлиги гапирган бухоролик бу йигит, қамоқда ўтган ярим йиллик умри зое кетмаганини ва иродаси учун қаттиқ синов бўлганини айтади.
- Менда ижобий ўзгариш бўлди, деган умиддаман, чунки нимаики бизни ўлдирмаса – бизни кучлироқ қилади, деган машҳур гап бор. Яъни ҳар бир мушкулот, қийинчилик руҳимизни, ижобий дунёқарашимизни, завқимизни кўпайтириши керак, деб ўйлайман. Ҳазрат Навоийнинг гаплари бор:
Мени асир этмиш завқи бор киши,
Елкасида ишқнинг тавқи бор киши,
-деганларку. Инсон доимий равишда руҳий бардамликни генерация қилиб туриши керак. Бусиз бўлмайди, тушкунликка тушиб қолиши мумкин, деди эндигина озодликка чиққан бухоролик 37 ёшли Абдусами Раҳмонов.
Ҳозирча Ўзбекистон МХХ си жосусларидан бекиниб яшашга мажбур қолаëтган Абдусами Раҳмонов адвокатлари ҳозирда унга Россияда қочқинлик мақомини олиш учун яна курашни давом эттиражакларини айтмоқдалар.