Саратоннинг жазирамасига дош беролмай Тошкентда қуриб қолаётган арча шохларига ободонлаштириш ишчилари томонидан ранг берилаяпти. Маҳаллий дарахтларни қирғин қилиш эвазига хориждан келтирилаëтган "арча" бизнеси ортида Ўзбекистон ҳукумати ҳимоясидаги монополистлар тургани тахмин этилади.
Чиройли кўринса бўлди
Тошкент шаҳрининг Ўрда мавзесида шохлари қуриб қолган арчаларга ранг берилаётгани ҳақида Подробно.уз сайти хабар қилди.
“Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган бу хабарга биз ҳам ишонмадик ва бориб кўришга қарор қилдик. Қарасак, ҳақиқатан ҳам бўяшаяпти. Гап шундаки, арча дарахтлари иссиққа дош беролмай сарғайиб кетаяпти, айниқса¸ дарахтларнинг учлари. Улар қуриган шохларни кесишга эмас, балки бўяшга қарор қилишибди. Кўк-яшил ранг аралаш аэрозолли бўёқ сепишаяпти. Ишчиларнинг айтишларича, ҳар бир дарахтга яқин олтита баллончик ранг кетаяпти экан. Тошкентда кўкаламзорлаштиришнинг мана шундай янги йўлини ихтиро қилишибди”, деб ёзади Подробно.уз сайти.
Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган талаба Носиржон ҳам шундай воқеанинг гувоҳи бўлганини айтади:
- Ўртоқларим билан дарсдан чиқиб келаётганда бинонинг деразалари тагига экаилган арчаларни бўяётган одамларни кўриб, роса қотиб кулдик. Лекин сарғайиб тургандан кўра, чиройли бўлаяпти, дейди Носиржон.
Расмийлар рад қилмоқда
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими эса Озодлик билан суҳбатда арчаларга ранг берилаётганини кескин рад қилди:
- Йўқ, йўқ, биз краска қилмаймиз. Бунақа нарса бўлмайди бизларда. Агар арча қуриб қолса¸ биз шу заҳоти уни янгисига алмаштирамиз. Бизда запасда доим янги арча туради. Бу бирор ташкилотнинг ўзини ташаббуси бўлиши мумкин, деди бошқарма мулозими.
Арчадан ким манфаат кўради?
Тошкент шаҳар ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, шаҳарни арчалаштириш ғояси тепадан тушган:
- Арча шунчаки манзарали дарахт эмас, балки катта даромад манбаига айланган. Бу бизнесни кимдир юқоридан назорат қилади. Бўлмаса саратонда тошдай қизиб ётган Тошкентга соя ташлайдиган шунча йиллик тарихий чинорларни кесиб ташлашнинг нима кераги бор эди? Арча бу бизнинг иқлимнинг дарахти эмас. Биласизми, бир йилда қанча арча дарахти алмаштирилади Тошкентда? Масалан, қайсидир хорижий меҳмон келиб қоладиган бўлса, сал сарғайган арчалар ўша заҳоти алмаштирилади. Бу арчалар ҳам ҳазилакам пул турмайди. Мендаги маълумотларга кўра, Белгиядан ва Европанинг бошқа давлатларидан келтириладиган арчалар 300-500 доллардан ташкилотларга ўтказилаяпти. Ободонлаштириш баҳонасида пул қилинаяпти, деди Озодлик манбаси.
"Иқлимга мос дарахт ўтқазиш керак"
Тошкентда манзарали дарахтлар етиштирадиган хусусий фирмалардан бирининг мутахассисига кўра, Ўзбекистон иқлимига арчадан кўра бошқа манзарали дарахтлар кўпроқ мос келади:
- Арчани ҳам ўтқазиш мумкин, фақат уруғидан ўзимизда кўкартирилган арчаларни. Четдан келтирилганинг иссиқ иқлимга мослашолмай кўкариши қийин бўлаяпти. Бизда каштан, титан, дуб, яшин каби дарахтлар яхши кўкаради, деди исми сир қолишини мутахассис.
Тошкентда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш ҳукумат дастури доирасида юзлаб кўпйиллик чинорлар кесилди, уларнинг ўрнига арча дарахтлари экилди.
2010 йида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қорақалпоғистонга борганида сакура дарахти экишни маслаҳат берган ва Нукус шаҳрига юзлаб шундай дарахтлар кўчати ўтқазилган эди.
Нукуслик Озодлик манбасининг айтишича, бу дарахтлар ҳам иқлимга мослаша олмаяпти:
- Жуда кўп сакура кўчатлари экилди. Сувли жойларда кўкарди, сувсизлари қуриб қолди. Кўкарганларининг ҳам бўйи бир метрдан ошмай турибди. Бизнинг иқлимнинг дарахти эмасда у, деди Озодлик манбаси.
Ўтган ҳафтада Тошкентда ўзларини “Nas WHY?” арт гуруҳи деб атаган рассомлар Ўзбекистондаги чинорлар кесилиб¸ ўрнига арча экилганига қарши кўча кўргазмаси ўтказишди. Айни пайтда бу кўргазмани ўтказган рассомларнинг милиция томонидан қидирилаётгани айтилади.
Қурбон бўлган чинорлар тарихи
Соя берадиган чинор ва бошқа дарахтларнинг кесилиб, ўрнига арча дарахтлари экилиши Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида ҳам кузатилди.
2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100 дан ортган дарахтлар кесиб ташланди.Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбонга арчалар экилди.
2010 йилнинг январида Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилди.
2010 йилнинг августида Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилди. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирди.
2011 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласидаги қабристонда кўп йиллик чинорлар кесилди.
2011 йилнинг ёзида Тошкентнинг "Пахтакор" метроси ва ўйингоҳи атрофидаги ўрмон дейишга арзирлик дарахтзор чопиб ташланди.
Шунингдек, Наманган, Андижонда ҳам шаҳарга соя-салқин ташлаб турган жуда кўп манзарали дарахтлар кесиб ташланди.