Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Жиззахдаги боғча болаларига металлолом солиғи солинди


Жиззах шаҳридаги боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига металлолом солиғи солинди. Боғча тарбиячиларининг Озодликка тасдиқлашича ҳар ота-она 300-400 килограммдан металлолом топиб, боғчага топшириши керак. Болани боғчага қабул қилишнинг шартларидан бири ҳам 200 килограмм металлолом топшириш шарт эканлиги айтиляпти.

WhatsApp орқали Озодликка келган хабарлардан бирида, Жиззах шаҳридаги боғчаларга металлолом солиғи солингани айтилади:

“Қўшнимнинг болалари шаҳардаги “Юлдузча” боғчасига боради. Қўшнимнинг айтишича, ҳар бир бола бошига 200 килограммдан металлолом солиғи солинибди. Болани боғчага олишлари учун ҳам ота-она 200 килограмм темир-терсак топшириши керак экан”, деб ёзилади хабарда.

Озодлик бу хабар ортидан Жиззах шаҳридаги “Дўстлик” боғчасига боғланиб ота-оналарга қанча металлолом топшириш вазифаси юклатилгани ҳақида сўради:

- 400 кило олиб келсангиз¸ яхши бўларди, агар имконингиз бўлмаса 300 кило олиб келишингиз шарт, деди ўзини таништирмаган боғча тарбиячиларидан бири.

Жиззахдаги боғчалар вазияти билан танишиб чиққан ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев боғчаларга шундай топшириқ берилгани ҳолатини ўрганаëтганини билдирди:

- Биз ўрганиб чиқдик. Шаҳардаги 1-сонли “Ойгул” деган боғча тарбиячиларига ҳам, болаларнинг ота-оналарига ҳам ўз хоҳиши билан металлолом олиб келиш ҳақида айтишибди, дейди Ўктам Пардаев.

Жиззах шаҳрида автомобилларни таъмирлаш устаси бўлиб ишлайдиган Рўзиқул эса металлолом ўрнига пул берганини айтади:

- Ҳозир металлолом қаерда? Машиналардан ортган темир-терсакни ҳам бошқа бир эҳтиёжга ишлатамиз. Олти яшар ўғлим ҳам боғчага қатнайди. Боғча мудирига 20 минг сўм бериб қутулдим, бўлмаса ҳар сафар боладан айтгизиб юборавериб¸ безор қилиб юборди, дейди Рўзиқул.

Исми сир қолишини сўраган Жиззах шаҳар Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда металлолом йиғиш топшириғи ҳокимиятдан бўлганлигини таъкидлади:

- Биз кичкина одаммиз. Бу топшириқни шаҳар ҳокими барча ташкилотлар раҳбарларига берган. Мудирга ҳам осон эмас, ҳар мажлисда гап эшитиш у учун ҳам оғир, деди шаҳар Халқ таълими бўлими мулозими.

Металлолом пули қаерга кетмоқда?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Яқиндан бошлаб боғчаларга ҳам металлолом йиғиш вазифаси топширилди.

Озодликнинг аввалги эшиттиришларида ўқитувчию шифокорлар, коллежлар талабалари металлолом ўрнига пул топшираётгани ҳақида гапирган эди.

Хусусан, конимехлик шифокорлар металлолом ўрнига 25 минг сўмдан, самарқандлик коллеж ўқувчилари 2000 сўмдан, Жиззах Педагогика институти талабалари 20 минг сўмдан, Тошкент Мусиқа лицейи ўқитувчилари 47 минг сўмдан пул топширишга мажбур бўлганликлари ҳақида Озодликка айтган эдилар.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарори ижроси асосан ҳокимлар томонидан назорат қилинади.

Исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка гапирган Ўзбекистондаги давлат корхоналаридан бири раҳбари, металлолом топшириш жараёнининг¸ асосан¸ пул ювиш учун қўлланилишини таъкидлайди:

- Аслида бунинг механизми мана бундай. Ҳеч қандай металлолом топширмайсиз. Бу кўчирилган пулни обналичка қилиб бериш учун керак. Ҳозир металлоломнинг ўзи йўқ, қидириб ҳам тополмайсиз. Шунинг учун унинг ўрнига ташкилотлар пул йиғиб беради. Ўртадаги фирма металлолом қабул қилиб оладиган давлат ташкилотига бунча тонна металлолом топширдим¸ деб ҳужжат қилади. Масалан, 20 миллион сўмга металлолом олдим¸ деб ташкилот пул ўтказади. Ташкилотлардан йиғиб олинган пул шундай қилиб обналичка қилинади. Тошкентга металлолом эмас, балки чемадонларда пул кетади. Бу топшириқни бажариш вилоят ва туман ҳокимлари зиммасига юкланган”, деди Ўзбекистондаги корхоналардан бирининг раҳбари.

Бундан ташқари, корхона ва ташкилотлар бевосита металлолом қабул қиладиган корхоналар билан шартнома тузиб, темир-терсак топшириши мумкин.

Озодлик билан суҳбатда "Тошкентиккиламчиқораметалл" корхонасининг ўзини таништирмаган мулозими¸ айни кунларда ҳар тонна металлолом учун 195 минг сўмдан пул ўтказиб берилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG