Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Довудхон Обидхон ўғли: Отам мулоқот қилишни бошлади, жиноят эса албатта очилади!


Таниқли уламо Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдга икки йил тўлган санада Озодлик студияси меҳмони бўлган Довудхон отасининг анча соғайгани ва яқинлари билан мулоқот қила бошлаганини маълум қилди. Айни пайтда икки йилдан буён бораётган терговда жиддий илгари силжишлар борлигини айтган Довудхон Обидхон ўғли жиноят очилишига ишонч берувчи далиллар йиғилиб қолганини айтди.


"Отам анча соғайган ва биз билан мулоқот қиляптилар"

22 февраль куни Озодлик студиясида меҳмон бўлган Довудхон Обидхон ўғли ҳозир шифохонада оғир хаста ётган отаси анчагина соғайгани ва баъзи ҳолларда қисман ҳушига келиб, тана аъзолари ҳаракати воситасида оиласи билан мулоқот қилаётганини айтди.

- Баъзида ҳушига келганларида бармоқларини қимирлатиб ёки қошлари, ёки киприкларини қимирлатиб, биз билан мулоқот қилаяптилар. Шифокорлар бизга айтган ўзи, кўп-кўп гаплашинглар, деб. Шунинг учун биз ҳар доим: "Ота мени эшитаяпсизми? Бу гапимга нима дейсиз?" деб сўраб турамиз. Шунда баъзан у киши ҳаракат қилиб, бизни эшитаётганини билдиряптилар, - деди Довудхон.

Обидхон қори Назаров Швеция шифохонасида комада қолмоқда. (Суратни тақдим этган яқинлари хастанинг юзини кўрсатмасликка қарор қилдилар)
Обидхон қори Назаров Швеция шифохонасида комада қолмоқда. (Суратни тақдим этган яқинлари хастанинг юзини кўрсатмасликка қарор қилдилар)
Унинг айтишича, отасининг соғлиги барқарор равишда яхшиланиб бормоқда. Аммо, қачон оёққа туриши номаълум.

- Бу ёлғиз Оллоҳгагина аён. Ҳатто, шифокорлар ҳам бу масалада бирор тахминни бўлсин, бизга айтмаганлар. Аммо, шу кунга қадар аҳволи фақат яхшилнаши сари ўзгаряпти ва биз отамнинг албатта соғайиб, оёққа туришига ишонамиз, - деди Довудхон.

Бошидан ўқ еган уламо ҳануз шифохонада оғир аҳволда ётибди.

(Мақолага тиркалган жонли мулоқотда Обид қорининг соғлигига оид бошқа тафсилотларни ҳам тинглашингиз мумкин.)




Довудхон: Буюртма қотиллик экани, бунинг ортида МХХ тургани маълум

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган.

Маҳаллий вақт билан соат 13:40 ларда бошидан ўқ еган кезда уламо уйи йўлагида ёлғиз эди. Яъни, ўқ узган шахсни ҳодиса вақтида, яқиндан кўрган гувоҳлар бўлмади. Жиноятчи воқеа жойидан зумда ғойиб бўлган.

Чунки, воқеадан бир соат ўтиб ҳамки, ҳар тарафдан чопиб келган гувоҳлар буни бахтсиз ҳодиса, яъни кекса имом зинадан йиқилиб тушди, деб ўйлаган эди. Имомнинг кичик калибирли овозсиз қуролдан отилгани аниқланиб, воқеа жойини полиция босганда ўқ узилганидан бир соатлар чамаси вақт ўтган эди.

Швеция хавфсизлик хизмати ўша куниёқ жиноятчининг изига тушгани маълум қилган. Жиноят жойидан топилган ўқ отар қурол, гувоҳлар кўрсатмалари асосида эҳтимолий жиноятчи Швецияда Ўзбекистон паспорти ва Россия Федерациясида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан юрган 34 яшар Юрий Жуквоский экани матбуотга маълум.

Тергов бошидаёқ муҳожиратдаги ўзбек имомига уюштирилган бу суиқасд оддий жиноят эмас, балки имомнинг ўтмишдаги диний-сиёсий фаолияти билан боғланган, сиёсий мотивларга асосланган буюртма қотиллик экани ва катта эҳтимолда, буюртманинг Швеция ташқарисидан қилингани айтилган.

- Терговчилар, швед миллий хавсизлик хизматидагилар бу жиноят ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганига ишончи комиллигини айтган менга. Фақат хавфсизлик хизматлари жиноятларни изсиз қилишга уринади. Аммо, буларда ҳам хатолар ўтган ва ҳозир ана шу хатолари боис, бу жиноят ортида улар тургани терговга маълум бўлиб қолди. Судда қанча далиллар ошкор бўлди. Шунинг учун, бу жиноят албатта очилади. Бунга фақат озгина вақт керак, - дейди Довудхон.


Швед прокурори: Россия қотил ушлангани ҳақидаги хабарни рад этди

Оби қори Назаровга уюштирилган суиқасд тергови билан шуғулланаётган швед прокурори Кристер Петерссон бир неча ҳафта муқаддам Россия Федерал хавфсизлик хизмати унинг расмий сўровига расмий жавоб йўллаганини маълум қилди.

Прокурорнинг айтишича, бу гал Россия махсус хизматлари ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган Ўзбекистоннинг 34 яшар фуқароси Юрий Жуковский Россия ҳудудида қўлга олингани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этган.

Юрий Жуковский Швецияда Ўзбекистон фуқароси паспорти ва Россия Федерациясида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан юргани матбуотга маълум. 2012 йилнинг 12 октябрида Россияда ҳибсга олингани хабар қилинган эди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати Озодлик расмий мурожаатига жавобан бу хабарни на тасдиқлаган, на инкор қилган эди.

Аммо, Швеция прокуратурасига берилган расмий жавоб бундан кўра аниқроқ бўлиб чиқди - Юрий Жуковский исмли шахс Россия ҳудудида қўлга олинмаган. У ҳолда бу хабар қаердан пайдо бўлди, деган савол очиқ қолмоқда.

Шу тариқа, таниқли имомни дунёнинг хавфсиз ва энг демократик давлати саналган Швецияда куппа-кундуз куни ўз уйи йўлагида отган, сўнгра муваффақиятли тарзда ғойиб бўлган жиноятчи ортидан қидирув натижалари ҳам ҳануз очиқлангани йўқ.




Прокурор: Судланган ўзбекистонлик жуфтлик тақдири номаълум

Юрий Жуковскийа ёрдам берганликда гумон қилинган ва икки босқичдаги судда оқланган ўзбекистонлик жуфтлик Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг айни тақдири номаълум қолмоқда.

Кристер Петерссон техник далиллар етарли бўлмагани боис оқланган бу жуфтлик айни дамда Швецияда бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

2012 йилнинг 15 майида ҳибсга олинган ўзбекистонлик эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар эса 2013 йилнинг 14 июнида Суднсвалл шаҳарининг аппеляция тартибидаги маҳкамаси қарори билан оқланган.

Прокурор Петерссон иккинчи суднинг ҳам аввалгиси билан айни ҳукм чиқарганидан қониқмаганини айтган, аммо қарор устидан яна арз қилиш ниятини билдирмаган. Вазиятни шарҳлаган ҳуқуқшунослар соф юридик жиҳатдан бу жуфтлик устидан маҳкама мантиқий якун топгани, кейинги маҳкамалар қарори бундан жиддий фарқ қилмаслигини айтганлар.

“Энди ҳамма гап асосий эҳтимолий жиноятчи – эҳтимолий суиқасдчи Юрий Жуковскийнинг қўлга олинишига боғлиқ бўлиб қолди”, деди Обид қори Назаров жонига қасд қилганларни топишга астойдил уринган швед прокурори Кристер Петерссон.

Яқинлари икки йилдан буён Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд қилган ва уюштирган жиноятчиларнинг топилиши ҳамда адолат қарор топишига эришиш йўлида уринишларини давом эттирмоқдалар.

Ва ниҳоят, ҳодисадан сўнг илк бор Озодлик студиясида жонли мулоқотда иштирок этишга қарор қилганини Довудхон Обидхон ўғли отаси ҳуқуқининг ҳимояси, жиноят очилиши йўлидаги уринишларидан бири сифатида тақдим қилди.

- Биз, албатта курашимизни давом эттирамиз ва Сундсваллда ўтган маҳкамаларда жиноят очилишига етарли асослар борлигига амин бўлдик. Фақат бу асосларни юридик жиҳатдан тасдиқлаш учун далиллар керак. Жиноят эса содир этилди ва албатта, ундан излар қолган. Терговда ҳозир Швеция, Россия ва Ўзбекистонда туриб жиноятга шерик бўлган ўнлаб одамларнинг конкрет исми ва мазиллари бор. Биз мусулмонмиз ва ишонамизки, умримиз давомида ҳақиқатга эриша олмасак, у ҳолда охиратда Оллоҳ ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. Аммо, ҳозир тирик эканмиз, ҳақларимиз учун курашамиз! - деди Довудхон Обидхон ўғли.


Обидхон қори Назаров ҳақида

Ҳозир 56 ёшга кирган Обидхон қори Собитхон ўғли асли наманганлик, оддий ҳунарманд оиласида туғилган.

1980-1984 йилларда Обидхон қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.

1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.

Имомлик пайтларида ҳақ сўзни айтишдан тийилмаган ва ўша кезлардаёқ режимни очиқ, кескин танқид қилгани учун Ўзбекистонда танилиб кетган имом
1995 йилларда бошлаб Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остига олинган.

1998 йилларнинг баҳорида эса Ўзбекистонни тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.

Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обидхон қори “Озодлик” радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.
XS
SM
MD
LG