Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Қўшработда икки фарзанд онаси ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди


Ўзбек аёллари норозилик сифатида ўзларига ўт қўйиш ҳолатлари бугун ҳам учраб туради.
Ўзбек аёллари норозилик сифатида ўзларига ўт қўйиш ҳолатлари бугун ҳам учраб туради.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Работ қишлоғида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл 16 декабрь куни ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбаларининг айтишларича, оилавий жанжал туфайли аёл молхонада устига бензин қуйиб ўзига ўт қўйган. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Работ қишлоғида истиқомат қилувчи икки фарзанднинг онаси Гулмира Маликова 16 декабрь куни соат 15лар атрофида ўзига ўт қўйиш билан жонига қасд қилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган қўшработлик манбага кўра, аёлнинг ўз жонига қасд қилишига оилавий жанжаллар сабаб бўлган:

- Воқеа сешанба куни рўй берган. Аёлнинг икки нафар ёш боласи бор эди. Қайниси биланми, қайнонаси биланми, унисини ҳали аниқ билмайману, жанжал бўлган. Кейин у молхонага кириб устига бензин сепиб ўт қўйиб юборган. Аёлни қутқариб қолишга қилинган ҳаракатлар самара бермаган ва у ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган. Бугун худойисини ўтказишди,- деди манба.

Марҳуманинг жанозасида қатнашган Работ қишлоғида истиқомат қилувчи бошқа бир манбанинг иддаосича, Гулмира ўлимининг сабаби бошқа ҳам бўлиши мумкин. Манба бу иддаосини асослаш учун қишлоқда тарқалган гап-сўзларни келтиради:

- Гулмиранинг ота-онаси ёшлигида ўлиб кетган. Бу қиз акаларнинг қўлида катта бўлган меҳнаткаш қиз эди. Эри Тошкентда ишларди. Ўша куни эри уйида бўлмаган. Одамларнинг айтишларича, Гулмирани аввал уриб ўлдириб қўйиб, кейин ёқиб юборишган. Лекин бу одамларнинг оғзидаги гап,- деди манба.

Манбанинг бу иддаосини Қўшработ тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими тасдиқламади. Унинг Озодликка айтишича, суд тиббий экспертизаси Гулмирани ўз жонига қасд қилган деб, хулоса берган:

- Бу иш юзасидан ҳозир Қўшработ тумани прокуратураси жиноят иши очган. Марҳума яшаган уйдаги одамлар сўроқ қилиняпти. Ҳозирча бошқа ҳеч нарса дея олмайман,- деди ички ишлар мулозими.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ўтган асрнинг 80-90 йилларида аёлларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари кўп кузатилган.

Ўзбек аёлларининг нега ўз жонига қасд қилишда бундай оғриқли ва даҳшатли усулни танлаши ўша йиллари оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинган.

Мустақил Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, жорий йилнинг 6 август куни Қашқадарёнинг Китоб тумани ИИБ биносида 35 ёшли ўқитувчи Мавжуда Турсунова ўғлининг милиция ходимлари томонидан калтакланганига норозилик билдириб ўзига ўт қўйган ва ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG