Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:04

Каримов: Ўзбекистонда хорижий ҳарбий базалар жойлаштирилишига йўл қўйилмайди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз давлати ҳеч қандай ҳарбий уюшмаларга қўшилмаслиги ва ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

Жума куни Ўзбекистон Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси мажлисида сўзлаган нутқида жаноб Каримов, жумладан, шундай деди:

- Авваламбор, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш ва энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муқаддас юртимиз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслигимиз, шулар жумласидандир. Бугун юзага келаётган халқаро вазиятда айни шу йўл, шу сиёсат биз учун мақбулдир, - деди Каримов.

Ўз чиқишида президент Каримов терроризм таҳдидлари кучайиб бораётгани боис ўз халқини ташқи таҳдидлардан огоҳ бўлишга чақирди.

- Кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган курашнинг, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидларнинг кучайиб бораётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди, албатта, - деди Каримов.

Жаноб Каримовнинг бу баёноти Германия Ўзбекистон билан Термиздаги ҳарбий базадан фойдаланишда давом эттириш борасида махфий келишув имзолагани ҳақидаги хабарлар матбуотда пайдо бўлганидан бир неча ҳафта ўтиб янгради.

Шу ой бошида Германияда чиқадиган Der Tagesspiegel газетаси НАТОнинг Афғонистондаги миссияси ўзгаргани ва у ердаги аскарлар ва ҳарбий техника сони камайганига қарамасдан, Германия Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этиши ва Берлин ҳукумати бир неча ой аввал бу борада ўзбек томони билан келишувга эришгани ҳақда ёзган эди.

Германия ўзининг минглаб қўшинини Афғонистонга киритиш ва чиқаришда Ўзбекистоннинг Термиз аэропортидан 2002 йилдан бери фойдаланиб келади.

Der Tagesspiegel газетасига кўра, ўтган йилнинг сентябрь ойида Германия расмийлари Тошкентда Ўзбекистон билан Термиз ҳарбий базасидан фойдаланишда давом этиш ҳақидаги шартномани имзолаган.

Аммо ўзбек томонининг талаби билан Германия расмийлари унинг тафсилотларини очиқламаяпти.

2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг АҚШ ва унинг НАТО даги иттифоқчилари Ўзбекистоннинг Хонабод ҳарбий базасидан фойдаланиб келди.

2005 йил Андижон воқеалари ортидан эса Ўзбекистон Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариб юборган.

XS
SM
MD
LG