Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:40

Наманганда ўқувчиларга гўнг “солиғи” солинди


Ўзбекистонда аҳоли мол тезагидан ҳам ўтин сифатида фойдаланади, ҳам далага маҳаллий ўғит сифатида фойдаланади.
Ўзбекистонда аҳоли мол тезагидан ҳам ўтин сифатида фойдаланади, ҳам далага маҳаллий ўғит сифатида фойдаланади.

Наманган вилояти Уйчи туманидаги мактаблар ўқувчиларига бир қопдан гўнг олиб келиш мажбурияти юкланди. Шу кунларда ўқувчилар уйларидаги чорва моллари ахлатини қопга солиб, мактабга олиб келишмоқда. Ўқувчилар йиққан гўнг пахта далаларига маҳаллий ўғит сифатида ишлатиш учун фермерларга топширилаяпти.

Уйчи туманидаги Машад қишлоғида жойлашган 17-мактаб ўқувчиларига февраль ойи ўрталарида бир қопдан гўнг олиб келиш топширилди.

Ушбу мактабда 2 нафар фарзанди ўқийдиган уйчилик эркакка кўра, болалари учун гўнгни ўзи мактабга олиб бориб берган:

“Болаларга бир қопдан гўнг олиб келинг, дейишган экан. Бир қизим ва бир ўғлим мактабда ўқийди. Уйда биттадан сигир, ҳўкиз ва бузоқ бор. Улардан чиққан гўнгни баҳорда томорқамга ишлатаман деб йиғиб қўйгандим. Шундан икки қопга солиб, эшак аравада мактабга олиб бориб бердим. Агар олиб бормаса, болаларимни бошқа ўқувчиларнинг олдида уялтиришмасин, деб ўзим олиб бориб бердим”, дейди уйчилик эркак.

17-мактаб маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, ўқувчилар жами 300та қоп гўнг йиғишган:

“Йиғилган 300та қоп гўнгни қишлоғимиздаги битта фермерга бердик. Директоримизнинг айтишича, Районо билан ҳокимият шундай топшириқ беришган. Шунинг учун биз болаларга бир қопдан гўнг олиб келинг дедик”, деди 17-мактабнинг ходимларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Уйчида яшайдиган бошқа бир манбага кўра, туманнинг деярли барча мактаблари ўқувчиларига гўнг олиб келиш мажбурияти юкланган:

“Менинг болаларим туман марказида ўқийди. Уларга бундай топшириқ берилмаган. Лекин қишлоқлардаги барча мактабларда ўқувчиларга бир қопдан гўнг олиб келиш буюрилган. Ўзим кўрдим, ҳар бир мактабнинг дарвозаси олдида қопга солинган гўнглар уйиб қўйилган. Болаларим марказда ўқигани билан ўзимиз қишлоқда яшаймиз. Ёнимиздаги мактабга икки қизчанинг гўнг солинган қопларни судраб кетаётганини кўрдим. 5- ёки 6- синф ўқувчилари эди. Бечоралар зўрға судраб кетаётганди”, деди уйчилик манба.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ходимлари ўқувчиларга гўнг олиб келиш мажбурияти юклатилганини инкор қилишди. Лекин айни пайтда мактаблар гўнг йиғиш билан шуғулланганини тасдиқлашди.

“Буни ўқувчилар йиғмади. Мактаблар яқинида жойлашган хонадонлардан илтимос қилинди ва уларнинг уйларидаги гўнгни мактаб олдига йиғдик. Буни мактаб ходимлари қилишди. Ўқувчиларни бунга аралаштирмадик", деди Наманган вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган масъул ходими.

Ўзбекистонда ўтган йилдан бошлаб мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилиш тўхтатилган. Бироқ ўқувчилар темир-терсак, макулатура йиғишга мажбурланмоқда. Кейинги пайтларда айрим мактабларда ўқувчиларга баклажка “солиғи” ҳам солинди.

XS
SM
MD
LG