Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Наманганда касалхона таъмири учун дўхтирлардан пул йиғилмоқда


Озодлик архивидан олинган бу расмнинг Наманган болалар шифохонасига алоқаси йўқ.
Озодлик архивидан олинган бу расмнинг Наманган болалар шифохонасига алоқаси йўқ.

Наманган шаҳар болалар касалхонаси 3 июндан бошлаб 15 кунга учун ёпилаётгани, шу муддат ичида ўтказиладиган таъмир ишлари учун дўхтирлар ва ҳамширалар иш ҳақининг бир қисми ушлаб қолинаётгани тўғрисида шу касалхонада ишлайдиган бир ҳамширанинг турмуш ўртоғи Озодликка ёзган хатида маълум қилди.

Касалхона маъмурияти хатда келтирилган фактларни тан олди.

Наманганлик тингловчидан келган хатни айнан келтирамиз:

“…men Namangandan yozayapman. Ayolim Namangan shahar bolalar shifoxonasida hamshira bolib ishlidi. 3- iyundan kasalxona ta’mirlash uchun 15 kunga yopilarkan. Ta’mirlashga hamma ishchilar oyligidan 40-50 ming so’mdan pul ushlab qolishdi. Bu ham yetmagandek, remontni ishchilar o’zi qilar ekan. O'zingiz o'ylab ko’ring, ayollar ishlasa qanaqa ta’mirlash bo’ladi? Buning ustiga davlatning kasalxonasi nima uchun endi ishchilarning puliga ta’mirlanadi? O'zi arzimagan oylik beradi-da uni ham remontga, deb ushlab qolishsa?! Shuni bir surishtirib koringlar aka. Raxmat oldindan”.

Вилоят марказининг Гўзал мавзесида жойлашган Наманган шаҳар болалар шифохонаси ҳамшираларидан бири Озодлик саволларига жавоб берар экан, касалхонанинг 3 июндан 15 кунга ёпилаётгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.

Касалхона раҳбарларидан бири хатда келтирилган фактларни принципда тан олар экан, масаланинг баъзи жиҳатларига аниқлик киритди.

У, аввалига, ремонт ҳақида гапира бошлади:

“Отделениелар бугун тадбир режасини топширади. Нимани ремонт қилиш керак, қанча пул кетади – ёзиб беришади”, деди маъмур.

Лекин бироздан сўнг, у бундай деди:

“Ремонт эмас. СЭСнинг буйруғи бор. Касалхона тозаловга ёпилаяпти. Дезинсекция, дератизация, стерилизация ишларини олиб борамиз”.

Ходимлардан “таъмир-тозалов” учун пул йиғилаётгани тўғрисида касалхона маъмури мана бундай деди:

“Йўўқ, унақа катта пул йиғилмайди. Минг сўм, икки минг сўм... Боя айтганим ишларни қилиш учун йиртиш-пиртиш сотиб олишга”.

Касалхона маъмури билан савол-жавобнинг мана бу қисми масалага чалароқ бўлса-да, ойдинлик киритгандай бўлди:

- 532- буйруқ асосида зарплатадан опқолинади. Ўшанинг ҳисобидан касалхона жамғармаси ташкил топади.

Озодлик: Зарплатадан нима учун олиб қоладилар?

- Зарплатадан эмас, ўша ишлари борда, ўзини..., деб вазиятдан чиқишга урина бошлади касалхона маъмури.

Наманган шаҳар болалар шифохонаси маъмурияти вакили айтаётган жамғарма нималигини тушуниш учун 3 вазирлик: Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва Молия вазирликларининг “Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарорни эслаш лозим.

Уччала вазирлик 2005 йилнинг 31 декабрдаги буйруқлари билан тасдиқлаган мазкур ҳужжатда “Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби” белгилаб қўйилган ва бошқа манбалар қатори мана бу ғалати манба ҳам кўрсатилган: “тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда тежалган бюджет маблағлари”.

Нима учун ва қандай қилиб тиббиёт ходими иш ҳақи тежалади?

Исталган томонга буриш мумкин бўлган мана шу ноаниқ жумла касалхоналар маъмурлари учун ходимлар иш ҳақидан ушлаб қолишга асос бўлмаяптими?

Бошқа томондан, бюджет ташкилотлари ходимлари ҳуқуқлари раҳбарлар томонидан бузилишларига кўниб ҳам қолганга ўхшайди. Таъмир учун иш ҳақингиздан ушлаб қолдиларми, деган саволга жавобан, Наманган шаҳар болалар касалхонасининг ишга яқинда келганини писанда қилган ҳамшираси айнан мана бундай деди:

- Буни бухгалтериядагилар билишадида. Ойлигимиздан автоматический ушлаб қолишган бўлса керак...

***

Ҳа, айтганча, Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида таъмир учун пул, Намангандагидай дўхтирлар ва ҳамширалардан эмас, балки беморлар ва уларнинг яқинларидан йиғилаётгани тўғрисида Озодлик 27 май куни хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG