Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:43

Депортациядан қочиш пайти оёғи синган ўзбек муҳожирига тиббий ёрдам кўрсатилди


Самара вилоятидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказининг 3 қаватидан сакраб қочишга уринган ва оёғини синдириб олган 26 ёшли навоийлик Комилжонга тиббий ёрдам кўрсатилди. Тольяттидаги маҳаллий ўзбеклар жамоаси аъзолари ёрдамида Комилжон оёғи гипсланди ва ҳозирда уни Ўзбекистонга депортация қилиш масаласи кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 31 майида Россиянинг Самара вилояти Тольятти шаҳридаги депортация марказида 3 ойдан буён сақланаётган 3 нафар ўзбекистонлик қочишга уринишлари муваффақиятсиз якунлангани тўғрисида Озодлик аввал хабар берган эди.

Комилжоннинг ўзи Озодликка телефон орқали мурожаат қилиб, муҳожирлар сақланаётган бинонинг 3 қаватидан ўзини пастга ташлагани ва бахтли тасодиф туфайли фақат оёғи лат еб, тирик қолганини гапириб берган:

- Мен Тольяттидаги спецприёмникламан. Оёғим синиб ётибди, мана 5 кун бўлди¸ ҳеч ким ёрдам бераётгани йўқ. Махсус приёмник Новозаводский, 7а манзили бўйича жойлашган. На дори беради, на укол қилади, на қарайди... Оёғим синиб ётгани билан иши йўқ. Биз бу ердан қочишга уринган эдик – учинчи этаждан решеткани кесиб, сакраганман. Шифохонага олиб боришгани йўқ. Мен бу ерда бир умрга чўлоқ бўлиб қолишни хоҳламайман. 31 май куни бўлган эди, кечадан температурам ҳам чиқиб кетаяпти, оғриғига чидаб бўлмаяпти,- деган эди Комил.

Ушбу мурожаатдан сўнг Озодлик мухбири Тольяттидаги СУВСИГ - Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш махсус муассасаси раҳбариятига боғланди. Марказ директори муовини Немиров ва шифокор Мельниковалар ўзбек муҳожири оёғи синганини текшириш учун раҳбариятнинг махсус буйруғи кераклиги ва “вазият назорат остида экани – хавотирланишнинг ҳожати йўқлиги”ни айтишди.

Шунингдек, Озодлик илтимосига биноан вазиятга Тольяттидаги ўзбеклар жамоаси вакиллари аралашди.

Душанба куни Озодлик Комилжон билан яна бир бор боғланиб, вазият яхши томонга ўзгарганини ўзидан эшитди:

- Раҳмат, ҳаммаси нормальний. Сизларга телефон қиламан деб ўтирувдим - пулим йўқ эди. Бу ерда Исроил ака келиб ёрдам берди. Болнисага олиб бориб гипс қилдилар. Яхши бўлиб қолди.

Озодлик: Муносабати ўзгармадими – ортиқча гапирмадими булар?

- Йўқ, йўқ! Болнисадагилар фмсчиларга гапириб, “Нимага эртароқ олиб келмадинглар? Шунча пайтдан бери! Одам ўлиб қолса ҳам ишларинг бўлмас экан сенларни!”, деб улар билан бироз жанжал бўлиб олди. Менга ФМС ходимлари “Айтма ҳеч кимга!” деди. Бу ердагиларга шоколад-поколад олиб келиб, оғзини ёпди. Гипс қўйиб анча яхши бўлиб қолди: синган экан кафтидан. Булар врачлар билан кечгача юрди, ёзув-чизув қилди. Мендан “Айтма, айтма. Йиқилиб тушганман деб айт”, дея врачлар билан тўқнашиб олди.

Озодлик: Қачон сизни уйга жўнатадиган бўляпти?

- Унисини билмайман: қачон пул келса ўшанда жўнатамиз, деяпти,- деди Комилжон.

Озодлик Комилжон ва унинг шериклари тақдирини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG