Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:15

Самарқандлик талаба теримда бахтсиз ҳодисадан огоҳлантирилгани ҳақида тилхат бермоқда


Пахта теримига сафарбарликдан олдин Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг талабаларидан “тилхат” ёздириб олинди. “Тилхат”да талаба пахта теримида қатанашмаса институтдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантирилади. Аммо институт расмийлари талабалардан бундай “тилхат” олинганини инкор қилмоқда.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг бир гуруҳ талабалари номидан Озодликка келган мактубда, уларни пахта теримига мажбурий жалб этиш учун “тилхат” ёздириб олинаётгани айтилади:

“Институтда ҳар куни пахта масаласи гап бўлмоқда. Кураторлар талабалардан пахта теримига чиқмасам институтдан ҳайдалишга розиман мазмунидаги тилхатларни мажбурлаб ёздириб олди. Айтишларича, ёки якшанба ёки душанба куни пахтага кетар эканмиз”, дейилади шикоят мактубида.

Тилхат
Тилхат

Талабалар “тилхат” формасини расмга тушириб Озодликка жўнатди. Унда жумладан бундай дейилган:

"Мен ..., Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг ички тартиб қоидалари билан танишдим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва Самарқанд вилояти ҳокими қарорларига, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, институт ректорининг буйруғига асосан қишлоқ хўжалик ишлари(пахта йиғим-терими)га сафарбар қилинганимда, сабабсиз қатнашмасам ва берилган топшириқларни лозим даражада бажармасам талабалар сафидан четлаштирилишим ҳақида институт маъмурияти томонидан шахсан огоҳлантирилдим”.

Тилхатда талабалар Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва институт ректорининг буйруғига асосан пахта йиғим-теримига сафарбар этилиши айтилади.

Аммо, шу пайтгача, Вазирлар Маҳкамаси ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олийгоҳлар талабалари пахта теримига олиб чиқилсин деган мазмундаги ёзма буйруғини ҳеч ким кўрмагани, одатда бундай буйруқлар фақат оғзаки шаклда берилиши айтилади.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг ўқув бўлими бошлиғи Ўктам Сирожиддинов Озодлик билан суҳбатда талабалардан бундай мазмундаги тилхат олинганини кескин инкор қилди:

- Бунақа тилхат ҳақида умуман гап бўлгани йўқ, бекор гап бу. Ҳали пахтага қачон чиқишимиз ҳам эълон қилингани йўқ. Бизда ҳамма пахтага ихтиёрий чиқади. Биласизку, мақсад пахтани омон-эсон йиғиб олишдир, деди Ўктам Сирожиддинов.

Тилхатда, шунингдек, талабалар нохуш ҳодисалардан ҳам огоҳлантирилган:

“Шунингдек спиртли ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслик, рухсатсиз кетиб қолмаслик, маҳаллий аҳолига нисбатан қўполлик ва ҳурматсизлик қилмаслик, техника хавфсизлиги(машина, тракторга осилмаслик) ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишим ҳақида тушунтирилди. Акс ҳолда, яъни юқоридаги талабларга риоя қилмасам тегишли чоралар кўрилишига розиман”

Тилхатда талаба тракторга осилиб, мабодо фалокатга учраса, "талабга риоя қилмагани учун" унга нисбатан қандай чора кўрилиши аниқлаштирилмаган.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова фикрича, олийгоҳлар раҳбарлари ўзларини масъулиятдан озод қилиш мақсадида талабадан шундай мазмундаги тилхат олмоқда:

“Бундан иккита мақсад бор. Биринчиси, талабани қўрқитиб бўлса ҳам пахта тердиришдир. Иккинчиси эса талаба билан пахтада мабодо бирор нохуш ҳодиса бўлиб қолса масъулиятни зиммадан соқит қилишдир. Чунки ҳар йили техника хавфсизлигига риоя қилинмаслиги сабаб, ўнлаб одам нобуд бўлади. Мана, ўтган йилда ҳам 20 дан ортиқ одам пахтада ўлди. Демак, талаба билан бирор кор-ҳол бўлса, "мана биз уни огоҳлантирганмиз, техника хавфсизлигини тушунтирганмиз" деб, сувдан қуруқ чиқиш учун керак, бу тилхат. Бу ерда бошқа маъно кўрмаяпман”, деди Васила Иноятова.

Ўзбекистоннинг бошқа олийгоҳларида ҳам пахта теримига чиқиш учун талабалардан тилхат олиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти талабаларидан "ваъда хати" олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG