Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:50

Мирзачўлда юқори синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилди


Жиззахнинг Мирзачўл туманидаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинган. Айни туманда мактабларнинг 7- 9 синф ўқувчилари далага ҳайдалгани ҳақида мирзачўллик ота-оналардан бири Озодликка маълум қилди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мирзачўлликлардан бири, 8- синф ўқувчиси бўлган қизи шанба ва якшанба кунлари тўлиқ, қолган кунлари ўқишдан кейин синфдошлари билан пахта теримига чиқарилаётганини айтди.

- Мактаб ўқувчилари бизда ҳар куни пахтага чиқариляпти. Болаларга кириб “ўзимиз ташаббус билан чиқдик, деб айтинглар”, дер экан. Лекин мажбурий. Бугун ёмғир бўлса ҳам чиқаришди. Ўқиш номига бўляпти. Фарзандим 8-синф ўқувчиси. Эрталаб соат 8 дан кириш бўладиган бўлса икки соат номига ўқиш бўлади, кейин ҳамма пахтага. “Устозлар пахтада, биз ҳам пахтага чиқишимиз керак”, дейди. “Чиқмайсан, дарсингни ўқи”, десам, “дугоналарим чиқади, чиқмасам бўлмайди”, дейди. Кеча 12 кило терибди. “Устозимни номига топширдим”, дейди. Фақат бизни 14-сонли мактабда эмас, Мирзачўлдаги ҳамма мактабларда ўқувчилар пахтага чиқариляпти, - дейди жиззахлик ота-оналардан бири.

Озодлик Жиззахнинг Мирзачўл туманида ўқувчиларнинг пахтага чиқарилаётгани ҳақидаги иддаоларни текшириш учун айни тумандаги 14-сонли ўрта мактаб директори Бозорбой Раҳимовга боғланди.

Лекин, жаноб Раҳимов саволни эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Аввалроқ, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова Қашқадарё вилояти Касби тумани мактабларининг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилингани ҳақида мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтганларига таяниб, Озодликка маълум қилган эди.

Лекин, шу туман халқ таълими бўлими бошлиғи Озодликка қўнғироқ қилиб, ўқувчиларнинг пахтага чиқарилаётганини кескин тарзда рад қилиб чиққанди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Тошкент ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун ҳам қабул қилган.

Бундан ташқари, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Лекин, шунга қарамай ҳуқуқ фаоллари, Ўзбекистоннинг айрим туманларида мактаб ўқувчилари ҳам пахтага жалб этилаётганини айтишади.

XS
SM
MD
LG