Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:49

Ўшда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳининг 8 нафар аъзоси ушланди


Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Ютубдан
Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Ютубдан

Ўш вилояти милицияси тарқатган маълумотга кўра, 24 декабрда ўтказилган махсус амалиёт чоғида икки нафар Ўзбекистон ва тўрт нафар Қирғизистон фуқароларидан иборат “диний-экстремистик гуруҳ аъзолари” қўлган олинган.

Гуруҳнинг яна икки нафар аъзоси 25 декабрда ушланган.

Гуруҳ аъзолари Ўш шаҳри яқинидаги Қашқарқишлоқ қишлоғида истиқомат қилган Юнусжон Абдужалиловни отиб ўлдирганликда айбланмоқда.

37 яшар Юнусжон Абдужалилов 22 декабрда тўққиз жойидан отиб кетилган ва касалхонада вафот этганди.

Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга кўра, уни ўлдириш буйруғини асли ўшлик Абу Салоҳ исмли шахс берган.

Аб Салоҳнинг ҳозирда Сурияда исёнчилар сафида жанг қилаётган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳига раҳбарлик қилаётгани айтилади.

Ўш вилояти милицияси хабарида таъкидланишича, қўлга олинганларнинг баъзилари Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва жангларда иштирок этган.

Ички ишлар расмийлари гуруҳ аъзоларининг исмларини тўлиқ очиқламаяпти.

Қўлга олинган икки ўзбекистонликнинг бири Самарқанд ва иккинчиси Тошкент вилоятида яшагани хабар қилинади.

Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарда таъкидланишича, Юнусжон Абдужалиловнинг ўлдирилишига унинг Аҳмадия оқимига мансублиги сабаб бўлган.

Қўлга олинганларнинг юриш-туриши, уларнинг ёнидан топилган далиллар асосида бу фуқаролар қайсидир диний экстремистик ташкилотларга алоқадор, деган тахмин бўлган. Шу версия билан ишладик, уларнинг марҳум билан қандайдир идеологик келишмовчилиги бўлган, деган версия бўйича ишлаб, ҳозир тўғри йўлга чиқдик,” дейди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Ашурбаев.

Юнусжон Абдужалиловнинг яқинлари ҳам қотилликка айнан унинг диний кўз қарашлари сабаб бўлган бўлиши мумкин деган фаразга қўшилди.

Марҳумнинг дўсти, ўзини Аҳмадий оқими аъзоси, деб таништирган Ойбек Қодиров баъзи диндорлар уларни “муртад”га чиқарганликларини айтади.

2007 ёки 2008 йилларда Аҳмадий мусулмон жамоатига байъат берганмиз. Биз тўғримизда кўп масжидларда маърузалар қилинган. Бизни муртад, кофирга чиқаришган. Сурияга кетган Сирож дегани бор, у қишлоқ масжидида 3-4 йил имомлик қилган. Ўша ҳам, “уларни ўлдирса бўлаверади, буларни ўлдирганлар ҳар бир томчи қонига савоб олади”, деган. Шундай маърузалар ортидан ёшлар адашяпти,” дейди Ойбек Қодиров.

Қўлга олинган гуруҳ аъзолари 18 декабрь куни Қорасув шаҳридаги хонадонлардан бирига бостириб кириб, 1978 йилда туғилган Т.У., исмли шахсни қаттиқ калтаклаганликда ҳам гумонланмоқда.

Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилаётгани хабар қилинади.

“Тавҳид ва Жиҳод”

"Тавҳид ва Жиҳод" Сурия ҳудудида 2014 йилдан буён алоҳида гуруҳ сифатида президент Ассадга армиясига қарши курашиб келаётганини иддао қилган ўзбек жангарилари жамоатидир.

2014 йилнинг декабрь ойида Интернетда алоҳида саҳифа очган ва ўз логосини ҳам эълон қилган бу катиба тармоқда ўзбекларни жиҳодга даъват қилиб келаётган фаол жангари гуруҳлардан биридир.

Унинг етакчиси эканини даъво қиладиган Абу Салоҳ Ўзбекий исмли жангари ҳақида эса маълумот оз.

Шу кунга қадар Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган ўзбек жангарилари Абу Салоҳнинг қаттиққўл эканини айтганлар.

У ижтимоий тармоқларда бир жанг майдони, бир "Жабҳатан Нусра" байроғи ёнида бўй кўрсатиб тушган видеоларини тез-тез эълон қилади.

Ҳозирча "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳида жами нечта жангари борлиги ва уларнинг қанчаси ўзбек экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

The Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вэйс "Тавҳид ва Жиҳод"катибаси илк бор 2014 йилнинг 28 декабрида YouTube тармоғига видео илгач, минтақани кузатаётган таҳлилчилар диққатини ўзига тортганини ёзади. Унинг ёзишича, аввалига "Жабҳатан Нусра" сафида жанг қилиб юрган ўзбеклар кейинчалик алоҳида жамоатга бирлашиб, Абу Салоҳ етакчилигида "Тавҳид ва Жиҳод" катибасини тузган.

XS
SM
MD
LG