Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:12

Мелисадан тепки еган ҳомиладор аёл мелисани калтаклашда айбланди


Тошкентнинг "Чорсу" бозорида қорнида 6 ойлик ҳомиласи билан милиционер томонидан тепкиланганини даъво қилган 35 яшар Севара Султонованинг ўзи энди айни милиционерни калтакланганликда айбланмоқда. Султонованинг даъвосига кўра, уни калтаклаган милиционер аввалига ишни бости-бости қилишга уринган, аммо кимдир ишонч телефони орқали шикоят қилгач, ИИВ ходимлари аёлнинг ўзини зўравонга чиқаришган.

Аввалига, ҳаммаси бости-бости бўлаётганди...

Озодликка Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 35 яшар Севара Султонова мурожаат қилди.

Аёлнинг даъво қилишича, ўтган йилнинг 12 сентябрида Тошкентдаги "Чорсу" бозорида Шайхонтоҳур тумани ИИБ мулозимларидан бири уни калтаклаган. (Озодлик ИИВ мулозими исмини ошкор қилмаётир - таҳр.)

Аёлнинг арзича, можарога бозорда савдо қилаётган укасининг милиция ходимлари томонидан турткиланиши сабаб бўлган:

- Бозорга тушганимда, милиция ходимлари у ерда савдо қилаётган укамни тортқилаб-судрашаётган экан. 10-12 нафар милиция ходими бор эди. Ҳай қўйворинглар, деб яхши гап билан муомала қилишни бошлаган эдим, исми Й. бўлган милиционер бирдан ёнида турган бир тахлам шим билан бошимга урди. Кейин қорнимга тепди. 6 ойлик ҳомилам бор эди, ҳушимдан кетиб қолибман,- дея арз қилди Севара.

Севара Султоновага кўра, воқеанинг 40га яқин гувоҳи - сотувчилару олувчилар милиционерни тўхтатиб қолган, аёлга эса "Тез ёрдам"ни чақиришган.

- 16-гор больницага борсак, ўзимизни участковой Т. деган йигит аллақачон етиб бориб, докторларга бир нималар, деб тушунтириб юрган экан. Шу билан мени қабул қилишди, олдинига қорнингизга тепишибди, бошингиздан зарба ебсиз, сотрясение бўпсиз, деб турган докторлар, "калтакланганингизни кўрмадик, сотрясение аниқланмади" деб ёзиб беришди. Ҳомилам тушиш хавфи остида бир ҳафта ётиб чиқдим. Лекин ҳалигача аҳволим оғир,- дея арз қилди Севара Озодлик билан суҳбатда.

Шифохонадан чиққач эса, унинг иддаосича, 2 милиционер ариза қилмаслигини сўраб, унга таҳдид қилишган ва у ҳам таҳдиддан қўрқиб арз қилмасликка қарор қилган.

Аммо, ўртага "Ишонч телефони" тушди...

Орадан икки ҳафта ўтиб - 26 сентябрь куни Севара Султоновани "Чорсу" бозорининг участка бўлимига чақиртиришган:

- Ўша воқеа куни кимдир "Ишонч телефони"га телефон қилиб, шикоят қилган экан. Шунга менга "Тушунтириш хати ёзиб беринг, сизни устингиздан шикоят тушди", дейишди. Мени урган подполковникни мен урганмишман. Уни тишлаб олганмишман, тош отганмишман. Мен ўзим 6 ойлик ҳомилам билан ўзимдан кетиб ётган бўлсам, уни уриш қаёқда. 40 тача гувоҳим бўлса, - деб даъво қилди Султонова Озодлик билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, бир томоннинг таҳдиди, иккинчисининг қўрқуви билан бости-бости бўлиб турган можаро ИИВнинг "Ишонч телефони"га қилинган тасодифий шикоят ортидан қўзғалган ва бу сафар милиционердан калтак еган ҳомиладор аёлнинг ўзи айни милиционерни "тишлаб олган", "унга тош отган" ва "ИИВ ходимининг икки оёғи орасига тепган" бўлиб чиққан.

- 6 январь куни Шайхонтоҳур туман прокуратурасига чақиришди. Борсам, тергов расман тугади, сизга 219-модда билан айблов қўйилди, дейишди. Кейин икки кундан кейин яна чақириб, яна иккита модда қўшишгани айтишди. 139, 140-моддаларни ҳам қўйишибди. Энди судга чақирамиз, деган. Мен ҳозир мени урган мелисани ҳомиладор ҳолимда уришда айбланиб, суд қилинадиган бўлиб турибман, - дея нолиди Севара Султонова.

"Ишонч телефони"га бир сафар ишонгандик...

Севара Султонова 3 фарзанднинг онаси. Милициянинг тепкиси остида тушишга бир баҳя қолган учинчи фарзанди 14 декабрь куни туғилган.

Турмуш ўртоғи бор, аммо у исми очиқланишини истамади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Султонова бу каби "мелиса туҳмати"га 2013 йилда ҳам учрагани, ўшанда "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилгани ва оқибатда, ўзи айбдор бўлиб қолганини айтди.

У бу гал калтакни еб, дардини ичга ютиб кетишга рози бўлгани, аммо нотаниш гувоҳнинг қўнғироғи боис, яна туҳматлар остида қолганини даъво қилди.

Мурожаати сўнгида Севара Султонова Озодлик радиоси орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилиши ва улардан ёрдам кутиб қолишини алоҳида таъкидлади.

Милицияни калтаклашда айбланган Севара Султонова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00
Бевосита линк

Озодлик Севара Султонова билан судлашаётган ИИВ ходими билан боғланишга уринмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG