Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:11

Бухоролик она МХХни тадбиркор ўғлини уриб ўлдирганликда айбламоқда


Марҳумнинг онаси жўнатган суратларни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўрганмоқда. 
Марҳумнинг онаси жўнатган суратларни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўрганмоқда. 

Бухоролик Хурсанд Ражабова 44 яшар тадбиркор ўғлини Миллий хавфсизлик ходимлари қийнаб ўлдирганини даъво қилмоқда. Озодлик билан суҳбатда Ражабова ўғиллари Раҳим ва Илҳом Ибодовлар ўтган йил август ойида қамалгани, бир ой ўтиб қамоқдан Илҳомнинг ўлиги чиққанини айтади.

- Ўғлимни СНБ олиб кетди, 28 кун деганда ўлдириб олиб келиб берди. Ўғлимни қийнаб, уриб ўлдириб олиб келиб берди. Шунча вақт ўтди, Илҳомжонни ўлдирганларга чора кўрилмаяпти. Мен Бухоро вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимларини ўғлимни ўлимида айбдор деб биламан, улар қонун олдида жавоб беришлари керак, - деди Озодлик билан суҳбатда Хурсанд Ражабова.

Бухоро шаҳридаги “Ситора” автомобиль бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 44 ёшлик Илҳом Ибодов ва унинг акаси 48 ёшлик Раҳим Ибодовлар ўтган йил 16 август куни савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Бир ой ўтиб Бухоро Миллий хавфсизлик бошқармаси тергов изоляторидан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиқди. Акаси Раҳим Ибодов эса Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 189 – моддаси - Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 243-модда - Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш¸ ҳамда 177-моддаси - Валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки сотишда айбли топилиб, саккиз йилга қамалди.

- Катта ўғлим Раҳимжонни ноҳақ айбловлар билан саккиз йилга қамашди. Қийнаб, бўйнига қўйишган. Илоҳомжонни қийнаб ўлдиришган, - дейди Хурсанд Ражабова.

Илҳом Ибодовнинг Озодликка етиб келган қамоқдан чиққан жасади суратларида мурданинг қорин ва бел қисмларида кўкарган жойлари ва оёғида жароҳатларини кўриш мумкин.

Марҳумнинг онаси жўнатган суратларни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўрганмоқда.

Марҳумнинг синглиси Дилфуза Ибодова жасадда бошқа қийноқ белгилари ҳам бўлганини айтади:

- Оёқ тирноқларини ичига бигиз тиқилгани белгилари ҳам бор эди. Иккита почка, бел тарафи умуман кўкариб кетган, оёғида шилинган жойлари ҳам бор эди. Ҳозир саккиз йилга қамалган Раҳим акам ҳам унинг кўзи олдида Илҳом акамни қийнашганини айтиб берди. Илҳом акамни Раҳим акамни олдида, Раҳим акамни Илҳом акамнинг олдида қийнашган, - дейди Дилфуза Ибодова.

Бухоро вилоят суд-тиббиёт экспертизаси Илҳом Ибодов ўлими сабабларини ўрганиб, маҳбус тергов изоляторида юрак хуружидан вафот этган, деган хулосани чиқарган.

Марҳумнинг синглиси Дилфуза Ибодова акасининг юраги билан боғлиқ муаммоси бўлмаганини айтади.

- Тўғри, юрак хуружидан, ўз ажали билан ўлди, деб бизга ҳам айтишди. Лекин, бирон марта акам юрагим оғрийди, деб айтмаганди, - дейди Дилфуза Ибодова.

Францияда жойлашган "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бухородаги ушбу қийноқлар даъвосини ўрганиб, халқаро ташкилотларга тақдим этган.

Ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева Илҳом Ибодов ўлими юзасидан текширув ўтказилишини талаб этмоқда:

- Ҳозир биз халқаро ташкилотлар, қийноқларга қарши курашувчи халқаро ташкилотлар кўмаги билан Ибодов ўлими юзасидан суриштирув ўтказилишига эришмоқчимиз, - дейди Тожибоева.

Тобутлар карвони

Бу сўнгги олти ой ичида Озодлик ўрганган ўзбек қамоқхонасидаги бешинчи ўлим ҳолатидир.

11 февраль куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли қамоқхонадан 44 яшар Достон Абдураҳмоновнинг ўлиги чиққани ҳақда Озодлик хабар берди.

Диний айбловлар билан қамалган Абдураҳмоновнинг қийноқлардан вафот этгани айтилган.

8 февраль куни Озодлик ўғирликда айбланиб 16 йилга қамалган жиззахлик 29 ёшли Шаҳоб Маҳкамовнинг майити Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан Жиззах шаҳрининг Кўтарма маҳалласидаги уйига келтирилганини Озодлик аниқлади.

Февраль ойи бошида эса Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалган 42 ёшли Маҳмуджон Ҳасановнинг ҳам жасади чиққан эди.

Ноябрь ойида 32 ёшли Икромжон Низомовнинг майити Тошкентдаги 64/18-сонли қамоқ касалхонасидан Андижоннинг Қорасув шаҳридаги уйига келтирилгани маълум бўлди.

Қийноқлар Ўзбекистон турмаларида ва полиция бўлинмаларида жуда кенг тарқалгани айтилади.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига кўра, қўлга олинганлардан иқрорлик кўрсатмаларини олиш мақсадида уларни калтаклаш ва зўрлаш систематик тус олган.

Қўмитага келиб тушган аризаларга мувофиқ, баъзи ҳолларда ҳибсга олинганлар қийноқлардан вафот этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналарда қийноқлар системати эканини рад этиб келади.

Ўзбекистон расмийлари иддаосича, ўтган йилда маҳкумларни қийноққа солиш ҳолатлари бўйича 61 та шикоят кўриб чиқилган ва шулардан 3 таси ўз тасдиғини топган.

XS
SM
MD
LG