Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

“Андижондонмаҳсулот” ишчилари ошқовоқни тугатиб, баклажка кесишга киришди


"Андижондонмаҳсулот" ОАК
"Андижондонмаҳсулот" ОАК

Ошқовоқни экиб бўлганидан сўнг пахта зараркунандаларига тузоқ тайёрлашда фойдаланиладиган баклажкаларни кесишга мажбурланган "Андижондонмаҳсулот" ишчилари уч ойдан буён маошсиз қолмоқда. Корхона ишчиларининг Озодликка айтишларича, бундан ташқари комбинат ишчилари уйлари бузилаётган одамларга ёрдам бериш учун сафарбар қилиняпти.

“Андижондонмаҳсулот” акциядорлик жамияти ишчилари февраль ойидан буён маошсиз қолмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган корхона ишчиларига кўра, уларнинг арзу-додига корхона раҳбарияти эътибор ҳам бермаяпти:

- Охирги олган маошимиз январь ойи учун эди. Ўшандан буён ҳеч вақо йўқ. Ойлигимиз ҳам кўп эмас, кўп бўлса 600-700 минг сўм ойлик оламиз. Ахир бизнинг ҳам тирикчилигимиз бор, йўлкирамиз бор, абедимиз бор, бола-чақамиз бор. Раҳбарларга айтсак, ана эртага, ана индин деб, алдаб келяпти. Ишчилар жуда қийналиб қолди, деди исми сир қолишини сўраган корхона ишчиларидан бири.

Суҳбатдош, маош бермаётган раҳбарлар уларни турли хил қўшимча ишларга сафарбар қилишаётганини айтади:

- Мана яқинда ошқовоқ экишдан қайтдик. Бугун эса бошқа ишга мажбурлашди. Пахта зараркунандаларига қарши тузоқ тайёрлаш учун баклашкаларни оғзини кесиб, уларни рейкаларга ёпиштириб чиқдик. Баклашканинг ўша кесилган оғзи тескари қилиниб, ўзига тиқиб қўйиляпти. Фермерларнинг айтишларича, бунинг ичига қандайдир суюқлик қуюлар экан ва ҳашарот ўшанга кириб ўлиб қолаверар экан. Эртага ўша баклашкаларни пахтазор ичига қоқиб чиқамиз экан, дейди ишчи.

Унинг айтишича, бундан ташқари корхона ишчилари уйлари бузилаётган одамларга ёрдам бериш учун жўнатилмоқда:

- Эски шаҳарнинг Олтинкўл кўчасидаги йўл бўйидаги уйлар бузиляпти. Ҳар куни ана шу бузиладиган уйларнинг эгаларига ёрдам бериш учун одам жўнатиляпти. Бориб уйларни бузиш, нарсаларини ташиш ишларига қарашамиз. Бу ҳам мажбурий. Бунга қўшимча ҳақ тўланмайди. Фақат биз эмас, балки Андижон шаҳрининг бошқа ташкилотларидан ҳам одамлар сафарбар этилган, деди корхона ишчиси.

Ишчининг бу гапларини Озодлик суҳбатлашган бошқа ишчилар ҳам тасдиқлади.

Ўзини “Андижондонмаҳсулот” акциядорлик жамияти раисининг ёрдамчиси Бобуржон деб таништирган мулозим, ишчиларнинг февраль ойидан буён маошсиз ишлаётгани борасидаги иддаоларини тасдиқламади:

“Маошлар ўз вақтида бериб бориляпти. Тўғри Бош вазирнинг қарорига бионоан ишчиларимиз икки кун ошқовоқ экишда қатнашди. Лекин бошқа ишларга сафарбар этилгани йўқ”, деди мулозим.

Озодлик Андижон вилоятидаги корхона ва ташкилотлар ошқовоқ экишга оммавий сафарбар этилгани хусусида илгари хабар берган эди.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳам мамлакатда ишчиларга ойликларнинг кечиктирилиши меҳнат қонунчилигининг энг кенг тарқалган бузилиши бўлиб қолаётганини тан олган эди.

Вазирликка кўра, ўтган йилда бу билан боғлиқ тўрт мингта шикоят тушган ва қонун бузилишлари бўйича иш берувчиларга 1,5 миллиард сўм миқдорида жарима солинган.

XS
SM
MD
LG