Россиянинг Тверь шаҳрида тўрт нафар Ўзбекистон ватандоши “Исломий давлат” террорчили гуруҳига аъзоликда айбланиб, суд қарори билан 28-30 йиллик қамоққа маҳкум этилди. Терговчиларга кўра, судланганлар гуруҳи нафақат Сурияга жангари ёллаганликда, балки талон-тарож, қотиллик, қалбаки пул тарқатишда ҳам айбдор деб топилган.
Москва округ ҳарбий судининг сайёр коллегияси жума, 29 июль куни тўрт нафар ўзбекистонлик муҳожир – Отахонов Г.З., Жумаев Г.Н., Камолдинов Д.Р., Қаххоров А.А.ларни “диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда” айбдор деб топди ва узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлади.
Терговни олиб борган Тверь вилояти Тергов қўмитаси раҳбари катта муовини, адлия лейтенанти Валерия Павлова судланган ўзбекистонликлар террорчи ташкилотга аъзоликда гумонланиб жиноий жавобгарликка тортилганини Озодликка маълум қилди.
- 29 июль куни судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқилди ва биз тақдим этган барча моддалар бўйича улар суд томонидан айбдор деб топилди. 4 киши судланган бўлса, улардан биттаси – Отахоновга 30 йил, Жумаев, Камолдинов ва Қаххоровларга 28 йилдан қамоқ жазоси тайинланди. Биринчи 10 йилни улар қамоқхонада, қолган муддатни эса қаттиқ режимли колонияда ўтказишади. Улар террорчилик ташкилотга аъзоликда, бу ташкилотга кўмаклашишда, террорчиликни молиялаштиришда, Москва вилоятидан Тверга дам олгани келган икки нафар шахсни ўлдирганликда, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилишда айбдор деб топилди, деди Валерия Павлова.
Терговчига кўра, Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-, 162-, 166-, 167-, 205-,1 ва 205-, 4- моддаларининг қатор бандлари бўйича айбланган мигрантлар Ироқ ва Суриядаги "Исломий давлат" экстремист ташкилотига аъзоликда айбли, деб топилди.
Москва округ ҳарбий суди хулосасида айтилишича, улар 2014 йилдан бери ноқонуний яшаб келган ва интернет орқали ИШИД вакиллари билан мунтазам алоқада бўлган.
Ижтимоий тармоқларда ИШИД сафларига кирмоқчи бўлган россияликлар билан танишиб, уларга ИШИДчилар билан боғланиш мумкин бўлган маълумотларни бериб келганлар. Шунингдек, ўзбекистонликларнинг Россиянинг марказий ҳудудларида сохта пулларни тарқатиш билан шуғуллаганликда айбдор экани исботланди.
Ўзбекларнинг судланиши ҳақида "Вести" хабари
Ўзбек муҳожирлари Россия Федерал Хавсизлик хизмати (ФСБ) ва полиция махсус амалиёти натижасида қўлга олинган.
ФСБчилар хабарига кўра, 2014-2015 йилларда махсус хизмат ходимлари “Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги жанговар ҳаракатларга одам ёллаб, жўнатиш билан шуғулланаётган” тўрт нафар Марказий Осиё ватандошини аниқлаган.
2014 йилнинг 14 октябрида Москва вилоятининг Химки шаҳридан Тверь вилоятидаги дала ҳовлисига дам олишга кетган эр-хотин Дмитрий ва Ольга Гловацкийлар йўқолиб қолади.
Икки кундан кейин Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари Орехово-Зуево шаҳарчасида қалбаки ҳужжатларни тақдим этган машина ҳайдовчисини ушлаб қолади.
Бу шахс полициячиларга Тожикистон ватандошига тегишли ҳужжатларни тақдим этган.
Тергов давомида ўзбекистонлик 29 яшар Отахонов Г. экани аниқланган бу шахс химкилик эр-хотиннинг йўқолиб қолганига алоқаси борлиги маълум бўлди. Бу йигит уларнинг ҳовлисида бир ой давомида қурилиш ишларини олиб борган экан.
Кейинроқ у терговчиларга “ИШИД террорчи ташкилотига алоқаси борлиги”, унга “аъзо бўлиш учун ҳар нарсага ҳозирлигини намойиш этиш мақсадида учта ўзбекистонлик шериги билан дала ҳовлисида эр-хотинни ўлдирганини айтиб беради. Қотиллик 2014 йилнинг 11 октябрига ўтар кечаси содир бўлади.
Суроқ давомида ўз айбига иқрор бўлганлардан бири улар мурдаларни ўрмонга кўмгани, кийим-кечак ва жиноятга алоқадор буюмларни ёқиб юборганини айтади.
Тергов хулосасида ўлдирилганларга тегишли пул,олтин тақинчоқлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар “террорчилик ташкилотини молиялаштириш учун устозига топширилган”. Полиция жиноятчилар воқеа жойидан 428 минг рубль ва автомобилни олиб қочганини аниқлади.
Озодликка бу маълумотларни тақдим этган Тверь вилояти Тергов қўмитаси расмийси Валерия Павлова жиноий гуруҳни Отахонов бошқариб келгани, у ўзи Ўзбекистонда “террорчилик характерга эга жиноятларни содир этгани учун халқаро қидирувда бўлгани”ни билдирди.
- Қўйилган моддалар бўйича уларга ундан ҳам оғирроқ жазо – умрбод қамоқ тайинланиши мумкин эди. Терговчилар билан ҳамкорлик қилгани ҳисобга олинди. Биз уларга айнан шундай жазо белгиланганидан мамнунмиз, деди Валерия Павлова.
Жорий йилнинг 26 июлида Тверь вилоят полицияси ва ФСБси “Исломий давлат” жангарилар гуруҳига алоқадорликда гумонланиб Тверь шаҳрида бир гуруҳ шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. Катта миқдорда экстремистик адабиёт мусодара қилингани айтилган марказий осиёлик бу айбланувчилар ҳам 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлиги айтилди.
Россия президенти Владимир Путин июль бошларида имзолаган қонунда террорчилик ва экстремистик руҳдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарликни оширилиши кўзда тутилган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқшунослар “Единая Россия” партиясининг Думадаги депутати Ирина Яровая ва Сенатдаги вакили Виктор Озеров томонидан ишлаб чиқилган “террорчиликка қарши қонунлар пакети” Россияда жазоловчи тизимнинг янада кучайишига олиб келишидан огоҳлантираётгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.
Эслатиш жойизки, Россияда сўнгги йилларда ИШИД ва бошқа террорчи-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб ҳибс этилган, судланган ўзбек-тожик муҳожирлари сони кескин ошиб бораётгани хабар қилинмоқда.