Россиянинг Приморье ўлкаси суд ижрочилари авиакомпаниялардан депортация қилинаётган ўзбек муҳожирлари учун чипта нархларини камайтиришни сўраб мурожаат қилди. Бу таклиф Артём шаҳрида жойлашган Хориж гражданларини сақлаш марказида бадарға қилинишини кутаётган юздан ортиқ мигрантлар очлик эълон қилганидан кейин берилгани эътиборга молик. Суд приставлари ўзбекистонлик муҳожирларни маҳаллий диаспора кафиллиги остига уларнинг юртдошлари қарамоғида сақлаш ғоясини ҳам илгари сурмоқда.
“Авиаширкатлар чипта нархларини камайтирсин!”
Приморье ўлкаси Суд ижрочилари федерал хизмати (ФССП) Ўзбекистонга парвоз қилаётган авиаширкатлардан Россиядан чиқариб юборилаётган Ўзбекистон ватандошларига авиачипта нархларини пасайтиришни сўраб мурожаат ҳозирлади.
- Бу таклиф Владивостокдан Тошкентга чартер рейслари ёрдамида йўловчи ташиётган авиакомпания вакилларига жўнатилди. Ҳозирча жавобини олмадик... Тошкентга учаётган Ўзбекистон ватандошлари учун чипта нархлари ўта юқорилигича қолмоқда. Боз устига, хорижликларнинг кўпида чипта сотиб олиш учун зарурий ҳужжатлар йўқлиги депортацияни янада мураккаблаштирмоқда, дея Интерфакс нашрига хабар қилди Приморье суд ижрочилари матбуот хизмати.
Мигрантлар депортацияси билан шуғулланувчи приставлар хизмати, шунингдек, авиакомпаниялар доим ҳам зарур бўлган ўринларни ажрата олмаслиги муаммо бўлиб турганини таъкидлади.
Матбуот хизмати маҳаллий бюджетдан келиб тушган маблағ ҳисобигагина мигрантлар ўз юртларига жўнатилаётганини билдирмоқда. Биргина ўтган шанба-якшанба кунлари Приморьедан шу тариқа 19 киши чиқариб юборилгани маълум бўлди.
ФССП бошқармасига кўра, йил бошидан бери Приморье суд ижрочилари Россия чегарасигача 467 муҳожирни кузатиб қўйгани, ваҳоланки ўтган 2015 йил давомида миграция қонунини бузган 452 одам бадарға қилингани маълум. Қонунга мувофиқ, маъмурий депортация федерал бюджет ҳисобидан амалга оширилади. 2016 йилнинг биринчи 4 ойи давомида миграция қонунчилигини бузган муҳожирларни чиқариб юборишга 6 миллион рубль маблағ сарфланган.
Приморье суд ижроия ходимлари ўз хатларида ўзбекистонлик муҳожирларни тўлиб-тошган ва шароитлари йўқ депортация марказида эмас, маҳаллий диаспора кафиллиги остига уларнинг юртдошлари қарамоғида сақлаш ғоясини ҳам илгари сурди.
Улар буни бюджет тақчиллиги ва марказдан суд приставлари хизматига ажратилаётган маблағларнинг кескин камайгани билан изоҳламоқда.
“Масала ечими битта: Ўзбекистондан доимий рейс очилиши керак!”
Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков Озодликка депортация қилинаётган муҳожирлар билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.
Диаспора раиси фикрича, муҳожирларни кафиллик остида яқинлари қарамоғига чиқариш ҳам муаммони бартараф этмайди.
- Спецприёмникдагиларнинг ким қанақа эканини биз қаердан биламиз?! Нияти, мақсади нима у одамни - Россияда қолишми ё чиқиб кетишми? Юз фоиз жавобгарликни бўйнимизга олиб, у одам бошқа ёқдан чиқиб турса... Маҳаллий органлар, Ўзбекистон органлари бор бунинг учун. Бундай кафилликни биз бўйнимизга оломаймиз. Спецприёмниклар бўлмасдан олдин аёлларимизни турмаларларга қамашарди. Ўша вақтларда аёлларни ўз ёнимизга олиб, билет олиб бериб, приставлар билан Ўзбекистонга чиқарганмиз. 50-100 одамни чиқариб олиб, уларга кафиллик бериш тўғри бўлмайди, менимча, деди диаспора раҳбари.
Баҳодир Нураков коррупциялашган ва порахўрликка ботган маҳаллий идоралар вазиятни ўзгартиришга шошилмаётгани, мавжуд ҳолат уларга қўшимча даромад манбасини яратаётгани ҳеч ким учун сир эмаслигини иддао қилди.
- Мен дўхтирман. Бизда касални даволашдан кўра, профилактика олиб бориш маъқул дейилади. Бу ердаги органлар фақат депорт қилиш билан овора. Ҳамма мигрант ҳужжат билан ишлаб юргани яхши эмасми? 100 депорт қилган одамни ўрнига яна 100 олиб тиқиб қўйиш мумкин. Мигрантларга нолегал юриш зиёнлигини ўзлари ҳам тушуниб етган аллақачон. Полиция ушлаши мумкин, расман ишга кираолмайди, ҳужжатсиз шартнома тузмайди... Ўтган йили бизда РВП 75 минг рубль бўлиб кетди, патентлар “қўл ҳақи” – 18 мингга чиқди. Ундан ташқари сертификат олиш, тиббий кўрикдан ўтиш керак. Натижада “нелегаллар” жуда кўпайиб кетди. Ваҳоланки биз неча маротаба бу вазиятдан огоҳлантирган эдик, "Кейин депорт қилишга пулларинг етмай қолади” деб айтган эдик, дейди янги миграция тартиблари муҳожирларнинг нолегал ҳолатга ўтишга мажбур этганини гапирган Баҳодир Нураков.
Суҳбатдошнинг фикрича, эски Миграция хизмати тугатилиб, янги миграция бошқармаси тузилиши ўз якунига етмагани муҳожирлар депортацияси билан боғлиқ вазиятни чигаллаштириб юбормоқда.
- ФМСдан МВДга ваколатлар топширилаётгани учун тушунмовчиликлар бўлаяпти. Ким нима қилиши керак, қаерга топшириши керак, мутахассислар ўзгараяпти, тизим янгиланаяпти... Қолаверса, бу ердан Ўзбекистонга тўғри рейслар йўқ- чартер рейслар учаяпти. Улар эса нархларни оширвораяпти, чунки хусусий! Гап шундаки, депортация бўлаётган одам тўғри Ўзбекистонга учиши керак, акс ҳолда уларни Москва ёки Новосибирск орқали кимдир кузатиб бориши шарт. Суд приставларига бу қимматга тушиб кетаяпти. Тўғри рейслар ҳозир 30-35 минг рубльга тушаяпти, Москва орқали- 22-23 минг рубль. Спецприёникда ўтирганларга ҳам қимматга тушаяпти. Мен чартер рейс эгалари нархларни туширишига ишонмайман, чунки улар коммерсант. Масала ечими битта: яқинда биз “Ўзбекистон ҳаво йўлларига” бу ердаги ФССП ва ИИБдан хат олиб, таклиф билан чиқамиз: Ўзбекистондан бу ерга расмий рейс қўйилсин ва унинг маълум даражада фиксация қилинган нархи чиқариб берилсин, деди Баҳодир Нураков.
Минтақадаги ягона Артём шаҳридаги Хориж гражданларини сақлаш маркази(СУВСИГ)да ўтган ҳафтада 30 зиёд асосан ўзбекистонлик мигрантлар очлик эълон қилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди. Бу акциядан олдин худди шу СУВСИГда тоқати тоғ бўлган икки нафар тутқун қўлини кесгани жамоатчилик эътиборини ўзига қаратган эди.
Шунингдек, 67 кишига мўлжалланган депортация лагерида 107 нафар муҳожир ушлаб турилгани тўғрисида маҳаллий Жамоатчилик кузатув комиссияси аъзолари эълон қилган эди.
Артём спецприёмнигини кўздан кечирган Приморье жамоатчилик кузатувчилари вазият ўзгармаса муассасада ҳолат янада кескинланиши мумкинлигидан маҳаллий ҳукуматни огоҳлантирди.