Россия Тергов қўмитаси тожикистонлик гўдак Умарали Назаров ўлимида "жиноятчилик аломати" топилмагани ва жиноий иш ёпилганини маълум қилди. Назаров оиласи адвокати Европа судига арз қилишини билдирди. Умарали яқинлари тергов хулосасига ишонмаслигини айтади.
Россия Тергов қўмитаси Умарали Назаров ўлимида "жиноятчилик аломати" топилмагани сабаб жиноий иш ёпилганини маълум қилди.
Тергов қўмитасининг хулоса қилишича, 5 ойлик Умарали цитомегаловирус инфекцияси касаллиги оқибатида вафот этган.
Умарали Назаровнинг ўлими Россия ва Тожикистонда жамоатчилик орасида кукчли норозиликларни уйғотди.
Кўпчилик полициянинг болани онасидан ажратиб олиниши лоқайдлик ва жиноят, деб атади.
Тожикистон расмийлари Россиядан бу воқеа юзасидан тергов ўтказишни талаб қилди.
Москвадаги Тожикистон элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлиги Умаралининг оиласига ҳамдардлик билдирганини айтди.
11 ноябрь куни Россия президенти ҳузуридаги бола ҳақлари бўйича вакил Павел Астахов мазкур ишнинг қайта кўриб чиқилишини талаб қилди.
Россия Тергов қўмитаси чиқарган қарор бўйича, тожикистонлик болакайнинг ўлимида Россия миграция, полиция ходимлари ва врачлари айби ўз исботини топмади.
Тергов қўмитасининг Санкт-Петербуг бошқармаси бош матбуот котиби Сергей Капитоновнинг айтишича, Умаралининг ўлимига сабабчи бўлган "ҳеч бир омил", топилмади.
- Судмедэкспертиза хулосалари бўйича, болакай ўлимига вирус инфексияси сабаб бўлган. Умарали муҳлатдан олдин туғилган ва болакайнинг ҳимоя тизими кучсиз бўлгани аниқланди, - деди Сергей Капитонов.
Ўз навбатда Умарали Назаров оиласи адвокати Ольга Цейтлина, Россия Тергов қўмитаси қароридан норози экани ва инсон ҳуқулари бўйича Европа судига арз қилишини билдирди.
Марҳум болакайнинг яқинлари экспертиза хулосасига ишонмасликларини билдирди.
Уларга кўра, Умарали полиция ходимлари уни онасидан тортиб олгунларига қадар соғлом бўлган.
2015 йилнинг 13 октябрда беш ойлик Умарали Назаров онаси Зарина Юсупова миграция қоидасини бузганлигини ҳужжатлаштириш учун Санкт-Петербург шаҳри Адмиралтей тумани ички ишлар бўлимига олиб борилади.
Полиция бўлимида беш ойлик болакай онасидан зўрлик билан тортиб олинади.
Орадан беш соат ўтгач суд Зарина Юнсуовани Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқаради.
Суддан чиққандан сўнг Зарина боласини излаб полиция идорасига боради.
Полиция ходимлари болакайнинг қаерда эканини айтмайди.
Орадан бир кун ўтиб, 14 октябрь куни эрталаб, Заринага телефон қилишиб, Умарали касалхонада жон бергани ва жасадни касалхона моргидан олишлари мумкинлигини айтишади.
Болакайнинг вафотидан кўп ўтмай Санкт-Петербург Тергов қўмитаси жиноий иш очди.
Федерал миграция идораси ҳамда болани онасидан тортиб олган полиция ходимлари амаллари қанчалик қонунга мос бўлгани юзасидан текширув бошлади.
Зарина Юнусова, мазкур жиноий ишда жабрланувчи сифатида қайдга олинган эса-да, Россиядан депортация қилинди.
Россияда ишлаш учун келаётган марказий осиёлик аёллар орасида ёш болали ёки Россияда фарзандли бўлган аёллар кам эмас.
Ҳозир Россиянинг Челябинск шаҳри хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш марказида 100га яқин меҳнат муҳожири орасида ўзбекистонлик аёл 3 ойлик чақалоғи билан ушлаб турилибди.
Озодлик мурожаатидан сўнг депортация маркази расмийси жорий ҳафта давомида ўзбекистонлик ёш болали аёлни ватанига юборишга ваъда берди.