Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:15

Террорчиликда айбланаётган ўзбеклар шахси очиқланди


Гумонланувчи Муҳаммад Мирзаев (ўнгда)
Гумонланувчи Муҳаммад Мирзаев (ўнгда)

Москванинг Мешчанский туман суди Москва ва Санкт-Петербургда портлаш уюштиришда гумонланиб қўлга олинган яна 2 ўзбекистонликни кейинги 2 ойга ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди. Олдинроқ бошқа 2 ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди.

Умуман эса, бу иш юзасидан Россиянинг иккала шаҳрида ФСБ жами 4 ўзбекистонлик, 6 қирғизистонлик ва 1 тожикистонликни қўлга олгани айтилди. 10 нафари этник ўзбек ва 1 нафари этник тожик бўлган 18 дан 32 ёшгача бўлган муҳожир йигитлар портлаш уюштиришдан ташқари қурол-яроқ сақлаганликда ва “Ислом давлати” жангарилари билан алоқа қилганликда айбланмоқда.

Аммо, ҳибс этилганларнинг яқинлари ва ҳатто маҳаллий оммавий ахборот воситалари махфий хизматлар келтираётган иддаоларга жиддий шубҳа билан ёндошмоқда.

Москва шаҳар Мешчанский туман суди қарори билан Ўзбекистон ватандоши бўлган яна 2 муҳожирнинг террорчилик амалиётини ҳозирлашда гумонланиб ҳибсга олингани тўғрисидаги маълумотни Озодлик Мешчанский туман суди матбуот котиби Юлия Бочаровадан олди.

- Улар 14 ноябр куни ҳибсга олинган эди. Бу иш юзасидан иккита ишни кўриб чиқдик. Тўрақулов ва Эсонбоев иккалови кейинги йилнинг 12 январигача тергов остида қамоқда сақланадиган бўлди, деди Юлия Бочарова.

Суд расмийсидан олинган маълумотга кўра, 1993 йилда туғилган Шуҳратбек Эсонбоев ва 1968 йилда туғилган Рўзибой Тўрақулов Ўзбекистон ватандошларидир.

12 ноябрда Санкт-Петербургнинг Калинин туман суди қарори билан ўзбек миллатига мансуб яна 10 нафар муҳожир ҳибсга олинган эди.

Озодлик булардан иккитаси Ўзбекистон ватандоши бўлган фарғоналик 24 яшар Фазлиддин Қодиров ва 22 яшар Толибжон Маҳмудовлар эканини аниқлади.

Қолган олти киши Қирғизистондан экани айтилди. Булар:

Давронбек Воҳидов -29 ёшда;

Мардонбек Воҳидов – 32 ёшда;

Шерзод Маҳмудов– 31 ёшда;

Муҳаммаджон Мирзаев- 22 ёшда;

Толипжон Мирзажонов – 18 ёшда.

Расмий хабарларга кўра, петербурглик мигрантларда иккита Калашников автомати, Макаров пистолети, граната ва “портловчи моддага ўхшаш” воситалар мусодара қилинган.

Ҳозирча Россия махфий хизматлари ушланганларнинг ИШИДга ёки бошқа террорчилик ташкилотлари билан бевосита алоқа қилгани тўғрисида бирор исбот-далил келтирганича йўқ.

Ўзбек муҳожирлари Санкт-Петербургда
Ўзбек муҳожирлари Санкт-Петербургда

Айни пайтда Россия оммавий ахборот воситаларида Тожикистон ватандоши бўлган Умар Мирзоев Пулково аэропортида қўлга туширилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди. 25 ёшли душанбелик бу шахс “2015 йилда “Ислом давлати” жангарилар гуруҳига аъзо бўлиб, Россияда “жиҳодчилар”ни ёллаб келган”ликда айбланди. ФСБ тарқатаётган маълумотларга биноан, Умар Мирзоев Петербург ва Москвада ушланган ўзбек муҳожирларига “бошчилик қилган”, уларнинг “ғоявий тайёргарлиги” билан шуғулланган.

ФСБ сиздираётган маълумотлардан гуё ИШИД билан бевосита алоқада бўлиб турган тожикистонлик Мирзоев ўзбек йигитларини Сурияга жўнатишдан олдин “Россияда террорчилик акцияларини уюштириш”га ундаганини англаш мумкин.

Россияда террорчилик ҳуружини ҳозирлашда айбланаётган шахслар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205.5 моддаси 2 қисми (“террорчи ташкилотга аъзолик”), 222 моддаси 2 қисми (“қурол ва аслаҳанинг ноқонуний айирбошлаш”) ва 222.1 моддаси 2 қисми (“портловчи модда ёки мосламаларнинг ноқонуний сотиб олиш, сақлаш ва айирбошлаш”) асосида жавобгарликка тортилди.

“Улар ҳатто намозхон эмас!”

Маҳаллий журналистлар рўйхатда келтирилаётган шахсларнинг ижтимоий тармоқдаги профилларини кўздан кечириб, уларни “медиа қурбонлари” деб атади.

ИШИДга алоқадорликда гумонланаётган ўзбеклардан бири
ИШИДга алоқадорликда гумонланаётган ўзбеклардан бири

Масалан, Муҳаммад Мирзоев ВКонтактедаги саҳифасида Қуръондан олинган суралардан тортиб, Георгий лентаси ва Донбасс учун курашга даъватлар эълон қилинганини кўриш мумкин.

Озодлик қўлга олинган йигитларни шахсан таниган ўзбекистонлик билан суҳбатлашиб, “жиҳодчилик” ва “террорчилик”да айбланаётганлар ҳатто намозхон эмаслигини аниқлади.

Айбланувчи Фазлиддин Қодировнинг Аброр исмли дўсти уларнинг маҳаллий полиция ФСБ тузоғига тушиб қолгани тўғрисида Озодликка сўзлаб берди.

- У ердаги ҳаммасини танийман, аммо Фазлиддин дегани билан яқин ўртоқ эдик. Нариги йигитлар қирғизистонлик ўзбек йигитлар. Хуллас, уларни “подстава” қиворишди. Ўртоғим ўзи яқинда келиб, ишлаб юрувди. Жой йўқлиги сабабли қирғизистонлик боллар билан квартирада турарди. Намоз ўқишни ҳам билмасди ўртоғим! Уларни бошлиғи дейилаётган Даврон деган бола ҳам ўқимасди - қолганларни билмадим, деди Аброр.

У ўзбекларнинг қўлга олинишининг бироз бошқа сабабларини билиши тўғрисида гапирди.

Рус ОАВида эълон қилган Фазлиддин Қодиров паспорти
Рус ОАВида эълон қилган Фазлиддин Қодиров паспорти

Суҳбатдошнинг айтишича, жисмонан бақувват бўлган Фазлиддин “РЕКС”тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаб келган.

“Муаммолар худди шу ерда “охранник” бўлиб ишлаган Даврон Воҳидов клуб эгаси Рома билан тортишиб қолганидан кейин бошланди”, дея давом этади Аброр.

- Даврон Питерда “нормални” юрарди, разборкаларга бориб юрадиган “кўча боласи” эди. Рома билан тортишиб қолганидан кейин у Фазлиддинни ўзи билан олиб чиқиб кетган. Рома ментлар билан иш қилади, шу сабабли буларни ҳаммасини “бостирворди”. Тўғриси, Россия журналистлари “детский сад” қилворибди, нимани хоҳласа ёзаверар экан... Аввалига Рома буларни милицияга топширганидан кейин, улар бошқа районга кўчиб олди. Разборкага борадиган любой одамда қурол-яроғи бўлиши мумкин эди. Даврон доғистонлик-чеченлар билан разборкага борадиган авторитетни бола бўлиб қолганди. Бўйнига илворишга баҳона бўлди бу! Фазлиддинни ёшлигимдан танийман: намоз ўқишни ҳам билмайди, кайф қилиб юрадиган бола эди, деди Аброр.

Ҳозирда барча ҳибс этилган мигрантлар ФСБнинг Санкт-Петербург шаҳри, Захарьевская кўчасидаги махсус изоляторда сақланаётгани хабари чиқди. “Фонтанка.ру” нашрига кўра, бу идорада ҳибсга олинган ўзбек йигитлари 12 ноябрдан буён сўроққа тутилаётир.

Шу билан бирга, “Фонтанка.ру”нинг журналистлари Петербургда ушланган қирғизистонликлар асосан таксичилик, икки нафар ўзбекистонлик – қўриқчилик қилиб кун кўрганини аниқлади. Москвада ушланган ўзбекистонликлар эса бозорда сантехника сотиш билан тирикчилик қилиб келган.

XS
SM
MD
LG