Шаҳар ҳокимлигининг қарори билан бу “Дамас”лар ўрнига 50 та “Isuzu” автобуслари йўналишга чиқарилди.
Андижонликлар ўзларининг қулай ва арзон транспорт воситалари бўлган “Дамас” микроавтобусларидан ҳам бебаҳра қолди.
Шаҳар ҳокимлигининг қарори билан 13 апрелдан бошлаб, йўналиш бўйлаб хизмат кўрсатаётган барча “Дамас” автомашиналари қатнови тўхтатилди.
Уларнинг ўрнини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Isuzu” микроавтобуслари эгаллади. Андижонликларнинг айтишларича, вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон президентининг “Андижон вилоятидаги яшаш жойларидаги коммунал инфраструктурани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини бажариш мақсадида 200та “Isuzu” автобуслари сотиб олишни режалаштирган. Ҳозир эса 50та шундай автобус сотиб олиниб, 13 апрел куни йўналишга чиқарилди.
Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласида яшовчи Мақсуджон аканинг айтишича, бу 50та автобус сурпага урвоқ ҳам бўлмади:
- Ҳозир шаҳарда юрибман. 5000та Дамас 8500 сўмдан давлатга пул тўлаб юрарди. Ҳозир 50та автобус қўйган. Ҳамма Дамасни олиб ташлаган. 50та автобус юрибди шаҳарда холос.
Озодлик: Йўловчилар эҳтиёжини қондиряптими шу?
- Етмаяпти. Янги бозордан эски шаҳаргача йўқ деганда бир соатда етиб борасиз. Автобуслар тиқилинч, кўпчилик пиёда кетяпти. Одамлар норози. Яхши бўлди дейдими? Вақтида ишига етиб боролмаса. Одамлар рози бўлмайди. Киссавурларга кун туғди, энди. Автобусга чиқиб киссавурлар одамларнинг пулини шилади, шу,- дейди боғишамоллик Мақсуджон.
Унга кўра, шаҳар йўловчи ташиш транспорти муқобиллик тарзида ривожлантирилса яхши бўларди. Агар шаҳар ҳокимлиги ўз автобусларини бир вақтнинг ўзида йўналишга қўйиб, хизмат сифатини яхшиласа ва йўлкирани арзон қилса, одамлар ўз-ўзидан бу автобусларга чиқишни маъқул кўрган бўларди. Лекин ҳокимлик барча “Дамас”лар қатновини бирваракайига таъқиқлаб, одамлар учун жуда ноқулай шароит туғдирди, деб қўшимча қилади Мақсуджон.
Бироқ, исмини айтишни истамаган яна бир андижонликнинг фикрича, “Isuzu” автобусларининг йўналишга қўйилгани жуда яхши иш бўлди, деган фикрда:
- Олдин одамлар остановкага бормай, қаерда бўлса, қўлини кўтариб чиқиб кетаверарди. Одамни кўрса, ўзлари тўхтаб олиб кетади. Бу автобуслар остановкаларда тўхтайдику. Машиналар етарли юраяпти лекин. Икки кун бўлди холос. Кеча ва бугун. Ҳозирча яхши энди. Ҳам арзон. 300 сўм туради. Дамаслар 400-500 сўм. Кечқурун бўлганда 600-700 сўмга ҳам чиқиб олган улар. Автобуслар етарли юраяпти лекин. Маршрут борда орасида. 5 минутданмикан, 7 минутми шунақа. Ана энди секин тартиб жойига келаяптида. Андижон шаҳрида кўп аҳоли борда бошқа областларга қараганда. Зич жойлашганда,- дейди андижонлик йўловчилардан бири.
Озодлик радиоси бу масалага оид саволлар билан Андижон шаҳар ҳокимлигига қўнғироқ қилди. Шаҳар ҳокимлиги бу масала билан вилоят ҳокимлиги шуғулланаётганини айтди. Вилоят ҳокимининг ўзини таништирмаган мутахассиси Озодлик мухбирини яна шаҳар ҳокимлиги штабига “жўнатди”. Штабда телефонга жавоб берган шахс эса Озодлик номини эшитиши биланоқ гўшакни илиб қўя қолди.