Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:56

Россияда GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалилов мулки сотувга қўйилди


Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалиловга тегишли экани ишонилган "Малика" шарқ ошхоналари тармоғи сотувга қўйилди. Ўзбекистонда тергов қилинаётган Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна бир қатор йирик корхона ва савдо ширкатлари тегишли экани маълум бўлди.

"Малика" сотилади...

Avito сайтида Воронеждаги ўзбек кафелари тармоғи сотувга қўйилгани борасида эълон куни кеча пайдо бўлди.

ЗУДЛИК БИЛАН СОТИЛАДИ! Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида "Шарқ" ошхонаси кафелар тармоғи сотилмоқда. Кафе 2004 йилдан буён фаолият юритади. Ҳеч қандай қўшимча маблағ киритишнинг зарурати йўқ. Келишилган нархда”, дейилади сотувга қўйилган ошхона эълонида.

Воронеждаги "Малика" ўзбек ошхонаси
Воронеждаги "Малика" ўзбек ошхонаси

Бу эълондан ошхоналар тармоғи унда хизмат қилаётган ходимлар ва ички жиҳозлар билан бирга сотилаётгани таъкидланган. Шунингдек, Воронеж шаҳри яқинида тармоқнинг хусусий фермаси ҳам борлгини айтилди.

Бунинг ортидан сотувга чиқарилган кафелар "Малика" ошхоналар тармоғи экани хабари чиқди.

"Малика"да бўлган-билганлар ошхона таркибида банкет зали, ёзги майдончалар ва шийпонлар ҳамда болалар майдончаси борлигини айтади.

Айни пайтда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида сотилаётган "Малика" ошхоналари GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори ва “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини лавозимларини эгаллаб келган таниқли тадбиркор Тоҳиржон Жалиловга тегишли эканини маълум қилмоқда.

GM Uzbekistan собиқ раҳбари тергов қилинмоқда

2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқараëтган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб, шу йилнинг апрель охирларида ҳибсга олинган эди. Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда гумонланмоқда.

Жалиловдан ташқари яна камида 10 одам, жумладан унинг ўғли ҳам қўлга олиниб, тергов қилинаётгани хабар қилнади.

Озодлик сўровига ўзини Михаил деб таништирган сотувчи мулк нархи келишилган ҳолда сотилишини билдириб, аммо унинг эгаси борасида “ҳеч қандай маълумотга эга эмасман” деб айтди.

Ижтимоий тармоқларда шаҳарликлар орасида ўзининг таомлари ва маркетинги билан жуда тез ном қозонган “Малика”нинг 90 фоиз ошхона ходимлари Ўзбекистондан экани маълум.

Исми сир қолишни истаган Озодлик манбаси “Малика” тармоғининг сотувга қўйилганини унинг раҳбариятига нисбатан Ўзбекистонда бошланган тергов ишлари билан боғлади.

GM Uzbekistanнинг Россиядаги дилери ширкат собиқ раҳбари Тоҳир Жалиловни ҳимоя қилиб, Ўзбекистон президенти ва бошқа мулозимларига очиқ хат эълон қилган.

Унда Жалилов "ноҳақ" ҳибсга олингани таъкидланади.

“Автобизнес Инфо” нашри тергов остида бўлган тадбиркорнинг Россиядаги бошқа ҳамкасблари номидан уни 22 май туғилган куни билан табриклаган.

Воронеж вилояти ФМС бошқармаси собиқ раҳбари Н.Полуказаков
Воронеж вилояти ФМС бошқармаси собиқ раҳбари Н.Полуказаков

Тоҳиржон Жалилов бундан бир йил олдин 8 йилга қамоққа маҳкум этилган Воронеж вилоят ФМС бошқармасининг собиқ бошлиғи Николай Полуказаков жиноий иши юзасидан гувоҳ сифатида терговга жалб қилинган ҳам эди.

ФМС раҳбари жаноб Жалилов бошқарувидаги “Uz-Daewoo - Воронеж” жамияти хавфсизлик хизмати бошлиғи Виктор Лапиндан 2,5 миллион рублга баҳоланган Volkswagen Tuareg автомашинасини “совға” тарзида қабул қилгани учун судланганди.

Терговчиларга кўра, қимматбаҳо автомашина Тоҳиржон Жалиловга тегишли “Км/Ч” автосалонидан Николай Полуказаковга “Марказий осиёликларни ширкат ишларига жалб қилишга зарурий бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш хизматлари” учун ҳадя этилган.

Авто ва ошхона бизнеси эгаси

Ҳозирда Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна қатор мол-мулк ва йирик ширкатлар тегишли экани аниқланди.

Олдинроқ Тоҳиржон Жалилов Москвада қайдга олинган йирик Uz-Daewoo ширкатининг Россиядаги дилери - “УЗАВТОРУС” ширкати, ширкатнинг Воронеждаги ваколатхонаси - “УЗДЭУАВТО-ВОРОНЕЖ”, “КМ/Ч” Бошқарув компаниялари эгадоши ҳам бўлган.

Бироқ, “СПАРК-Интерфакс” нашрига кўра, ҳозирда бизнесмен Жалилов қўл остида “Оқ-Йўл” корхонаси (автомобил юк транспорти фаолияти), “Транслогист” (юклар транспортировкаси ва сақланиши),“УзДЭУ Академияси” (таълим тизими), “Узмашэкспорт” (транспорт воситалари савдоси) ва Москвада қайдга олинган “Малика-М” ресторанлари ва кафелари қолган.

“Оқ-Йўл” компаниялари 2015 йил декабридан, “Транслогист” ширкати эса 2016 йилнинг март ойидан банкротлик ҳолатида экани тўғрисида суд қарорлари мавжуд.

XS
SM
MD
LG