Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Ўзбекистонлик аёлнинг 6 яшар қизини Москва полицияси тортиб олди


Бухоролик Феруза Ўткированинг 6 яшар қизи Рухшонани (суратда) полиция олиб кетиб қолганига 20 ноябрда 17 кун бўлди.
Бухоролик Феруза Ўткированинг 6 яшар қизи Рухшонани (суратда) полиция олиб кетиб қолганига 20 ноябрда 17 кун бўлди.

Клин шаҳрида (Москва области) ўзбекистонлик муҳожир аёлнинг ташқарига бир ўзи ўйнагани чиқиб кетган 6 яшар қизини полиция ходимлари олиб кетди. Бухоролик Феруза Ўткирова 17 кундан буён болалар реабилитация марказида қолаётган қизини давлат тортиб олиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

17 кундан буён боласини бир марта кўрганини айтган Феруза Ўткирова бола қандай қилиб полиция қўлига тушиб қолганини Озодликка сўзлаб берди:

- 3 ноябрь куни 19 яшар ўғлимни қизим билан ташлаб, бозорга кетдим. Ўғлимга ишхонасидан ишга чиқишини сўрашган – у менга телефон қила олмасдан, болани устидан қулфлаб, чиқиб кетган. Рухшона эшикни очиб, кўчага чиққан. Мен соат 11:30 ларда келдим – бола йўқ, эшик очиқ. Ўйладим – акаси билан кетган бўлса керак. Ўғлим соат 3 ларда келиб, "Рухшонанинг қаердалигини билмайман”, деди. Ички ишларга борсак, “Бизга ундай бола келтиришмаган!”, деган. Кейин Чайковский полиция бўлимида сешанба куни келишимизни айтишди. Кейин ПДНдан (болалар инспекцияси- таҳр.) келган иккита аёл келиб, “Болани биз олиб қўйдик. Бола урилган, ҳамма жойи кўкарган”, дейишди. Бизлар умуман болага қўл кўтармаймиз! деди Феруза.

6 яшар Рухшона ҳозирда Клин шаҳри “Согласие” вояга етмаганлар реабилитацияси марказида экани маълум бўлди.

Васийлик органи ходимлари вояга етмаганлар иши бўйича комиссия қарор чиқаргунига қадар бола онасига қайтарилмаслигини билдиришган.

Ферузанинг айтишича, марказда ундан болага тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаларини олиб қўйишган, уйни текширгани келган васийлик органи ходимлари эса, уйдаги шароитларни номақбул деб баҳолаган.

- Энди ман сизга айтаман: бола кўчага чиққан пайти қўшни уйда яшовчи ПДН ходими кўриб қолган. Кейинроқ, бола билан уйга ходимлардан кимдир кирган. Квартира пулини тўлаш учун биз пулни тепага олиб қўйган эдик. Квартирамизда пулга ҳеч ким қўл теккизмайди. Ўша 10 минг рубль уйдан йўқолган. Камералар ишламас экан, кўролмадик. Улар болани кийинтирган, эшикни очиқ қолдириб, чиқиб кетган, деди суҳбатдош.

Бухоролик аёл ўзи боғчада ишлагани ва педагогик стажига эканини гапирар экан, шунга қарамасдан милиция ва васийлик идораси ходимлари болани қайтариб бермаслик билан таҳдид қилаётгани, ҳар сафар “Согласие”да ҳақоратлар эшитаётганини билдирди.

Ф.Ўткирова: Боламни қайтариб беришмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:25 0:00
Бевосита линк

Феруза катта қийинчиликлар билан Рухшонани бир ҳафта ўтиб 3 дақиқагагина кўришга рухсат ололганини айтади:

- Мени улар камситиб, “Сенлар цигансанлар! Боланг Мауглига ўхшайди! Сенларда яшаш жойинг ҳам йўқ! Мен шундай қиламанки, болангни олиб қўйишади”, деб камситишга тушишди. Болам бир ўзи изоляторда экан. Психолог “Ман бола билан гаплашаман, жума куни келасан”, деди. Ўтган жума куни ниҳоят кўришдик - ишонасизми, бола 100 фоизга ўзгариб кетган! Мени олдимга келиб, қараб турибди. “Здравствуйте!”, деди менга. Болани қучоқламоқчи бўлсам, ўзини орқага ташлаб, “Ҳеч кимни кўргим йўқ”, деб, бир менга, бир психологга қарайди, дейди Феруза.

Озодлик “Согласие” реабилитация марказига уланиб, бу масалада ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги жавобини олди.

Вояга етмаган болалар ишлари бўйича Клин полиция бўлими мулозимлари ҳам "бу масалада фақат расмий мурожаатномага жавоб берилишини" билдириш билан чекланди.

Феруза Ўткирова ёллаган адвокати Виктор Дейко ҳам полицияга бир марта бориб келганидан кейин ўзгариб қолгани ва саволларга жавоб беришдан бош тортаётганини айтди.

Вазиятни кузатиб бораётган ҳуқуқ фаоллари фкирича, боланинг ҳаёти бевосита хавф остида бўлмаса, васийлик органи ходимларининг уни олиб ушлаб туриши ноқонунийдир..

Боланинг ҳаёти ва соғлигига ҳеч қандай хавф бўлмаган бир шароитда васийлик ва ҳомийлик идоралари ходимлари уни тортиб олишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ эди (Россия "Оила Кодекси"нинг 77- моддаси)”, деб ёзди ўзининг Фейсбук саҳифасида вазиятни кузатиб бораётган ҳуқуқшунос Ботиржон Шерматов.

Озодлик Россияда муҳожир болаларини васийлик идоралари тортиб олиши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар тўғрисида ҳам олдин хабар берган.
Москванинг жануби-шарқида жойлашган Мелникова кўчасидаги уйлардан бирида икки фарзанди билан ижарада турган Нигора М.нинг квартирасига 2017 йилнинг 5 май куни ФСБ ва полиция бостириб кириб, 2 яшар Мубинахон ва 4 яшар Хошияхон исмли қизчасини бирор ортиқча тушунтиришларсиз тортиб олиб қўйган.

Бир ёшли гўдаги билан Россия пойтахтида яшаётган 30 яшар Нилуфар Мамасаидова эса, 26 декабрь куни Москвадаги уйини ўғри ургани, нарсалари билан бирга ҳужжатлари ҳам ўғирлангани, полицияга ўғирлик тўғрисида ариза ёзишга борганида эса қўлга олинган. Полиция ходимлари 1 яшар қизи Манижани ҳам олиб қўйиб, касалхонага ётқизганини айтган. Нилуфарнинг ўзи эса 3 кунга қамалган.

2015 йилнинг 13 октябрда беш ойлик Умарали Назаров онаси Зарина Юсупова миграция қоидасини бузганлигини ҳужжатлаштириш учун Санкт-Петербург шаҳри Адмиралтей тумани ички ишлар бўлимига олиб борилади ва беш ойлик болакай онасидан зўрлик билан тортиб олинади.

Орадан бир кун ўтиб, 14 октябрь куни эрталаб, Заринага телефон қилишиб, Умарали касалхонада жон бергани ва жасадни касалхона моргидан олишлари мумкинлигини айтишган.

XS
SM
MD
LG