Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:35

Нозим Тўлахўжаевнинг “Виждон ҳайқириғи...” хусусида


Тўлқин Яқинда Интернетда таниқли ўзбек кинорежиссёри ва актёри Нозим Тўлахўжаевнинг “Виждон ҳайқириғи ёки ўзбек кинематографининг тақдири хусусида мулоҳазалар” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Унда “Ўзбеккино” давлат акциядорлик компанияси ва “Ўзбекфильм”да бугунги кунда вужудга келган муаммолар тилга олинади. Мақолада ёзилишича, ўзбек киноси атрофида юзага келган вазиятга жимгина муносабатда бўлиш жиноят билан тенгдир.

Н.Тўлахўжаев Ўзбекистон кино санъатида юзага келган муаммоларга ўз қарашларини “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳам баён қилди. Унинг таъкидлашича, ўзбек киноси айни пайтда инқироз даврини бошдан кечирмоқда. Бунинг бош сабаби эса “Ўзбеккино”да бошқарувнинг нотўғри йўлга қўйилганидир.

Н.Тўлахўжаевнинг билдиришича, Мурод Муҳаммад Дўст 3 йил бурун “Ўзбеккино”га раисликка тайинлангандан сўнг янгича бошқарув сиёсати юрита бошлаган. Кинода сценарий танлаш, ишни ташкил этиш, суратга олиш учун бериладиган муддат ва ҳоказо – буларнинг барчаси ўзига хос профессионал ёндашувни талаб қилади. М.М.Дўст даврида бу қоида ва анъаналарнинг барчаси бузилган.

“ Раис (М.М.Дўст) компания ҳузурида шундай таҳрир ҳайъати йиғганки, бу ҳайъат аъзолари умуман шахсий фикрга эга эмас. Улар раис гапирганда, у тўғри гапирадими, аҳмоқонами, “хўп-хўп” дея бош силкиб туришни билади”, деди Н.Тўлахўжаев.

Кинорежессёр “Ўзбеккино”да энг катта муаммо сценарийларга нопрофессионал муносабатда кўринишини таъкидлади. Унинг айтишича, компания раҳбари кўплаб сценарийларни миллийлик йўқ, деган ваъж билан қайтарган. (Хусусан, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси асосида ўтган йили ёзилган, Н.Тўлахўжаев тақдим этган 6 қисмли мультфильм сценарийси ҳам ўтказилмаган). Бунинг оқибатида кино соҳасида 400 га яқин киши ишсиз қолган. “Ўзбекфильм”нинг мультфильмлар бўлими эшигида 3 ойдан буён қулф осиғлиқ. Иш йўқлигидан ходимларга мажбурий таътил бериб юборилган. Кўпгина иқтидорли киночилар мамлакатни тарк этиб, хорижга чиқиб кетмоқда, деди Н.Тўлахўжаев.

“Ўзбеккино” мутасаддилари бу мавзуга муносабат билдирар экан, Н.Тўлахўжаев хорижга чиқиб кетиш учун ўзига йўл очиш мақсадида компанияга қора чаплашни ният қилганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, ҳозирда “Ўзбеккино”да сценарийларни ўзбекчалаштириш, миллийликка ва сифатга урғу берилмоқда. Бу эса Москвада ўқиган кўплаб режиссёрлар учун қийинчалик туғдиряпти.

Шоир ва журналист Фахриддин Низомовнинг таъкидлашича, сценарийси ўзбекча ёзилаётган ва ўзбек тилида суратга олинаётган кинолар ҳам ўзбек киноси миллийлашаётганидан дарак беради. Масалан, “Ўртоқ Бойкенжаев”, “Дилхирож”, “Дард” каби фильмлар ўзбек кино санъатининг ривожланиб бораётганига далолатдир.
XS
SM
MD
LG