Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиш суратлари пасайди


Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 3,6 фоиз ўсди. Ўтган йилнинг шу даврида айни кўрсаткич қарийб 5 фоизни ташкил этган эди.

Иқтисодчиларнинг фикрича, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни жаҳон бозорида олтин ва пахта нархининг юқорилиги ҳамда мамлакат газ ва нефть соҳасига жалб қилинган сармоялар таъминламоқда. Тадқиқотчилар Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатининг секинлигига ҳукуматнинг иқтисодиёт соҳаларига ҳаддан зиёд аралашуви сабаб бўлаётганини айтаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг биринчи чорак якунларига бағишланган мажлисида ЯИМ ўсиши 3,6 фоизни ташкил этганини қайд этган бош вазир Шавкат Мирзиёев аслида мамлакатда бу кўрсаткич ўтган йилдагига қараганда пасайганини айтмай қўя қолди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Экономист интележенс юнит” иқтисодий тадқиқотлар маркази Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш 2006 йилда қарийб 6 фоиз ташкил этишини башорат қилмоқда.

“Ҳукумат қишлоқ ҳўжалиги ва ишлаб чиқариш ўсишида жуда бўрттирилган рақамларни келтириб, ЯИМ ўсишини нисбатан кам – 3,6 фоиз этиб кўрсатяпти. Бундан 2006 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон иқтисодиётининг қайсидир тармоғи деярли барбод бўлгани ҳақида хулосага чиқариш мумкин”, - дейди марказ таҳлилчиси Анна Уолкер.

Уолкер хоним айтаётган “барбод бўлган тармоқ” борасида ҳукумат мажлисида Ш.Мирзиёев ҳам ишора қилгандек бўлди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, мажлисда Ш.Мирзиёев “Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компанияси ҳамда “Ўзпахтасаноат” ва “Ёғмойтамакисаноат” уюшмалари раислари фаолиятини кескин танқид қилган.

“Экономист интележенс юнит” иқтисодий тадқиқотлар маркази таъкидича, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатларини дунё бозорида юқори қолаётган олтин ва пахта нархлари ҳамда Россиянинг Ўзбекистон нефть ва газ соҳасига киритган улкан сармоялари таъминлаб бермоқда.

Бош вазир ўз чиқишида Ўзбекистон иқтисодиётида кичик бизнес улушининг ошганини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, 2006 йилнинг биринчи чорагида ЯИМда кичик бизнес улуши 30 фоизни ташкил этди.

Аммо Анна Уолкер бу салмоқли кўрсаткич эмаслигини таъкидлайди.

“Ўзбекистон ҳукумати кичик бизнес муҳитини эркинлаштиришга эътибор қаратиши керак. Кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши жуда оз. Ўзбекистондан бошқа собиқ шўро давлатларида кичик бизнеснинг улуши 60-70 фоизни ташкил этади”, - деди Анна Уолкер.

У Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирча инқирозга юз тутаётгани йўқлигини таъкидлаб, “одамлар устидан назоратни амалга ошириш машинасини маблағ билан таъминлайдиган” нефть-газ ва олтин саноати ривожланаётганини билдирди. Иқтисодиётнинг хусусий тармоқлари эса турғунликни бошдан кечирмоқда

Халқаро мутахассислар Ўзбекистон ҳукумати тақдим этаётан рақамларга таяниб иш кўришни тавсия қилмайди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ўз иқтисодий ўсиш суръатларини мунтазам равишда бўрттириб, инфляция даражасини камайтириб кўрсатиши ҳақида огоҳлантириб келади.
XS
SM
MD
LG