Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Оиашани зўрлаган ўспирин 9 йилга қамалди


Айни пайтда Ўзбекистон ҳибсхонасида сақланаётган таниқли имом Руҳиддин Муҳиддиновнинг 6 ёшли қизчасини зўрлаган ўспирин Ниғматилла Қаландаров 7 июль куни 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Имомнинг қизи Оиша жорий йилнинг 31 мартида зўрлаш қурбони бўлган эди. Жажжи Оиша билан содир бўлган бу мудҳиш воқеа отаси Р.Фахруддинов устидан тергов бораётган вақтга тўғри келди.

Қизнинг онаси Муҳайё Исмоилова фарзандига нисбатан қилинган ушбу жирканч жиноят турмуш ўртоғи Р.Фахруддиновга тергов давомида босим ўтказиш мақсадида атайин уюштирилганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) бўйича айбдор топилган 16 ёшли Н.Қаландаровга 9 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши мазкур даъволарни ўртадан кўтаргани йўқ.


Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ашаддий душмани деб биладиган таниқли имомнинг 6 ёшли қизи Н.Қаландаровнинг тасодифий қурбони эканига ҳам, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай жирканчишга қўл уришига ҳам бирдек ишониш қийиндек.

Оишанинг онаси М.Исмоилова 4 июль куни “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ушбу жиноят ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан уюштирилгани тўғрисидаги тахминларни илгари сурди.

“Қизимнинг зўрланиши атайин уюштирилган, деб ўйлайман. Мақсад турмуш ўртоғимга бўйнига олмаган айбларни қўйишдир”, - деганди М.Исмоилова.

Н.Қаландаровни милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари жуда тез топди.

“Қаландаров яширинишга ҳаракат ҳам қилмаганди”, – дейди М.Исмоилова. У ўзини жуда босиқ тутган, суд давомида ўзининг фақатгина ёшлик қилганини билдирган.

М.Исмоилова ўспирин ушбу жиноятни Р.Фахруддиновнинг терговчилари кўрсатмалари асосида содир этгани ҳақидаги тахминларини бу ва бошқа кузатувларига асосланиб айтди.

Айни пайтда Р.Фахруддиновга ЖКнинг жами 10 моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Қизи билан содир бўлган воқеадан ҳибсхонада хабар топган Р.Фахруддинов турмуш ўртоғига хатида: “Энди мен ҳақимда ўйламанганлар, Зайнабга (Оишани ота-онаси шундай чақиради) қаранглар”, - деб ёзади.


Р.Фахруддинов қизи билан содир бўлган воқеадан сўнг унга қўйилган айбларни ўз бўйнига олгани айтилади.

1998 йилдан буён қидирувда бўлган, 2005 йил 24 ноябрда Чимкентда қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилган Р.Фахруддинов яна бир таниқли имом Обидхон Назаровнинг яқин сафдошларидан бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати уларни диний экстремистик оқимга раҳбарлик қилиш ҳамда террорчилик ҳаракатлари содир этишда айблайди.


Обидхон Назаров БМТ ҳимояси остида ҳозир Ғарб давлатларининг биридан бошпана топган.
XS
SM
MD
LG