Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:53

“Ҳьюман райтс уотч” ваколатхонаси узра қора булутлар


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳукумат томонидан огоҳлантирилди. Ўзбекистон Адлия вазирлигининг бу ҳақдаги хати ташкилотнинг Тошкентдаги вакиласи Андреа Бергга топширилди.

Вазирликнинг ваколатхонага жўнатган хатида ташкилотнинг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масалаларига бир томонлама ёндашаётгани қайд этилган.

Сўнгги бир йил давомида Ўзбекистондаги кўплаб халқаро ташкилотларнинг ёпилишига сабабчи бўлган Адлия вазирлиги ваколатхона фаолиятидан қониқмаётган кўринади.

“Улар ваколатхона ваколатхонадек эмас, филиалдек иш олиб бораётганини айтмоқда. Иккинчидан, улар бизга ташкилотимиз рамзини рўйхатдан ўтказмасдан ишлатишимиз мумкин эмаслигини уқтириб, Ўзбекистондаги фаолиятимиз “анъанавийлик” (тенденциоз) характерига эгалигини, гўё биз қайд этаётган инсон ҳуқуқлари бузилишига оид маълумотларга далил келтира олмаслигимизни даъво қиляпти”, - дейди ваколатхона раҳбари А.Берг.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Адлия вазирлигининг мазкур хатига бир ой ичида расман жавоб бериши керак.

Бу ваколатхона Ўзбекистонда фаолият юргизаётган бошқа ўнлаб ташкилотлар каби Адлия вазирлиги томонидан илк бор текширилмоқда. Аксар ташкилотлар учун бундай текширувлар биринчи ва охиргиси бўлган эди.


2004 йилда Ўзбекистонда хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотларни рўйхатга олиш ваколати Ташқи ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилган эди.


2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин Адлия вазирлиги кўпгина хорижий ташкилотларни қонунга хилоф равишда фаолият олиб боришда айблаб, уларнинг ёпилишини таъминлади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳукуматнинг ушбу қадамларини мамлакатдаги фуқаролик жамиятига нисбатан тажовуз, деб баҳолаган эди.

“Бу ҳукумат фуқаролик жамиятини бостириш ва ўзга фикрловчиларнинг оғзини ёпиш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Аммо биз деярли 10 йил давомида Ўзбекистон қонунларини бузмай қандай ишлаб келаётган бўлсак, шундай ишлашни давом эттиришни истаймиз”, - дейди ташкилотнинг Москвадаги офиси директори Алисон Гилл.

Айни пайтда Адлия вазирлиги ва Ўзбекистондаги айрим хорижий нодавлат ташкилотлар ўртасидаги кураш судларда давом этмоқда.

Таълим соҳасида алмашувларни раҳбатлантирувчи CAFÉ ташкилоти миссионерлик фаолиятида айбланиб ёпилгач, ўзига қўйилган айбларни қайта кўриб чиқишни сўраб, судга апелляция тартибида мурожаат қилган.

Шу кунларда Адлия вазирлиги қароргоҳи АҚШда жойлашган Урбан институтини ёпишни сўраб, судга мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG