Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Тинчликка умид пайдо бўлди


Исроил ва Ливан ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўт очишни тўхтатиш чақириғини қабул қилди ва ўзаро келишувга эришди. Бироқ бу келишув 14 август куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 5 да кучга киради.

Исроил ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашининг Исроил-Ливан можаросига чек қўйишга қаратилган резолюциясини қабул қилди. Исроилда чоп этиладиган “Ҳаарец” газетасининг ёзишича, ҳукумат гаровда ушлаб турилган икки яҳудий аскарини қўлга олинган “Ҳизбаллоҳ” жангариларига алмаштириш масаласини ҳам муҳокама қилиш ҳаракатида.

БМТ тинчликпарвар кучларининг 15 минг кишилик контингенти эса душанба кунидан Ливан жанубига киритила бошланади.

БМТ бош котиби Кофи Аннан шанба куни Нью-Йоркда чиқиш қилиб, Исроил ва Ливан бош вазирлари ҳарбий ҳаракатларни душанба куни тўхтатишга келишганини маълум қилди.

“Мен икки давлат етакчилари 14 август куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 5 да ўт очишни тўхтатишга келишганини катта мамнуният билан маълум қиламан”, - деди К.Аннан.

Бироқ ҳозирча жанг ҳаракатлари давом этмоқда. Сулҳ олдидан ҳаракатларини кучайтираётган Исроил ҳарбийлари шанба кунги тўқнашувлар чоғида уруш ҳаракатлари бошлангандан буён энг катта талофотни қайд этди. Исроил расмийларининг билдиришича, 19 аскар қурбон бўлган, яна беш нафари бедарак кетган.

“Ҳизбаллоҳ” гуруҳи ҳам ракета ҳужумларини давом эттириб, Исроил шимолини ўққа тутди. Бундан тахминан бир одам ҳалок бўлди ва етти нафари жароҳат олди. “Ҳизбаллоҳ” отган ракеталардан бири Цефат шаҳридаги турар-жой биносига келиб тушди.

Исроил ҳарбийларининг 13 август куни Ливанга уюштирган ҳужумлари оқибатида эса Бекаа водийсидаги Али ан-Наҳрий қишлоғида уч киши ўлди, 13 нафари жароҳатланди. Тайр шаҳри жанубида эса беш одам, жумладан, бир оиладан она ва унинг уч фарзанди ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Резолюция қабул қилингандан сўнг қилган чиқишида БМТ бош котиби Кофи Аннан бундай бегуноҳ қурбонларга барҳам беришга чақирди.

“Ҳар икки томон тинч аҳоли ҳаётини сақлаш мақсадида қабул қилинган резолюция руҳида ўт очишни бундан ҳам эрта тўхтатишини истар эдик. Мен олов очишни тўхтатишга чақираман ва ишонтираманки, Ливан жанубидаги БМТ тинчликпарвар кучлари сулҳга эришиш ва унга риоя этилишини назорат қилишда ёрдам кўрсатади”, - деди К.Аннан.

Ливан бош вазири Фуад Синиора БМТ резолюциясини маъқуллагандан сўнг “Ҳизбаллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроил ҳарбийлари ўзаро сулҳ тўғрисидаги келишувни қабул қилиши билан унинг аскарлари ҳам уруш ҳаракатини тўхтатишини маълум қилди.

Бу каби баёнотлар Ливан жанубидаги урушга қисқа фурсат ичида барҳам берилишига катта умид уйғотмоқда.
XS
SM
MD
LG