Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Ислом Каримов “моҳир шахматчи”ми?


Япония бош вазири Жуничиро Коизумининг Ўзбекистонга расмий ташрифи баъзи халқаро таҳлилчилар томонидан кўп томонлама истиқболга эга сафар сифатида баҳоланмоқда.

Хусусан, Ғарб давлатлари билан алоқалари ўта совуқлашган Ўзбекистон учун япон расмийси ташрифи сўнгги жиддий имконият сифатида қаралмоқда. Яъни тобора Россиянинг пинжига ўрнашаётганига қарамай, Ўзбекистон ҳали-ҳануз Ғарб билан алоқаларини йўқотиш ниятида эмас.

Айни вақтда бу алоқалар Ғарб учун ҳам муҳим. Чунки дунё давлатлари эътиборини тортаётган энергетик захираларга бой минтақа барқарорлигида муҳим ўрин тутадиган давлат Ўзбекистондир.

Шу боис, бугун юзага келган зарурат Япония расмийсининг “жасорат кўрсатиб” Ўзбекистонга бориши ва у ерда камоли эҳтиром билан қарши олинишини тақозо қилди, демоқда аксар таҳлилчилар.

Ж.Коизумининг, президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, айнан ҳозир “Ўзбекистонга келиб, жасорат кўрсатиши”да ўзига хос бир неча муҳим жиҳатлар борлиги айтилмоқда. Албатта, биринчи навбатда, Япония, Ўзбекистоннинг Ғарб ишбилармонларидан бўшаб бораётган бозорини эгаллашдек иқтисодий манфаатни кўзлагани аниқ. Бу борада аниқ стратегик сиёсат юритадиган Япония учун кутилган фурсат келди.

Бошқа тарафдан шу вақтга қадар пойланган фурсат бу давлат учун яна шу тарафдан қулайки, Ўзбекистоннинг Ғарб билан музлаб бўлаёзган муносабатини тиклашда ҳозир Япониядан кўра муносиброқ воситачи ҳам кўрилмаётганга ўхшайди.

Яъни шу вақтга қадар бир-бирига нисбатан кескин, зид баёнотлар бермаган ва шу орқали бир-бирини қўллаган икки давлат расмийларининг 29 август кунги музокаралари ҳам Япония, ҳам Ўзбекистон ва бир вақтнинг ўзида Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ учун ҳам айни муддао бўлгани тахмин қилинаётир.

Бунга япон расмийсининг ўзи ҳам очиқ-ойдин ишора қилиб, президент И.Каримов билан музокарадан сўнг “Япония билан дўстона муносабатлар Ўзбекистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатларининг яхшиланишига олиб келиши”ни таъкидлади. Ўзбекистон раҳбари эса Япониянинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан кучли иқтисодий қизиқиши остида, хусусан, океан ортидан узатилаётгани айтилаётган навбатдаги элчиликни “катта қониқиш” билан қарши олди.

“Шуни катта қониқиш билан таъкидлашим мумкинки, бўлиб ўтган кўп томонлама амалий музокаралар муҳокама қилинган бир қанча масалалар бўйича позициямиз ўзаро яқин ва мос эканини кўрсатди”, - деди И.Каримов Япония бош вазири билан музокаралардан сўнг берган матбуот анжуманида.

Шу ўринда япон расмийсининг ҳам муҳим бир баёнотини эслатиб ўтиш жоиз. Яъни Ж.Коизуми Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкор деб билиш бирга бу давлатнинг минтақа хавфсизлиги борасидаги ролини ҳам алоҳида таъкидлади.

“Марказий Осиё ҳудуди ривожи ва барқарорлигининг сақланиши борасида Ўзбекистоннинг роли катта ва айни вақтда минтақанинг ривожланиши ҳамда хавфсизлиги сизнинг мамлакатингиз учун ҳам муҳимдир”, - деди бош вазир.

Айни шу фикр бугун аксар Ғарб дипломатлари оғзидан янграмоқда. Яъни ҳозирги Ғарб бир йил аввалги Ғарб эмас. Ўзбекистонни яккалаб қўйишдан келган натижа Ғарбни қониқтирмаслиги аниқ. Демак бошқа чора топиш зарур. Бу чора эса эндиликда ўртадаги воситачи давлатлар ёрдамида ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни тиклаш орқали кўрилаётганини айтди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти мутахассиси Юрий Фёдоров.

“Кейинги вақтларда Яқин Шарқдаги нобарқарор вазият Маҳмуд Аҳмадийнажот (Эрон президенти) режимига қарши қўлланилиши тобора аниқлашиб бораётган халқаро санкциялардан сўнг кучайиши ва Ғарб учун асосий муаммо бўлган энергетик таъминотни буткул издан чиқариши мумкин. Шу боис, газ ва нефть захирасига бой бўлган Марказий Осиё тобора Ғарб давлатлари диққатини тортяпти. Ўзбекистон эса, биринчи галда, минтақа барқарорлигининг сақланишидаги муҳим давлат ва айни вақтда газ, нефть захирасига бой ўлка”, - дейди Ю.Фёдоров.

У АҚШ давлат котиби ёрдамчиси, ўта моҳир музокарачи-сиёсатчи Ричард Баучернинг яқинда Тошкентга қилган сафарини ҳам тилга олиб, бу сафар ҳам Тошкент, ҳам Вашингтоннинг бир йиллик араз-аразидан сўнг муносабатларни ўнглашга мажбур бўла бошлагани натижасидир, деб баҳолади.

Бироқ, унинг таъкидлашича, буни яхши англаган Ўзбекистон ҳукумати ҳануз эски одатини тарк қилмай, бир вақтнинг ўзида энди учта тахтада, мураккаб комбинацияда ўйин кўрсата бошлади.

“Биринчиси, Россия тахтаси. Иккинчиси эса Узоқ Шарқ, энг аввало, Япония ва Хитой иштирокидаги тахта. Шунингдек, фикримча, Каримов учинчи тахтада ҳам ўйин кўрсатиб, Ғарб давлатлари билан бирор хил жиддий мулоқотга ҳам тайёр турибди. Албатта, муносабатларни ўнглаш мақсадида. Бироқ бу ерда гап шундаки, Ғарб давлатлари орасида қайси бири ишончни йўқотган, мавқега эга бўлмаган Ўзбекистон билан мулоқотга киришишга қарор қиларкин?”, - дея савол ташлайди Ю.Фёдоров.

Бироқ аксар сиёсатчилар Ғарб учун Ўзбекистон билан муносабатларнинг тикланиши зарурлигини, чунки, хусусан, АҚШ ўзининг аксилтеррор амалиётини Ўзбекистон иштирокисиз олиб бора олмаслигини айтмоқда. Боиси, Ўзбекистоннинг геостратегик ўрни ва шундан келиб чиқадиган имкониятлари охир-оқибатда АҚШнинг Афғонистондаги амалиётлари учун барибир ҳам зарур бўлиб қолмоқда.

Шу боис, ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Япония учун Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасида кўприк бўлиш ташаббуси ўта фойдалидир.

“Бу сафарни Ғарбнинг яна бир дипломатик уриниши сифатида баҳолаш тўғри бўлади, фикримча. Аслида бу ерда мураккаб дипломатия юритиляпти. Яъни Япония бош вазирининг бу сафари Ғарб давлатлари, айниқса, АҚШ билан ўзаро маслаҳатлашилиб қилинган сафар, деб ҳисоблайман. Бу ерда асосий эътибор сиёсий масалаларни ҳал қилишга қаратилади ва шу билан бирга, албатта, Япониянинг иқтисодий манфаатлари ҳам кўзланади”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG