Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Россия суди ўзбекларни оқлади


Липецкда ҳибсда сақланган ва ўз вақтида Россия телевидениеларидан бири орқали ашаддий жиноятчи сифатида кўрсатилган ўзбекистонлик фуқаро Рустам Мўминов озод қилинди.

Сал аввал Россия Бош прокуратураси Р.Мўминовни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Асли сурхондарёлик Р.Мўминов Липецк вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда маҳаллий қаҳвахоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлаб юрган вақтда қўлга олинган.

6 октябрь куни ҳибсдан озод қилинган Р.Мўминов “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ҳанузгача нега ҳибсга олингани-ю ва энди нега озод этилганини умуман тушуна олмаганини айтади.

“Шу йил февраль ойи бошларида менга Тюмень ички ишлар бошқармасидан телефон қилишди-да, сиз қидирувда экансиз, деб айтишди. Кейин эса ушлаб кетиб, тергов изоляторига ташлашди. Март ойида Ўзбекистонга сўров берилганини айтишди, бироқ бунга жавоб бўлмади ва шу бўйи ҳаммаси жимиб кетди. Юрагим хаста ҳолда 8 ой ётдим. Кейин эса яна кутилмаганда озодликка чиқдим. Лекин мен бу ишни шу ҳолда қодирмоқчи эмасман, чунки мени мутлақо ноҳақ асосда хаста ҳолимда 8 ой қамоқда сақлашди”, - дейди Р.Мўминов.

“Мен номимни оқлашим керак,- сўзида давом этади Р.Мўминов. - Чунки мен ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо эмасман. Мен Ўзбекистондан 2003 йил ноябрда чиқиб кетганман ва ўшандан буён Россияда қонуний асосда яшаяпман, ишлаяпман. Ўзбекистонда бўлса, мени 2005 йил Андижон воқеаларини уюштириш ва қатнашишда айблашибди. Россия телевидениеси эса мени салкам “Ал-Қоида” террорчиси қилиб кўрсатган. Энди менга тушунтириб беришсин: нима асосда мени айблашди, далиллари борми?”

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони Р.Мўминовни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний, экстремистик, айирмачилик ташкилотлари тузиш ёки фаолиятида иштирок этиш, тўғрироғи, “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзолик ва партия фаолиятига доир материалларини тарқатишда айблаб, қидирувга берган. Унинг ҳибсга олиниши эса 2006 йилнинг 21 мартида НТВ канали орқали махсус репортаж қилинган ва унда у Андижон исёни иштирокчиси, хавфли террорчи сифатида кўрсатилган эди.

Куни-кеча Россияда Ўзбекистон томонидан юқоридаги каби жиноятларда айбланган яна бир ўзбек озод қилинди. Тюмень вилояти суди ўзбекистонлик қочқин Байрамали Юсуповнинг Россия Бош прокуратурасининг уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори устидан шикоятини қондирди ва 13 ойлик ҳибсдан сўнг суд залидан озод қилди.

Россия Бош прокуратураси Б.Юсуповни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида 2006 йил 23 мартда қарор қабул қилган ва бунга ўз юртида унинг устидан уюшган жиноятчилик ва эктремистик фаолиятга очиқдан-очиқ даъват қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилгани сабаб қилиб келтирилган эди. Унинг сиёсий бошпана сўраб қилган мурожаати эса Тюмень вилояти миграция бошқармаси томонидан рад этилганди.
XS
SM
MD
LG