Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:53

Ўзбекистон жосус ташкилотни топди


Ўзбекистондаги Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти “Дания қочқинлар кенгаши” хусусий гуманитар ташкилотини Фарғона водийсида разведка маълумотлари йиғиш билан шуғулланганликда айблади.

Данияликларнинг молиявий кўмаги билан маҳаллий нодавлат ташкилотлар томонидан Фарғона водийсида чегарадан ўтиш масалаларига оид тайёрланган ҳисобот Ўзбекистон томонининг наздида жосусликдан бошқа нарса эмас.

Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти Бектош Бердиевнинг “Press-Uz.info” ахборот агентлигига билдиришича, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсидаги чегараларидан ўтиш тартиби, чегара назорат ўтказиш пунктлари ҳамда чегаралардан ўтишнинг айланма йўллари ҳақида маълумотларни жамлаган ҳисобот разведка характерига эгадир.

Эксперт бу ҳисоботдаги, айниқса, давлат чегараларининг яхши ҳимояланмаган қисмлари ҳақидаги маълумотлар мамлакатлар ҳудудига бостириб кирмоқчи бўлган жангари гуруҳлар томонидан қўлланиши мумкинлигини айтди.

Жосусликда айбланаётган Дания қочқинлар кенгаши ўзбекистонлик экспертнинг даъволарини “беъманилик”, деб атади. Ташкилотнинг Европа ва Яқин Шарқ давлатлари бўйича раҳбари Клаус Ларсон сўзларига кўра, чегарадан ўтиш масаласига бағишланган ҳисобот жосуслик мақсадларини эмас, чегарабўйи ҳудудида яшовчи аҳолига кўмак бериш мақсадини кўзлаган.

“Улар (яъни бизнинг минтақадаги ҳамкорларимиз) оддий фуқароларга чегарадан осон ўтиши учун ахборот беришни истади. Чунки одамлар ишлаш, айримлари қариндошларини зиёрат қилиш учун тез-тез ўтиб юриши керак. Бизнинг ҳисоботимиз эса мана шу одамларга чегарадан қонуний ўтиш учун амалий ахборот беради. Демократик жамиятларда бу каби ахборот алмашиш одатий ҳол. Бу борада фитна ёки жосуслик ҳақида гапириш бемаъниликдир”, - деди Клаус Ларсон.

Дания қочқинлар кенгаши Фарғона водийсида фаолият олиб бераётган 30 тача нодавлат ташкилотни бирлаштирган “Тинчлик водийси” деб номланган тармоқни ташкил этган. Чегарадан ўтиш масаласига оид ҳисобот эса Ўшдаги “Фарғона водийсининг чегара билмас юристлари” жамоатчилик ташкилоти томонидан таёрланган. Мазкур ташкилот раҳбари Одилбек Исмоилов бундай маълумотларнинг жангарилар учун ҳеч қандай қиймати йўқлигини билдирди.

“Бу ҳисобот ҳеч қандай қуролли гуруҳларга ёрдам бера олмайди. Бу ерда чегарадан ўтиш чоғида фуқаролар масаласига аҳамият қаратилган. Биз айланма йўллар борлиги ҳақида ҳам ёзганмиз ҳисоботда. Бу айланма йўлларнинг борлиги ҳақида ўша ердаги яшовчи ҳар бир болакай билади”, – деди О.Исмоилов.
XS
SM
MD
LG