Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Россияга халқаро қонунлар чикора


Халқаро Хелсинки федерацияси Россиядан бошпана излаётган ўзбекистонлик Рустам Мўминовнинг ўз юртига мажбуран депортация қилинганини кескин қоралади.

Ташкилот тарқатган баёнотда айтилишича, Р.Мўминовнинг мажбуран Ўзбекистонга бериб юборилиши Россиянинг ўз зиммасига олган қонуний мажбуриятларни қўпол равишда бузишидир.

“Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан сўнг диний ташкилотларга аъзоликда гумон қилинган шахсларга нисбатан қийноқлар кенг қўлланилиши ва ўта шафқатсиз муносабатда бўлиниши яхши маълумдир. 2005 йилдан сўнг Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб 200 ортиқ одам узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва қонунбузарликлар асосига қурилган суд жараёнлари, асосан, ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Шундай бир вақтда Россия ҳукуматининг Р.Мўминовни Ўзбекистонга бериб юборгани бизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Яъни бу Россия ҳукумати Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни истамаётганини ошкор намойиш қилганига яна бир далилдир. Европа кенгашига раислик қилаётган вақтда Россия ҳукуматининг шундай йўл тутгани ўта хавотирлидир”, - дейилади баёнотда.

Айни пайтда бошқа кўпгина халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Россия ҳукуматининг бу қадамини қораламоқда ва ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига тушган Р.Мўминовга бирор амалий ёрдам беришнинг эҳтимол энди имкони бўлмаслигидан хавотир билдирмоқда.

Шу ўринда қарийб бир ойдан буён халқаро жамоатчилик диққат марказига кўтарилган, Россиядан бошпана қидирган Р.Мўминов масаласида гап борар экан, ўзи ким бу одам, қандай жиддий жиноятлар содир этганки, Россия ҳукумати ўз шаънига шунча доғ тушириб бўлса-да, уни Ўзбекистонга бериб юборди, деган саволнинг туғилиши табиий.

“Озодлик” мухбири бу саволга жавоб излаб, дастлаб 2005 йилда унинг устидан жиноят иши қўзғаган Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасига боғланди.

“Ҳизб ут-таҳрирчилар масаласи ўта махфий масала. Бу билан вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шахсан шуғулланади. У бошқарадиган бўлимдагиларнинг ҳаммаси бугун Тошкетга коллегия йиғилишига кетган. Мен эса бу ҳақда бошқа маълумот бера олмайман”, - деди ИИБ вакили.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам сал аввал бу борада маълумот йўқлигини айтган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари одатдагидек жим-жит. Бироқ Россия ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга кўра, Р.Мўминов Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик оқимларга аъзоликда айбланган ва 2005 йилда қидирувга берилган. Бу вақтда у Россиянинг Липецк вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда яшаб, ҳеч нарсадан бехабар ишлаб юрган эди.

Р.Мўминов “Озодлик”ка берган интервьюсида 2004 йилда Ўзбекистон ички ишлар идораларидан судланмагани ҳақида бемалол ҳужжатларни расмийлаштириб, Россияга чиқиб кетгани ҳақида айтган эди.

2006 йил февралда Россия Федерал хавфсизлик хизмати уни кутилмаганда ҳибсга олди ва кейинроқ уни хавфли террорчи қилиб тасвирловчи телекўрсатув Россиянинг НТВ телеканалида намойиш этилди.

Яқинда эса айби исботланмагани учун у Липецк суди қарори билан 8 ойлик ҳибсдан озод қилинганди. Хуллас, у Россияда тирикчилик ўтказиб юрган юз минглаб ўзбеклардан биридир. Таниш-билишлари унинг ҳатто беш вақт намози ҳам бўлмаганини айтади.

Сўнгги вақтда уни яқиндан билган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бу ҳақда шундай дейди:

“Уни исломдан жуда узоқ одам эди, дея олмайман-у, аммо диний илми, сиёсий дунёқараши ҳам оддий ўзбек одамлари каби эди. Намоз ўқиганини бирор марта кўрмаганмиз ҳам. У жуда содда, оддий ўзбек муҳожири эди”.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина ҳам бу фикрларни тасдиқлар экан, Р.Мўминов билан илк суҳбатни эсга олди ва у ўзи билан нималар содир бўлаётганини англамагани, ҳатто “келинг, бу ҳақда Каримовга хат ёзамиз”, деганини билдирди.

“Тасаввур қиляпсизми бу одамнинг сиёсий фикрлари қай даражада содда эканини? Ўша куни иккимиз мусулмонлар одатда емайдиган бутербродни иштаҳа билан едик. Хуллас, уни Россия ҳукуматининг шу қадар таъна-маломатга қолиб юриб, Ўзбекистонга бериб юборишига арзигулик бир шахс, деб айтишга мутлақо асос йўқ. Айниқса, Россия ҳукумати бу қадами билан ўз шаънига катта доғ туширди. Менимча, бу ерда ягона оддий жавоб бор – бу вилоят даражасида ишлайдиган Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари билан ўзбек махсус хизмати вакиллари ўртасидаги одатий молиявий олди-сотдидан чиқиб кетган катта жанжал бўлди. Одатда Ўзбекистон бунақа фуқароларни сотиб олади. Россия ФХХ вакиллари эса ана шундай ишлардан бирида қовун туширди, холос. Бу эса кутилмаганда катта шов-шувга ҳам айланиб кетди. Шахсан мен бундан бошқа мантиқий жавоб кўрмаяпман”, - дейди Е.Рябинина.

Яъни Р.Мўминовнинг борлиги-ю, унинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида илк бор хабар топган бу ташкилот вакилларининг ўзида ҳам ўша биргина саволга аниқ-тиниқ жавоб йўқ: Рустам Мўминов ким эдики, Россия ҳукумати шунча таъна-ю, маломатларга қолиб бўлса-да, уни Ўзбекистонга бериб юборди?

Бу савол ҳануз очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG