Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Нурсултон Назарбоев Тошкентга келди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Тошкентга келди.

Мазкур кенгаш шу йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов давлат ташрифи билан Қозоғистонга борганда тузилган эди. Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларининг бу галги учрашуви кенгаш иши доирасидаги илк учрашув бўлди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – “ЎзА” хабарига кўра, 3 ноябрь куни “Дўрмон” қароргоҳида икки президентнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтган.

“Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка доир бир неча долзарб масалаларни муҳокама қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манафаатдор экани яна бир бор қайд этилди”, - дейилади хабарда.

Аммо айрим норасмий манбаларда Н.Назарбоевнинг бу сафари аввалдан режалаштирилгани ва 4 ноябрь куни бошланиши белгиланганини айтилмоқда. Бироқ у кутилмаганда 3 ноябрь куни Тошкентга етиб келди ва Ўзбекистон раҳбари билан музокаралари ҳақидаги хабарлар ҳам дастлаб Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида маълум қилинди.

Минтақадаги вазиятни кузатаётган таҳлилчилар сафарнинг кутилмаганда тезлашиб кетгани Қирғизистонда юзага келган мураккаб сиёсий вазият билан боғлиқлигини билдирмоқда.

Лондондаги Қироллик институтининг Россия ва Евроосиё бўйича мутахассиси Юрий Фёдоров ҳам айни шу фикрда.

“Қирғизистондаги воқеалар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам такрорланмасмикан, деган хавотир уйғотиб келган ва бу, биринчи навбатда, Ўзбекистон учун ваҳимали, чунки Ўзбекистондаги ҳозирги вазият қайсидир жиҳатлари билан Қирғизистондаги март инқилобигача бўлган вазиятга ўхшайди. Шу боис, Ўзбекистон раҳбарияти учун бу борада чора кўриш, жумладан, Қозоғистон билан тегишли соҳаларда муносабатларни мустаҳкамлаш заруратини туғдириши мумкин”, - деди Ю.Фёдоров.

Унинг фикрича, Қирғизистондаги ҳозирги вазият Қозоғистонга хавф солмайди. Аммо Қозоғистон ҳукумати учун Ўзбекистондаги барқарорлик ва ҳозирги режимнинг хотиржамлиги муҳимдир. Бундан ташқари, бугун Марказий Осиёда юзага келган сиёсий вазиятнинг ўзи бу ҳудудда аввал яққол рақобатда бўлган икки давлат раҳбариятини баҳамжиҳат кун кўришга мажбур қилмоқда.

“Маълумки, икки давлат ўртасида Марказий Осиё ҳудудида етакчилик учун баъзан ошкор, баъзан зимдан кураш бўлиб келган ва шу боис, Остона ва Тошкент ўртасида баъзан жиддий баҳслар ҳам туғилган эди. Аммо бугунга келиб вазият ўзгарди ва бунинг асосий сабабларидан бири ҳар икки давлатда мамлакат раҳбариятини ўзгартириш фурсати етиб келаётганидадир. Амалдаги президентлар эса ўзи хоҳлаган одамни давлат тепасига олиб келиш учун биргаликда тайёргарлик кўриш ҳаракатида”, - дейди Ю.Фёдоров.

“Иккинчи муҳим омил эса ҳар икки давлатда хавотир уйғотаётган ва ташқи сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириш заруратини туғдираётган Россия-Хитой омилидир, - сўзларини давом эттирди таҳлилчи. – Масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Марказий Осиёга кўз тикиб турган икки йирик кучнинг ўзаро муросасини таъминлаш, бу борадаги сиёсий ўйинларнинг маълум тартиб-қоидасини шакллантириш мақсадида тузилган эди. Табиий, бу икки давлат манфаатлари қаршисида ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун Марказий Осиё давлатлари ўз ташқи сиёсатини ҳеч бўлмаганда мувофиқлаштиришга мажбур бўлмоқда”.

Аксар кузатувчилар эса Марказий Осиёда етакчиликка даъво қилган икки давлат энди кўпроқ сиёсий зарурат туфайли иттифоқчилик алоқаларини мустаҳкамлашга мажбур бўлаётганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG