Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:31

Яна Нурсултон Назарбоевнинг ташрифи ҳақида


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг белгиланганидан сал аввал, 3 ноябрь куни Тошкентга қилган амалий ташрифи якунлари бугун кўплаб таҳлилчилар эътиборини тортмоқда.

Бу ташриф икки давлат ўртасидаги Давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш иши доирасида бўлгани, Н.Назарбоевнинг ҳамкасби Ислом Каримов билан учрашуви чоғида икки қўшни мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга доир масалалар муҳокама қилингани айтилмоқда.

Ўзбекистон расмийлари “ўта самарали” ўтган учрашувлар чоғида асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқани ривожлантиришга қаратилганини билдирди.

Н.Назарбоев учрашув натижалари ҳақида сўзлай туриб, айрим рақамларни ҳам тилга олди.

“Ҳамкорлик алоқалари кучайяпти, айниқса, савдо алоқалари ўсяпти. 2005 йилда савдо айрбошлаш ҳажми тахминан 450 миллион долларни ташкил этган ва 16 фоиз ўсган бўлса, шу йилнинг дастлабки 8 ойи ойида бу кўрсаткич 32 фоиз ўсди. Демак, биз тез орада ўз олдимизга қўйилган мақсад – савдо айрбошлаш ҳажмини бир, эҳтимол икки миллиард долларга оширишга эришамиз”, - деди Н.Назарбоев.

Шунингдек, у ҳозир икки давлат ўртасида муаммо бўлиб турган бирорта масала йўқлигини алоҳида таъкидлади.

И.Каримов эса учрашувлар чоғида минтақадаги муҳим масалаларга катта эътибор қаратилганини билдирди.

“Биз ҳозир юзага чиқаётган масалаларни биламиз ва ўз вақтида уларни ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Энг муҳими эса нафақат минтақамиз, балки бугунги дунё учун кескин бўлиб турган масалалар бўйича ҳам умумий позицияни ишлаб чиқишга ҳаракат қиляпмиз”, - деди И.Каримов.

Ҳар икки давлат расмийлари Тошкент учрашуви, асосан, давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга қаратилган амалий учрашув, дея таъкидламоқда.

Бироқ аксар таҳлилчилар унинг кутилганидан сал аввал, яъни шошилинч тарзда ўтказилганини тилга олиб, бунинг асосий сабаби, шубҳасиз, Қирғизистонда юзага келган мураккаб сиёсий вазият билан боғлиқлигини айтмоқда.

Лондондаги Қироллик институтининг Россия ва Евроосиё бўйича эксперти Юрий Фёдоров айнан шу фикрда.

“Албатта, бу учрашувнинг кутилгандан эртароқ муддатга сурилиши Қирғизистондаги вазиятнинг кескинлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Боиси, Қирғизистондаги ҳодиса Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам такрорланмасмикин, деган хавотир уйғотиб келган ва биринчи навбатда, бу Ўзбекистон учун ваҳимали, чунки Ўзбекистондаги ҳозирги вазият қайсидир жиҳатлари билан Қирғизистондаги март инқилобигача бўлган вазиятга ўхшайди”, - деди Ю.Фёдоров.

Россиялик сиёсатшунос Виталий Портников фикрича, Қирғизистондаги вазият нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон, балки Марказий Осиё ва минтақага қўшни давлатлар раҳбарлари учун ҳам хавотирлидир. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари Қирғизистон ҳукумати тепасига ўзларига иттифоқи бўлган кучли лидер келишини истайди.

“Қўшни давлатлар Қирғизистонга ҳамиша кучли етакчи раҳбарлик қилишини хоҳлаб келади. Бироқ кучли лидер бу мамлакатда ҳеч қачон бўлмаган. Асқар Ақаев кучли етакчи бўлмаган ва бунга уринишлари ҳам яхши натижа бермаган. Яъни расмий Тошкент ва Остона раҳбарлари ҳозирги вазиятда Қирғизистон ташқи сиёсатини уларнинг сиёсатига мос олиб бориши мумкин бўлган томоннигина қувватлаши мумкин”, - дейди В.Портников.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари айни вақтда Қирғизистонда бундай етакчининг ўзи йўқлигини яхши англайди. Шу билан бирга, аввалгидек ҳозирги ҳукумат тарафдори ҳам бўла олмайди. Чунки бир йил аввал шу ҳукумат ўзидан аввалгисини ағдарган эди.

“Бу вазиятда Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарияти қандай йўл тутиши мумкинлигини тўғри тахмин қилиш учун, назаримда, 1991-1994 йилларда Тожикистонда бўлган фуқаролик урушини ёдга олиш керак. Ўшанда бу икки режим ҳодисада билвосита иштирок этиб, ўз манфаатини ҳимоя қилган эди. Натижада Тожикистонда Ўзбекистон ва Қозоғистон режимига нисбатан мос келувчи режим юзага келганди. Бироқ бу режим орадан бироз ўтиб, айниқса, Каримов режимини аввалгисидан ҳам кўпроқ ғаш қила бошлади. Яъни ҳозирги вазиятда жавоб шу - ҳозир Қирғизистонда яхши ўйин қилишнинг имкони йўқ, бу ҳақиқатда мураккаб вазият”, - деди В.Портников.
XS
SM
MD
LG