Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

ЕИ одамлар саодати учун “шайтон” билан ҳам мулоқот қилишга тайёр


Европа парламенти аъзоси Мариос Матсакис одамларнинг тинчлиги ва ривожланиш учун нафақат диктаторлар, балки шайтон билан ҳам мулоқот қилишга тўғри келишини билдирди.

Европа Иттифоқи раҳбариятида Ўзбекистон борасида кечган музокаралар давомида Европарламент Тошкент режимига қарши санкциялар муддатини узайтиришни ҳамда Ўзбекистон ҳукумати расмийларининг Европа банкларидаги ҳисоб рақамларини музлатишни таклиф этган эди.

М.Матсакис ЕИни Ўзбекистонга қарши жазо чораларини кучайтиришга чақирган ташаббус гуруҳига раҳбарлик қилганди. Бироқ у энди бугунги вазиятда Ўзбекистон режими билан мулоқот олиб бориш зарурлигини қайд этади.


“Биз диктаторларни ва тоталитар тузумларни, албатта, ёмон кўрамиз. Бироқ баъзи пайтда инсонларга тинчлик ва ривожланиш улашиш мақсадида ҳатто шайтон билан ҳам гаплашиш керак. Бошқа йўл қолмаганда одамлар ҳаётини яхшилаш учун ёқимсиз режимлар билан мулоқот қилиш афзалроқдир”, - дейди М.Матсакис.

ЕИ расмийлари ҳам тузилманинг Тошкентга қарши жазо чораларини узайтириш қарори Ўзбекистон режими билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида мунтазам мулоқот олиб бориш имкониятини беришини айтмоқда.


Гарчи ЕИ Ўзбекистонга жорий этилган қурол-яроғ эмбаргосини бир йилга, Андижон хунрезликларига масъул кўрилган шахсларга виза чекловини 6 ойга узайтирган бўлса-да, Ўзбекистон расмийлари билан доимий мулоқот қилиш имконини берувчи ўзаро алоқаларни қайта тиклашга рози бўлгани, маълум маънода, санкциялар юмшагандек таассурот уйғотади.

Вашингтон ЕИ каби Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотирда эканини билдирган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак расмий Тошкент билан мулоқотлар бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга қаратилиши кераклигини таъкидлади.

Бир қанча йирик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қатори “Ҳьюман райтс уотч” ҳам ЕИдан Ўзбекистонга қарши санкцияларни кучайтиришни талаб қилиб келаётганди. Аммо ЕИ қарори бошқача бўлгани уларнинг ҳафсаласини пир қилди.

“Бу қарордан мутлақо кўнглимиз тўлгани йўқ. Ишонишимизча, сакцияларни юмшатиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Йил давомида инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ўта ёмонлашди. Санкцияларнинг умуман самара бермаётгани уларнинг ижросидаги сусткашлик билан боғлиқ”, - дейди ҲРУнинг Берлиндаги ваколатхонаси раҳбари Мэриан Ҳеуваген.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ҳам ЕИнинг Ўзбекистон борасидаги қарори йил давомида бу мамлакатдаги кузатилган вазиятга мутаносиб бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди.

Мазкур ташкилот вакили Алэн Делетроз фикрича, ЕИнинг санкциялари ёки мулоқотни қайта тиклаш уринишлари амалдаги тузум ўзгармагунча самарали бўлмайди.


“Ислом Каримов сиёсий майдонда қолар экан, вазиятни ўзгартириш йўлида кўп нарсага эришиб бўлмайди. Биз унинг якка-ю ягона ва мутлақ раҳбар эканини, маслаҳатчилари ёки вазирларига умуман қулоқ солмаслигини биламиз. Шунинг учун биз жазо чоралари бевосита унга қарши қаратилиши кераклигини маслаҳат қилиб келамиз”, - дейди А.Делетроз.

Хуллас, ЕИнинг Ўзбекистонга санкцияларни бир оз юмшатган ҳолда ўз кучида қолдириш қарори юзасидан билдирилаётган фикрлар турфа хил. Аммо тузилма расмийлари бу қарорни ҳозирги вазиятга мос ҳисобламоқда.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел тузилма қарори Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга бир қадар яхшиланиш олиб келишига ишонишини билдирди.

“Ўзбекистон билан тафовутларимиз ҳақида жуда яхши биламиз. Аммо вазиятни яхшилаш учун ҳар қандай имкониятни синаб кўришимиз керак”, - дейди Пьер Морел.
XS
SM
MD
LG