Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

Кондолиза Райс ташаббуслари Ўзбекистон ҳукуматини хавотирга солди


Ўтган ҳафтада давлат котиби Кондолиза Райс АҚШ ҳукуматининг дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳамда демократияни қўллаб-қувватлаш бўйича янги уч ташаббусини эълон қилган эди.

Биринчи ташаббус - дунё ҳукуматларининг нодавлат ташкилотларга муносабатини баҳолаш. Бу “10 нодавлат ташкилот тамойили”, деб номланган махсус дастур асосида ўрганилади.

Иккинчи ташаббус - дунёда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаётган, АҚШга тегишли бўлмаган нодавлат ташкилот ёки ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаётган алоҳида шахслар фаолияти учун “Озодлик ҳимоячиси” мукофотини таъсис этиш.

Учинчи ташаббус - АҚШда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамғармаси ташкил этиш. Жамғарма АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқарилади. Дастлаб 1 миллион доллар бюджет билан иш бошлайдиган жамғарма фавқулодда вазиятга тушиб қолган нодавлат ташкилот ёки алоҳида ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам беришни мақсад қилади.

“Бу жамғарма Давлат департаменти томонидан бошқарилиб, бирор ҳукумат томонидан босим остига олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кичик грантлар ажратади. Бу грант уларнинг юридик ёки тиббий ёрдам олишини ёки оила аъзолари эҳтиёжларини қоплайди”, - деди Кондолиза Райс.

Ўзбекистон ҳукуматига мойил маҳаллий экспертлардан бири К.Райснинг ташаббусларини суверен давлатлар ички ишларига аралашмаслик тамойилларининг қўпол равишда бузилиши, деб баҳолади.

Ўзбекистон расмийларини кўпроқ юқорида тилга олинган жамғарманинг ташкил этилиши ва К.Райс айтиб ўтганидек, дунё мамлакатларидаги алоҳида ҳуқуқ ҳимоячиларининг юридик, тиббий, ўта зарур ҳолатларда молиявий ёрдам билан таъминланиши хавотирга солаётган кўринади.

“АҚШ ҳукуматининг Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамғармасини ташкил этиш ташаббуси АҚШ манфаати бўлган мамлакатлардаги қонуний рўйхатдан ўтмаган “ҳуқуқни ҳимоя қилиш” тузилмаларини қувватлаш учун нақд маблағ ажратиш, ҳуқуқ ҳимоячиларига банк тузилмаларини четлаб ўтган ҳолда шахсий эҳтиёжлари учун нақд пул ажратиш имконини беради”, - деди Ўзбекистон ҳукуматига мойил Минтақавий сиёсат жамғармаси экспертларидан бири.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари эса бундай хавотир мутлақ мантиқсизлигини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева “Озодлик” билан суҳбатда унинг ташкилоти рўйхатга олинмагани ва ўзбекистонлик экспертлар айнан мана шундай ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмаларни назарда тутаётгани ҳақида гапирди.

“Бу даъво мутлақо мантиқсиз. Бизнинг ташкилотимиз рўйхатдан ўтмаган ва асосан, “Озод деҳқонлар” партияси молиявий кўмаги билан ишламоқда. Бизнинг молиявий аҳволимиз эса жуда оғир. Ташкилотимизнинг айрим аъзолари учун ҳатто йўл пули ҳам муаммо. Биз, асосан, ўз ташаббусимиз билан ўзбек халқи манфаати, мамлакат ривожи учун курашамиз. Халқаро жамоатчилик ва чет эл дипломатик корпусларининг қувватлови биз учун жуда муҳим. Акс ҳолда бизнинг фаолиятимизга аллақачон барҳам берилган бўлар эди”, - деди Елена Урлаева.

Альянсга яқинда қўшилган Иброҳим Элҳошимий эса аввалига мухолиф кучлар сафида бўлгани, аммо кейинги йиллар давомида кучайган тазйиқлар туфайли ҳуқуқ ҳимояси соҳасига ўтганини билдирди.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳаси Ўзбекистоннинг ички иши эмас. Булар мамлакатнинг ички иши, деган баҳонада халқни қулликда сақлаш сиёсатини олиб бормоқда. Ўзимизда маҳаллла бор, оқсоқоллар, президентимиз бор, юксак маданиятимиз бор, унақамиз-бунақамиз, деб халқни қулликка олиб бориш мақсад! Агар дунё аралашмаса, Пол Пот даражасига олиб боришади. Дунё аҳли қараб турмаслиги керак, аралишиши керак бу вазиятда”, - деди И.Элҳошимий.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев ҳам айни фикрларни тасдиқлар экан, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг мана шундай оғир молиявий ва ҳуқуқий шароити боис, 2001 йилдаёқ уларни ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан ҳимоя қилувчи халқаро жамғарма ташкил этиш ташаббуси билан чиққанини эслади.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг тўрт аъзоси 2001 йилда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирокидаги йиғинда шу таклиф билан чиққанмиз. Тинимсиз тазйиқ, қамоққа олишлар туфайли ҳуқуқ ҳимоячиларнинг молиявий аҳволи жуда оғирлашиб кетди. Айримлари вафот этган, ҳукумат томонидан мутлақо четга суриб ташлангани учун уларнинг оиласи қийин аҳволда қолди. Масалан, Шоҳрух Рўзимуродовнинг вафотидан сўнг биз шу қарорга келган ва халқаро миқёсда ҳуқуқ ҳимоячиларини молиявий қувватлаб турадиган бир жамғарма ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эдик. Афсуски, ўша вақтда ташаббусимиз жавобсиз қолган эди. Биз АҚШ ҳукуматининг дунёда инсон ҳуқуқлари ва демократик кучларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма ташкил этиш ташаббусини қувватлаймиз”, - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG