Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:44

Давлат қонунлари ишламаса, “қонундаги ўғрилар”нинг қонуни ишга тушади


Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси собиқ раҳбари генерал-майор Ражаб Қодиров шу кунларда қидирувда экани айтиляпти.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг билдиришича, Р.Қодиров билан бирга Жаслиқ қамоқхонасининг собиқ раҳбари Алиайдар Қулумбетовга нисбатан ҳам Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан жиноят иши қўзғатилган. Улар мамлакатдан қочиб кетган ва айни пайтда қидирувда.

Ҳар икки мулозим Ўзбекистонда қамоқхоналардаги қийноқлар бўйича мутахассис, хусусан, мислсиз қийноқлари билан танилган Жаслиқ қамоқхонасининг меъморлари сифатида эътироф этилади. Баъзи манбалар Р.Қодиров Украинада, А.Қулумбетов эса Қозоғистонда яшириниб юрганини хабар қилмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов бу хабарни ҳар икки мулозим қўлида қийноққа учраган маҳбуслардан олганини айтади.

“Бекобод шаҳрида жойлашган 21-колониядан олдик бу хабарни. У ерда, асосан, собиқ раҳбарлар, юқори лавозимли ҳарбийлар, судялар, прокурорлар жазо ўтайди. Шу боис, мен бу хабарни ишонарли ҳисоблайман”, - деди С.Икромов.

Бош прокуратура ва МХХ “Озодлик” мухбирига бу хабарларга оид ҳеч бир маълумот йўқлигини билдиряпти.

Ўзбекистон қамоқхоналари тизимида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаган ҳар икки амалдорни кўрган ва қийноқларидан ўтган ўзбекистонлик собиқ маҳбус, ёзувчи Сафар Бекжон Р.Қодировни жуда шафқатсиз инсон сифатида билади.

“Р.Қодиров менга нисбатан тергов олиб борган ва шахсан бир неча бор сўроқ қилган. У жуда шавфқатсиз, аммо Каримовга фанат даражасида содиқ одам эди. Шу боис, унинг қочиб кетганига ишонмайман. У ҳибсда бўлса керак. А.Қулумбетов билан эса зонада кўришганман. У мени кўп бор жуда қаттиқ қийноққа солган, аёвсиз калтаклаган. Аммо у доим: “Сизларни қанчалик қийнаган бўлсам, вақти келиб Каримов ҳам мени шундай қийнайди. Мен эса аҳмоқмасман, мол-мулкимни Қозоғистонда йиғаман ва вақти келса кетаман”, - дерди. У Қозоғистонга қочган бўлиши мумкин”, - деди С.Бекжон.

С.Бекжон Р.Қодиров ва А.Қулумбетов бошчилигида Устюрт чўлларидаги Жаслиқ посёлкасида қурилган яширин 71-зона борлигини ҳам тилга олди.

“У ерни “ломка” дейишади. Маҳбусларни руҳан ва жисмонан синдириш, йўқ қилиш жойи. У ерда психотроп воситалар билан тарбия қилинган махсус қийновчилар бор. Бу қийноқлар баъзан тасвирга олинади ва раҳбарларга кўрсатилади. Мени қийноққа солишганда ҳам видеога олишган ва: “Сизни қай аҳволга солганимиз билан раҳбарлар қизиқяпти”,- дейишган эди”, - дея эслайди С.Бекжон.

Р.Қодиров ва А.Қулумбетов устидан жиноят иши очилгани ва улар қидировда экани ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ. Аммо норасмий манбаларнинг маълум қилишича, қамоқхоналардаги маҳбусларни ўлдириш, уларга ўта шафқатсиз зулм ўтказгани туфайли уларнинг ҳар иккиси “қонундаги ўғрилар” томонидан ўлимга ҳукм қилинган.
XS
SM
MD
LG