Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Россия МОда ҳарбий иштирокини янада кучайтирмоқда


МДҲ мамлакатларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими доирасида бир нечта бирлашган минтақавий тузилма ташкил этилади ва улардан бирининг бош қароргоҳи Тошкентда очилиши мумкин.

Россия Ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони ўринбосари Айтеч Бижевнинг “Интерфакс” ахборот агентлигига айтишича, ҳозирча Ҳамдўстлик давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тузилмаси доирасида учта минтақавий тузилма лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Улардан бири Россия ва Беларус ўртасида тузилади ва тез орада икки давлат ҳукумат раҳбарлари даражасида келишув имзоланиши кутилмоқда. Яна бир минтақавий коалицион ҳарбий тузилма эса Кавказ ҳудудида ташкил этилади. Унинг таркибига Россия, Арманистон ва МДҲ мамлакатлари ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда мудофаа тузилмалари киради.

Учинчи минтақавий тузилма эса Марказий Осиё давлатлари орасида тузилади ва бу тузилма бош штаби эҳтимол Тошкентда очилиши мумкин.

“Истиқболда бу тузилма бошқарув пунктини, афтидан Тошкентда очсак керак. Бироқ ҳозир Ўзбекистон ва Қозоғистон бунга бирдай тайёргарлик кўрмоқда. Шу боис, қайси давлатни танлаймиз – ҳали бир қарорга келингани йўқ”, - деди Айтеч Бижев.

Аслида сўнгги йиллар давомида Ҳамдўстлик доирасидаги турли йиғинларда собиқ иттифоқдан қолган ҳаво ҳужумидан марказлашган мудофаа тизимини сақлаш ва имкон қадар уни қайта тиклаш масаласи бот-бот кўтарилаётганди.

Ҳарбий экспертлар бу тузилмаларни собиқ иттифоқ давридаги каби тиклаш имкони борлигига шубҳа қилмоқда.

Жумладан, россиялик ҳарбий эксперт Павел Фелгенгауэр фикрича, эндиликда уни аввалгидай марказлашган тарзда бўлмаса-да, минтақавий тарзда тиклашга қарор қилинди ва биринчи навбатда, бу Россия ва Беларус ўртасида тузилади.

“МДҲнинг Ғарб билан туташган ҳудудидаги Беларус аслида шу вақтга қадар ҳам бутун Ғарбий Европа бўйлаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ахборотларини Россияга етказиб берар эди. Шу боис, НАТО фаоллашган бир вақтда Россия ва Беларус ўртасида ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича ягона минтақавий тузилманинг ташкил этилиши тушунарли”, - дейди П.Фелгенгауэр.

Унинг таъкидлашича, бундай тузилманинг Кавказ минтақаси давлатлари ўртасида тузилиши ҳам Россия учун муҳим. Аммо соф ҳарбий вазият нуқтаи назаридан олинса, Марказий Осиё давлатлари учун бундай тузилмага эҳтиёж йўқ.

“Афтидан Марказий Осиё бўйича минтақавий тузилма кўпроқ қоғозда мавжуд бўлади ва шу орқали айни ҳудудда радиолокацион назоратни тиклашга ҳаракат қилинади. Аммо бу минтақада собиқ иттифоқ давридан қолган қудратли радиолокацион назорат ва умуман ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини тиклашнинг энди имкони бўлмаса керак. Бу жуда катта маблағ талаб қилади”, - дейди россиялик эксперт.

Аксар ҳарбий экспертлар Ҳамдўстлик давлатлари бўйлаб ҳаво ҳужумидан бирлашган мудофаа тизимини тиклашга уриниш ва шу мақсадда, ҳеч бўлмаганда, минтақавий мудофаа тузилмаларини яратиш ҳаракатлари кўпроқ сиёсий зарурат туфайли туғилаётганини айтмоқда.

Бу фикрни қозоғистонлик эксперт Азимбой Ғали ҳам қувватлайди. Кейинги пайтда энергетик захиралар масаласига тобора сиёсий тус берилаётгани Ғарбни хавотирга солиб қўйди ва бу, ўз навбатида, НАТОнинг янада фаоллашишига туртки бўлаётганани айтади эксперт.

“Айни вақтда Грузия, Озарбойжон, Украина каби давлатлар ҳам НАТО билан ҳамкорлик масалаларини жиддий ўйлаб кўрмоқда. НАТОнинг айни ҳудудларда фаоллашувига яна бир сабаб кейинги вақтларда Россиянинг ҳарбий амбициялари кучайиб бораётгани ҳамдир”, - дейди Азимбой Ғали.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими жуда эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шу кунга қадар уни янгилаш ва бунинг учун маблағ топиш муаммо бўлиб турган ва буни янгилаш бўйича Россия ва НАТО таклиф билдирган эди.

“Афтидан ҳозирга келиб Россия мана шу тузилмалардан фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва балки буткул янгилашга қарор қилган кўринади. Расмий Тошкент бунга рози. Қозоғистон эса НАТО таклифини жиддий ўйлаб кўраётган эди. Балки Қозоғистон ҳам бир қарорга келгандир, аммо бу ҳақда ҳали расман билдирилгани йўқ”, - дейди қозоғистонлик эксперт.
XS
SM
MD
LG