Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

“Газпром” семиришда давом этяпти


Сўнгги йиллар давомида Россиядаги энг йирик активларни бирин-кетин назоратига ўтказаётган “Газпром” компанияси аста-секин Марказий Осиёнинг бой газ захираларини ҳам ўз қўлига олмоқда.

Ўтган йили “Газпром” нефть корчалони Роман Абрамовичга қарашли энг йирик “Сибнефть” компаниясини сотиб олди. Яқинда эса у Нидерландиянинг “Shell” компаниясини “Сахалин–2” лойиҳасининг бир қисмини ўзига сотишга мажбур қилди.

“Shell” ва Япониянинг “Mitsui” компаниялари бу лойиҳага кўп миллиард долларлик сармоя ётқизганди ва унинг бир қисмини энди шунчаки сотишдан манфаатдор эмас эди. Лекин “Газпром”нинг қудратли ҳомийлари уларни ўз акцияларининг бир қисмини газ монополиячиси билан бўлишишга мажбур қилди.

Аммо Кремль бу билан чекланмайдиган кўринади. Айни пайтда ҳукумат “Газпром”ни мамлакатнинг миллий кўмир қазиб чиқарувчи ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи компаниясига айлантирмоқчи.

Яқинда “Газпром” Сибирнинг асосий кўмир таъминотчиси ва энергетика компанияси билан бирлашиш ниятида экани ҳақида эълон қилди. Бундай бирлашув монополияларга қарши кураш федерал идораси томонидан тасдиқланса, умумий қиймати 12 миллиард долларга тенг йирик холдинг пайдо бўлади. Табиийки, бу холдинг “Газпром” назорати остида бўлади.

Аввалроқ “Газпром” Россиянинг электр энергияси ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияси - “Мосэнерго”ни сотиб олган эди.

Россия энергетик захираларининг марказлаштирилиши Кремль соҳиби Владимир Путиннинг улар устидан назоратини анча енгиллаштиради.

В.Путин 2008 йилда президент курсисини тарк этса ҳам “Газпром” унинг учун мустаҳкам қароргоҳга айланиши мумкин.

Аммо танқидчилар “Газпром”нинг кўмир саноатини ўз қўлига олиши Россияни Совет Иттифоқи давридаги режалаштириш тизимига, ортга улоқтириб юбориши мумкинлигини айтмоқда.

16 февраль куни Россия иқтисодий тараққиёт ва савдо-сотиқ вазири Герман Греф “Газпром”нинг Сибирь кўмир қазиб чиқариш компанияси билан бирлашиши иқтисодиётдаги рақобат муҳитини ёмонлаштириши борасида огоҳлантирган эди. Шунингдек, Россия “Ягона энергия тизими” акциядорлик жамияти раҳбари Анатолий Чубайс ҳам “Газпром”ни танқид остига олиб, бу компания мамлакатнинг ички захираларини ўзлаштиришга тобора кам эътибор қаратаётганидан хавотир билдирганди.

Таҳлилчиларнинг асосий хавотири шуки, “Газпром” иштаҳаси очилиб, мамлакатнинг электр энергияси етказиб бериш соҳасини ҳам ўз назорати остига олиши мумкин.

“Газпром” назаридан Марказий Осиёнинг бой газ захиралари ҳам четда қолмаётир. У Ўзбекистон ва Туркманистондаги энг асосий газ захираларини қидириб топиш ва ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Бу ширкат Ўзбекистон иқтисодиётига яқин келажакда қарийб бир миллиард доллар миқдорда сармоя ётқизиш мажбуриятини олган.

Ўзбекистон эса “Газпром”га 2007 йилдан бошлаб йилига 9 миллиард куб метр газ етказиб бериш ваъдасини бермоқда.

Шундай қилиб, “Газпром” газ захираларини ўзлаштиришдан тортиб, уларни то Европагача сотиш бўйича мутлақ ягона компанияга айланиб бораётир.
XS
SM
MD
LG