Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Исроилжон Холдоров олти йилга қамалди


“Эрк” демократик партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси Исроилжон Холдоров устидан ўтказилган суд жараёни тугаб, у олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз, ноқонуний диний экстремистик ташкилотга аъзолик ёки уни тузганлик, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатганлик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланган И.Холдоровнинг адвокати, яқинлари ва судда иштирок этган гувоҳлар суд жараёнида унга қўйилган айбловларнинг аксарияти ўз исботини топмаганини таъкидламоқда.

Айни жараённи фақат четдангина кузатишга мажбур бўлган ва суд жараёнига умуман қўйилмаган аксар ўзбекистонлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари И.Холдоров мамлакатда ноҳақ банди қилинган сиёсий маҳбуслардан бири бўлди, деб ҳисобламоқда.

Улар И.Холдоров устидан суд мутлақ ёпиқ ўтгани ва ҳозирги кунга қадар суд жараёни ва мухолифат аъзосига қўйилган айбловлар борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтмоқда.

“И.Холдоров 2004 йилдан партиямизнинг Андижон бўлимига раҳбарлик қила бошлаган. Шундан буён у Ўзбекистон қонунларида белгиланган тартибда мухолифатчилик фаолияти билан шуғулланаётган эди. Ана шу қонуний фаолияти учун жиноятчига чиқарилди. У Ўзбекистонда ноҳақ қамалган минглаб сиёсий маҳбуслардан бири бўлди”, - деди “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари ҳам бу суд ҳукмини қораламоқда. Хусусан, жамият раиси Васила Иноятова “Озодлик” билан суҳбатда И.Холдоровнинг 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мамлакатда эркин фикрловчи ва мухолифатга аъзо шахсларга нисбатан юзлаб ноқонуний судловлардан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Бизнинг бу борада Ўзбекистон Бош прокуратурасига йўллаган мурожаатимизга Андижон прокуратурасидан жавоб келдики, И.Холдоров 2006 йил июнь ойида ўз ихтиёри билан келиб, ўзини вилоят хавфсизлик хизмати қўлига топширган. Ўзини жиноятчи ҳисобламай, ҳуқуқ-тартибот органларига қўлига топширган фуқаро сифатида у қамалмаслиги керак, деган фикрдамиз. Аммо бу суд жараёни ва унга қўйилган айбловларга оид бирор маълумотга эга эмаслигимиз сабабли ҳали якуний хулоса айтишга ожизмиз. Аммо Ўзбекистондаги ҳозирги шароитда буни президент сайлови олдидан махсус хизматлар ўтказаётган профилактик тадбир, деб аташ мумкин”, - деди В.Иноятова.

И.Холдоровнинг фаолияти билан яқиндан таниш бўлган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев суд жараёнини яқиндан кузатишга урингани, аммо бунга муваффақ бўлмаганини билдирди.

“Ўзбекистонда мухолифат вакиллари ва ўзгача фикрловчи шахсларга нисбатан суд жараёнлари ёпиқ ўтишининг ўзиёқ судловнинг одил эканига катта шубҳа уйғотади. Қолаверса, неча йиллардан буён мухолифат вакилларига давом этиб келаётган репрессив сиёсатни кузатар эканмиз, И.Холдоровга нисбатан ҳукм ана шу сиёсатнинг давоми, деб бемалол айтиш мумкин”, - деди А.Эргашев.
XS
SM
MD
LG