Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Хуфёна ўтган судлар қурбонлари ким?


2005 йилги Андижон воқеаларга алоқадорликда айбланиб хуфёна тарзда судланган айрим маҳбусларнинг қаерда экани яқинларига деярли икки йилдан сўнг маълум бўлмоқда.

Муҳайё Ботирова Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилиб, Андижон воқеаларга алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган турмуш ўртоғи ҳатто неча йилга ва нима учун қамалганини билмаслигини маълум қилди.

Бундай вазият инсон ҳуқуқларнинг энг қўпол тарза бузилиши ёки оддийгина айтганда, айби исботланмаган одамларни қатағон қилиш демакдир.


2005 йил 13 май куни Андижондаги ғалаён қонли бостирилгандан сўнг аксари хуфёна судланган қарийб 400 киши озодликдан маҳрум этилган.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшаган 37 ёшли Мирзараим Ботиров машъум 2005 йил май ойида Андижон шаҳрига устачилик қилиш учун келган эди.

Унинг турмуш ўртоғи Муҳайё Ботированинг айтишича, шаҳардаги қонли воқеаларга гувоҳ бўлган Мирзараим қўрқиб қишлоққа қайтиб келган.

Мирзараимнинг Андижондаги исёнга қанчалик дахлдорлиги маълум эмас, аммо Марҳамат тумани милицияси у билан шуғуллана бошлайди.

“Андижон прокуратураси ходимлари уни роппа-роса бир ойдан сўнг олиб кетди. Шу билан эримнинг қаердалигини ҳеч ким айтмади. Хабар ҳам бермади”, – деди Муҳайё Ботирова.

4 бола ва касал қайнонаси билан ёлғиз қолган Муҳайё эрининг аллақачон судланиб, Қарши шаҳридаги УЯ 64/61 қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётганини тасодифан билиб қолди. Ҳамқишлоқларидан бирининг қариндоши ҳам айнан ўша қамоқхонада бўлмаганида Муҳайё эрининг қаердалигини ҳунуз билмаган бўларди.

Мирзараим Ботировнинг неча йилга ва нима айблар билан қамалганини на унинг оила аъзолари ва афтидан на маҳбуснинг ўзи билади.

“Суд ҳукмини беринглар, деб юз марта сўрадим. Беришмаяпти...” – деган у.

Андижон воқеаларга алоқадорликда айбланиб, урф бўлиб қолган террорчилик ёки конституцивий тузумга тажовуз айблари билан эҳтимол узоқ йилга қамалган Мирзараим Ботиров Андижон воқеалардан сўнг хуфёна судланиб, айни пайтда жазо ўтаётган юзлаб маҳбуслардан бири бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ва дунё жамоатчилигига кўргазма тарзида ўтказилган ягона суд жараёнидан ташқари қолган барча судларнинг асосий қисми ёпиқ бўлгани гувоҳларидан бири “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Бергдир.

“2005 йил сентябрдан ноябрга қадар кўргазма тарзида бир марта очиқ суд ўтказилди. Бизнинг кейинги ҳисоб-китобларимизга кўра, 23 та суд жараёни ёпиқ ва махфий тарзда ўтказилди. Бу жараёнларнинг аксари борасида бизга ҳам, судланувчиларнинг яқинларига ҳам ҳеч нарса маълум эмас. Бу инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда поймол этилишидир”, – деди Андреа Берг.

Судларнинг хуфёна ва асосан, Тошкент вилоятидаги туман судларида ўтказилганини расмийлар хавфсизлик чораси сифатида изоҳлаган эди. Аслида Андижон воқеаларига турки бўлган сабаб ҳам акрамийликда айбланиб судга тортилган 23 тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, бино ташқарисида уларнинг юзлаб қариндош уруғи-ю, танишларининг тўпланиб қолгани экани айтилди.

Аммо нима бўлган тақдирда ҳам махфий судлар уюштириш совет тарихининг муайян қатағон даврини эслатадигандек.

Таниқи ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов Андижон воқеаларига алоқадорлиги айтилган шахслар устидан очиқ ва ошкора судлар ўтказилмагани у ердаги ҳукумат иштирокига ишора қилувчи маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олишга қаратилганини айтади.

“Бу ерда қатағонлардан баттарроқ геноцид бўляпти. Айби йўқ одамларга қандайдир айбларни ёпиштириб қамаш, яқинларига ҳеч қандай хабар бермаслик нима учун керак бўлиб қолди? Бу жараёнларнинг сир сақлангани эса, назаримда, ҳукумат Андижонда қон тўкилишига давлат раҳбарлари, армия, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати мулозимлари масъул бўлганини яшириш мақсадини кўзлаган”, - деди С.Икромов.

Андижонда қонли воқеалар бўлиб ўтган 2005 йил 13 май куни узоқлашган сайин Ўзбекистон ҳукуматига бу воқеалар юзасидан халқаро мустақил тергов ўтказиш чақириқлари сўниб бормоқда. Ўша куни Бобур майдонида ўлдирилган одамларнинг сони сир тутилади. Аммо нобуд бўлган юзлаб тинч намойишчилар орасида аёллар ва ёш болалар бўлгани ҳам айтилади.
XS
SM
MD
LG