Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:40

“Чегарасиз мухбирлар” ҳисоботида Умида Ниёзова номи бор


“Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан эълон қилган навбатдаги ҳисоботида аёл журналистларга нисбатан тазйиқларнинг кучайиб бораётгани айтилади.

Ташкилот таъкидича, аёл журналистлар қотиллик қурбони бўлмоқда, ҳибсга олинмоқда, мунтазам таъқиб ва тазйиқлар остида. Бу вазият, айниқса, Россия, Марказий Осиё, Ироқ ва Эронда жуда хавотирлидир.

“Чегарасиз мухбирлар” хулосасига кўра, аёл журналистларга нисбатан зўравонлик сўнгги икки йил давомида кучайгани кузатилмоқда. 2006 йилнинг ўзида 82 журналист қотиллик қурбони бўлган эса, улардан 9 таси аёл журналистдир.

Ташкилот матбуот вакили Франсуа Жуллиард кейинги вақтларда аёл журналистлар кўпроқ хавф-хатар қаршисида қолаётгани кузатилаётгани ҳақида тўхталди.

“Аёл журналистлар касбий фаолияти давомида ўз ҳаётини хавф остида қолдириб, борган сари энг хатарли масалалар ва нуқталарда фаоллашмоқда. Аёллар олиб борган журналистик суриштирувлар кўпроқ шов-шувлар ва алоҳида шахсларнинг ғазабига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда”, - деди Ф.Жуллиард.

Ташкилот ўтган йили касбий фаолияти учун ўлдириб кетилгани тахмин қилинган аёл журналистлар номини келтирган. Биринчилар сафида эса россиялик таниқли журналист Анна Политковскаянинг номи бор. Шунингдек, ўтган йили сентябрь ойида қамоқхонада қийноқлардан вафот этган “Озод Европа/Озодлик” радиоси туркман хизмати мухбири Ўғилсапар Муродова номи тилга олинган.

“Бу аёл биз - ўз юртдошлари бўлган туркманистонликлар фаровонлиги учун туркман жамиятини бўғиб турган қўрқув, хавф-хатарни енгиб ўтди. У инсон ҳуқуқлари ҳимояси, журналистикага қадам босиб кирганда бунинг қанчалик хавф эканини яхши англаган”, - дейди Хелсинкидаги Туркман инсон ҳуқуқлари фаоллари жамғармаси раҳбари Тожигул Бегмедова.

“Чегарасиз мухбирлар” ҳисоботида ўтган йил давомида Ироқда ҳам кўплаб аёл журналистлар гаровга олинган, ўлдирилган ҳолатлар қайд этилади. Жумладан, “Ал-Арабия” телевидениеси журналисти Асвар Баҳжат ўлдирилди. “Сумария” телевидениеси мухбири Рим Зейд эса ҳануз бедарак.

“Чегарасиз мухбирлар” Ўзбекистонга алоҳида тўхталган ва мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниёзова номини тилга олган.

Вазият хавотирли тус олган яна бир давлат эса Эрондир. Ташкилотнинг Эрон бўйича тадқиқотчиси Ризо Моҳиний: “2006 йил давомида Эронда бир неча аёл журналист судга тортилди, таъқиб остига олинди ва қамоққа солинди. Ўтган йил 4 мартда бўлган йирик намойиш чоғида 34 аёл ҳибсга олинган эди. Уларнинг 20 дан ортиғи он-лайн тизимида ишловчи журналист”, - дейди “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти вакили Ризо Моҳиний.

Ташкилот Эронда он-лайн тизимида ишловчи журналистлар сафи кенгайиб бораётгани ва бу соҳа фаоллари мамлакатда матбуот эркинилиги, инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳаларига катта ҳисса қўшаётганини эътироф этмоқда.

“Эрон каби айрим мамлакатларда Интернетдан фойдаланувчилар сони кескин ортмоқда. Чунки бу мамлакат фуқаролари, журналистлари эркин фикрини ифода қилишнинг бошқа имконига эга эмас. Кўпгина аёл журналистлар Эронда ўз блоггерларига эга ”, - дейди “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти матбуот вакили Франсуа Жуллиард.

Ташкилот нодавлат, ноҳукумат ташкилотларга раҳбарлик қилган жасур журналист аёллар номларини тилга олади. Туркманистондан Тожигул Бегмедова, Қозоғистонда Розлана Таукина, Беларусдан Жанна Литвина бошқарган журналистларни қўллаб-қувватловчи ноҳукумат ташкилотлар фаолияти таҳсинга лойиқлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG