Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Кимга ишониш керак?


Расмий Тошкент 5 март куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Соқолди чегара постида содир бўлган можарога қирғиз чегарачиларининг таъмагирлари сабаб бўлганини маълум қилди.

5 март куни Ўзбекистоннинг Андижон ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти туташган Соқолди чегара постида содир бўлган можаро чоғида Қирғизистон чегарачилари ўзбекистонлик бир фуқарога қарата ўқ узгани, оқибатда жанжал чиқиб, ўзбекистонлик бир неча ўн фуқаро қирғиз аскарларини тошбўрон қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси расмийси “Интерфакс” ахборот агентлигига берган маълумотида бу низога айнан қирғиз аскарларининг таъмагирлиги сабаб бўлганини билдирган.

“Ўтиш пунктида тўпланиб қолган одамлар чегарачиларнинг бебошлигидан жунбушга келган ва ўзбекистонликни озод қилишни талаб эта бошлаган. Келиб чиққан жанжал давомида қирғиз чегарачиси автоматнинг қўндоғи билан бир ўзбекистонлик фуқаронинг бошига урган. Кейин эса чегарачилар одамларнинг оёқлари остига қарата автоматдан ўқ узган. Чекина бошлаган одамлар чегарачиларга тош улоқтирган”, - дейди Ўзбекистон чегара хизмати расмийси.

Хуллас, Ўзбекистон томони Соқолдидани можарода тўлиқ қирғиз чегарачиларини айбламоқда.

Ўша куниёқ ҳодиса юзасидан баёнот берган Қирғизистон томони эса бунда тўлиқ ўзбек чегарачиларини айблаган эди. Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Шамоллисой чегара бўлими командири Асилбек Ўралиев сўзларига кўра, можарога иккита ноқонуний ҳаракат сабаб бўлган ва бунинг иккиси ҳам Ўзбекистон чегарачилари томонидан қилинган.

“Ўзбекистон чегарачилари бизнинг чегара постимиздан 15 метр нарида жойлашган. Улар, биринчидан, ҳужжатсиз одамларни бизнинг ҳудудга ўтказиб юборган. Уларни ўтказмаймиз, деганимизда улар чегарачиларимиз билан жанжаллашиб кетди. Барибир ортга қайтарганимиздан сўнг эса бир тўда оломон келиб, бизнинг постда тўполон кўтарди. Чегарачиларимиз ҳавога ўқ узишга мажбур бўлди”, - деган эди Асилбек Ўралиев.

Соқолдида низолар илгари ҳам низолар кўп кузатилган. Ўша ҳолатларда ҳам чегарачилар фуқароларни калтаклаган ёки одамларга қарата ўқ узган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятни кузатиб борувчи “Яхшилик” нодавлат ташкилоти раҳбари Сойибжон Ҳакимов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда аслида 5 март кунги можаро келиб чиқишининг бош сабаби чегара постининг қонуний талабларга жавоб бермаслигида эканини айтди.

“Аслида бу можарода ҳар икки томон айбдор. Соқолди чегара постидан мунтазам равишда контрабанда товарларини олиб ўтадиган Собир исмли савдогар билан қирғиз чегарачилари ўртасида келишмовчилик бўлиб, жанжал чиқиб кетган. Бу чегара постида биринчи бўлиб чегарачилар қонунни бузади ва бу доим ўтувчилар ҳамда чегараолди ҳудудида яшовчи аҳолининг норозилигига сабаб бўлади”, - деди С.Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG