Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Умидлар оқланмади


Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзова иши бўйича тергов тугагани ҳақидаги хабарга ўз муносабатини билдирмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берг У.Ниёзова вазиятини кузатиб келаётгани ва бугун унга нисбатан тергов тугатилганига оид маълумот олганини айтар экан, ҳали айблов хулосасини кўрмаганини таъкидлади.

“Бугун эшитишимча, Умида Ниёзовага нисбатан тергов якунланган ва у уч модда билан айбланган. Дастлаб эълон қилинган чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва контрабанда айбловларига энди 244-1-прим моддаси бўйича чет эл молиявий ёрдами билан жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганлик айби қўшилган. Лекин биз ҳали айблов хулосасини кўрганимиз йўқ ва агар иш судга оширилган бўлса, у ҳолда 2 ёки 3 ҳафта ўтиб, Тошкент шаҳри судида бу ишни кўриш бошланиши мумкин”, - деди Андреа Берг.

У.Ниëзова ҳибсга олингандан буён кўплаб халқаро ташкилотлар ва Европанинг бир неча давлати ҳукуматлари ҳуқуқ ҳимоячисини иш судга ошмасдан озод этишга чақирган эди. Сўнгги бор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмий Тошкентга шу мазмунда мурожаат йўллаган.

Ташкилотнинг матбуот эркинлиги масалалари бўйича махсус вакили Миклош Ҳаратци “Озодлик” билан суҳбатда У.Ниёзова иши судга қадар бормаслигига умид билдирган эди.

“Биз Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги элчиси орқали Тошкент ҳукумати билан У.Ниëзова масаласида кўпдан алоқадамиз ва бу ишга оид барча маълумотни сўраб келдик. У.Ниëзова иши судгача бормай, тўхтатилишига ҳалиям умид қилмоқдамиз”, - деган эди М.Ҳаратци.

Аммо афтидан иш судга қадар етган кўринади. Ҳозирча расмий Тошкент бу борада бирор маълумот бермаган бўлса-да, У.Ниёзова ишини кузатаётган ва унинг ҳимояси билан шуғулланаётган манбалар шундай хабар бермоқда.

Франциядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси раҳбари Надежда Отаева Ўзбекистон ҳукумати охир-оқибат ўз билганича иш тутгани ва халқаро жамоатчилик чақириқларини мутлақо эътиборсиз қолдирганини айтади.

“Расмий Тошкент яна бир карра инсон ҳуқуқлари тамойиллари, демократия масалалари каби умуминсоний қадриятларига мутлақо беписанд эканини ошкор намойиш қилди. Чунки У.Ниёзова масаласининг расмий Тошкент томонидан мамлакатнинг ички иши сифатида тақдим қилиниши, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзига ишончсизлиги, иккинчи навбатда, эса Европа Иттифоқи ҳамда бошқа халқаро нуфузли ташкилотлар фикрига ҳурматсизлигидир. У,Ниёзова масаласи Каримов режими билан ҳар қандай мулоқот мутлақо бефойда эканини яна бир карра тасдиқлади”, - деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG