Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:53

Халқаро ташкилотлар Г.Тўраева қамалганини қораламоқда


Ўзбекистон ва дунёдаги кўпгина инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, врач Гулбаҳор Тўраеванинг 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қораламоқда.

24 апрель куни Андижон вилояти жиноят ишлари судида Г.Тўраева устидан деярли ёпиқ суд ўтказилган бўлиб, у конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат тартибига таҳдид солувчи адабиётлар тарқатиш ва туҳматчиликда айбдор топилган эди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва Г.Тўраеванинг ўзбекистондаги ҳамкасблари у ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти, хусусан, Андижон воқеаси қурбонлари сони ҳақида илк бор ташқи дунёга хабар бергани учун жазога тортилди, деб ҳисобламоқда.

Г.Тўраева билан Андижонда ёнма-ён ишлаган, ҳозир эса Ўзбекистонни тарк этган ва қочқинликка маҳкум бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Акбаржон Орипов: “Андижон воқеаларидан икки йил ўтиб, Г.Тўраеванинг қамоққа олиниши унинг фаолияти билан боғлиқ. У Андижонда 13 май куни ўлдирилганлар ҳақида дунёга биринчи хабар тарқатган ва кейин ҳам мамлакат ичкарисида қолиб фаолиятини давом эттирган ҳуқуқ ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам у қамоққа ташланди”, - деди.

Г.Тўраева устидан ўтган суд жараёнини кузатишга ҳаракат қилган, аммо бунга эриша олмаган ҳуқуқ ҳимоячиси, “Мазлум” ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов аслида бу аёлга конституциявий тузумга тажовуз айбини қўйиш мутлақо мантиқсиз қарор эканини айтади.

“Қўлида янги туғилган чақалоғи билан бу аёл қандай қилиб конституциявий тузумга тажовуз қилиши мумкин? Бу тузум қанақа тузумки, битта ожиза аёл таҳдиди билан чил-чил бўлса?! Унинг ёнидан топилган китоблар тузумга тажовуз эканини ким исботлади? Гулбаҳор Тўраева, Умида Ниёзова ва Мўътабар Тожибоева Ўзбекистондаги репрессив сиёсий тузумнинг қурбонларидир”, - деди А.Турғунов.

Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро жамоатчилик чақириқлари ва талабларига зид равишда Г.Тўраева, шунингдек, Умида Ниёзова каби ёш гўдаги бор аёлларни ҳибс қилишгача бориши унинг тобора ўз хатолари исканжасида қолаётганидан дарак, деб ҳисобламоқда ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозир хориждан бошпана топган Толиб Ёқубов.

“Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари гувоҳлари ва бу воқеаларга оид ҳар қандай асл ахборотнинг ташқи оламга чиқишидан қаттиқ қўрқади. Бу ҳукумат талвасага тушиб қолган ва шунинг учун унинг гувоҳларини бугун ҳам қамаяпти. Оптимист одам сифатида айтишим мумкин, бундай талвасаси билан бу ҳукумат узоққа бормаса керак”, - деди Т.Ёқубов.

“Амнисти интернейшнл” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Мэйзи Вейчердинг Г.Тўраеванинг 6 йилга қамалганини кескин қоралади.

“Ташкилотимиз Г.Тўраеванинг олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан чуқур хавотир билдиради. Чунки унга қўйилган айблов сиёсий мотивга экани эҳтимоли катта. Унинг жазога тортилиши инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти ва Андижон воқеаларида ўзи кўрган қурбонлар сони ҳақида ахборот бергани билан боғлиқ, деган хавотирдамиз”, - деди Мэйзи Вейчердинг.

Халқаро Хелсинки федерацияси раҳбари Аарон Родес ҳозирча Г.Тўраева устидан суд жараёни ва ҳукмга оид тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, аммо бу ҳукм ҳам шу вақтга қадар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари, хусусан, Андижон воқеалари гувоҳларига нисбатан бораётган репрессив сиёсатнинг маҳсули эканини таъкидлади.

“Г.Тўраева Андижон воқеаларининг аниқ фактологик манзарасини тиклашга урингани учун жазога тортилган ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир. Ўзбекистон ҳукумати ҳануз Андижонга оид ҳар қандай ахборотни шу йўл билан яширишга уринмоқда”, - деди А.Родес.
XS
SM
MD
LG