Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Навбатдаги ҳотамтойми ёки соғин сигир?


Ўзбекистонда энг йирик инвестициявий лойиҳани амалга ошираётган Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси Тошкент шаҳри ҳокимлигига расман молиявий ёрдам кўрсатишга розилик берди.

Улар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандумда “Лукойл” компанияси ҳокимликнинг иқтисодиёт, инсонпарварлик амалиётлари, аҳоли турмуш даражасини кўтариш ва шаҳарни ижтимоий ривожлантириш лойиҳаларига ёрдам бериш мажбуриятини олган.

Эҳтимол бу “Лукойл”нинг пиар акцияси ёки беғараз ёрдамларини расмийлаштириш орқали маҳаллий идораларга берадиганларини тартибга келтиришни мўлжаллаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо иккала иддаони ҳам компания рад этмоқда.

“Бу ҳужжат моҳиятан Ўзбекистонга келадиган барча сармоядорлар маҳаллий идораларнинг соғин сигири эканини расман тасдиқлаётгандек, - дейди журналист Сергей Ежков. - Ўзбекистонга келадиган ҳар бир йирик компания билиши лозим бўлгани шуки, бу ерда унга соғин сигир сифатига қарашади. Бойвачча амакидан гўёки ижтимоий эҳтиёжлар учун имкони борича кўпроқ олиш “Лукойл” билан келишувнинг асосий моҳиятидир. Пуллар ҳақиқатан ҳам манзилига етиб борадими? Бу бошқа масала”.

“Лукойл”дан олинган энг сўнгги маълумотларга кўра, компания Ўзбекистондаги газ соҳасига ётқизишни режалаштираётган сармоялари миқдори икки миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистон билан ташкил этган “Lukoil overseas Uzbekistan ltd” ширкати энг йирик “Қандим-Ҳовузак-Шоди-Қўнғирот” лойиҳаси устида ишламоқда.

Бугунги кунгача мамлакатга киритилган инвестициялар миқдори юзлаб миллион доллар билан ўлчанмоқда. Маҳаллий идораларга берилган беғараз ёрдамлари миқдори эса ҳеч қаерда расман қайд этилмаган. “Лукойл”нинг Тошкентдаги матбуот котиби Игорь Алексеенко ҳам бу борада кўп маълумот бера олмаслигини айтди.

“Мен бу борада сизга конкрет бир нарса айтишга ҳақли эмасман. Айтишим мумкин бўлгани шуки, шаҳарни ободонлаштириш бўйича конкрет лойиҳаларни молиялаштирамиз. Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум Ўзбекистондаги шаҳар маъмуриятлари билан имзолаган биринчи ҳужжатдир. Бунга ўхшаш ҳужжатлар Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари маъмурияти билан ҳам имзоланади”, - деди И.Алексеенко.

Унинг сўзларига кўра, компания маҳаллий идораларга ЎЗ ИХТИЁРИ билан кўмак кўрсатмоқда. Айни дамда “Лукойл” Тошкентда илк бор ўтказилаётган халқаро опера фестивалига бош ҳомийлик ҳам қилаётир.

“Ҳомий бўлганимиз сабабли тошкентлик томошабинлар Италиядан Анна Карнавалле операсини, Токио шаҳри балетини томоша қилади. Россиядан кўплаб опера юлдузлари ҳам келди”, - деди И.Алексеенко.

Ўзбекистонликлар Тошкентда халқаро опера фестивали уюштирилишини интизорлик билан кутиб турган, деб бўлмайди. Текин томошага эса ҳеч ким қаршилик қилмайди. “Лукойл” текин томошаларга аввал ҳам ҳомийлик қилган, кейин ҳам ҳомийлик қилиб қолиши турган гап. Аммо бугунги кунда Ўзбекистондан ҳали бир тийин даромад кўрмаган “Лукойл” учун бу нимага керак, деган савол туғилиши табиий ва Тошкент шаҳри ҳокимлигидагилар бунинг жавобини билади.

“Россия билан ҳамкорлик яхши-ку”, - дейди ҳокимлик матбуот вакили Хуршид Муҳаммедов.

Ўзбекистоннинг стратегик сармоядорларига айланган Россия Хитой, Малайзия ва Жанубий Кореянинг етакчи нефть ва газ компаниялари мамлакат иқтисодиётига мисли кўрилмаган сармояларни олиб кираётган бўлиши мумкин. Уларнинг Ўзбекистонга киритган миллиардлари бир муддатдан кейин даромад сифатида орқага қараб оқа бошлайди. Кўрсатилаётган ёрдамлар беғараз бўлиб туюлади, холос.
XS
SM
MD
LG