Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Ўзбекистон журналистлари раҳбари “Фридом ҳаус”ни танқид қилди


Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов “Фридом ҳаус” ташкилотининг Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳақидаги ҳисоботи “асоссиз ва бирёқлама” эканини таъкидлади.

Ш.Ғуломовнинг Россиядаги айрим ахборот агентликлари томонидан эълон қилинган интервьюсида, жумладан, бундай дейилади:

“Бу ташкилот аъзолари мамлакатда оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш бўйича бораётган катта-катта ишлардан бехабар ва мамлакат ОАВ ҳақидаги маълумотлар халқаро майдонда Ўзбекистон обрўсини туширишни истаган бузғунчи кучлардан олинган. Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ташкилот ҳисоботида Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги билан боғлиқ аҳволнинг тобора ёмонлашишда давом этаётганига оид хулосани асоссиз ва бирёқлама, деб ҳисоблайди”.

Ўз фикрига далил сифатида Ш.Ғуломов мамлакатда мингга яқин босма нашр, телерадиостудиялар ва ахборот агентликлари ишлаётгани, электрон ахборот сайтлари сони ортаётганини мисол қилиб келтирган.

“Фридом ҳаус”нинг дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги бўйича ҳар йили эълон қиладиган “Ёмонларнинг ёмони” номли ҳисоботига ҳафта аввалида ўзбекистонлик сиёсатчилардан бири ҳам кескин эътироз билдириб чиққан эди. Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти ҳам бу ташкилотни бирёқламалик ва нохолисликда айблаганди.

“Фридом ҳаус” вакилларининг ўзи эса матбуот эркинлиги аҳволи бўйича ҳамиша ёмон давлатлар сафидан тушмай келаётган Ўзбекистон расмийларининг бу танқидларини жуда оддий қабул қилмоқда.

“Агар ҳисоботимизга уларнинг бирор эътирози бўлса, марҳамат, бунинг аксини исботлаб берсин. Фикримча, Ўзбекистон ҳукумати ташқи танқидларга қарши танқид билан шуғулланмасдан, муаммоларни ўнглаш йўлидан борса, бу кўпроқ фойда келтирган бўлар эди”, - дейди ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмини тайёрлаган тадқиқотчи Крисс Уолкер.

Ўзбекистонлик журналист Дилмурод Саййид фикрича, ўзбек журналистларини уч тоифага ажратиш мумкин.

“Биринчи тоифа - ҳукуматпараст журналистлар. Иккинчи тоифа - мустақил, эркин сўз тарафдори бўлган журналистлар. Аксариятни ташкил қилувчи учинчи тоифа эса “оч қорним, тинч қулоғим” нақлига амал қилиб, индамай юрган журналистлардир. Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволининг ёмонлашаётганини эса фақат ҳукуматга тақаш тўғри эмас, фикримча. Тўғри, қаттиқ назорат бор. Аммо Ўзбекистонда кўп йиллар давомидаги расман мавжуд бўлган цензура туфайли журналистларда шаклланиб қолган ўз-ўзини цензура қилиш кайфиятининг йўқолмаётгани мамлакат раҳбарларига қўл келмоқда”, - дейди Д.Саййид.
XS
SM
MD
LG